Жаҳон | 11:22 / 04.12.2025
2354
2 дақиқада ўқилади

Макрон Пекинга келди: Украина уруши ва савдо можаролари муҳокама қилинади

Франция президенти Эммануэл Макрон Хитойга тўртинчи давлат ташрифини Пекиндаги Император саройига ташриф билан бошлади. У Пекинда ХХР раиси Си Жинпинг билан Украинадаги уруш ва савдо бўйича келиб чиққан ихтилофларни муҳокама қилади.

Фото: Getty Images

Франция президенти Эммануэл Макрон чоршанба куни, 3 декабрда, Хитойга ўзининг янги, тўртинчи давлат ташрифи билан келди. Пекинга қўнгач, у кўп ўтмай Император саройига ташриф буюрди. 4 декабр куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган бўлиб, улар чоғида Макрон Украинадаги урушни ҳамда Франция ва Хитой ўртасида давом этаётган савдо можаросини муҳокама қилишни мўлжалламоқда.

Елисей саройидан маълум қилинишича, Франция президенти Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича давом этаётган музокаралар фонида Пекинни Москвага босим ўтказишга яна бир бор ишонтиришга уринади. Бундан ташқари, у Си Жинпингни «макроиқтисодий номутаносибликларни қисқартириш устида ишлаш»га чақириш ниятида.

Эммануэл Макронга ташриф чоғида бизнес вакилларидан иборат делегация ҳамроҳлик қилмоқда, улар орасида, жумладан, Airbus, EDF ва Danone концернлари раҳбарлари бор. 4 декабр куни транспорт ва энергетика соҳаларида бир қатор иқтисодий келишувлар имзоланиши режалаштирилган.

Елисей саройи маълумотларига кўра, айрим божларни ошириш бўйича келишмовчиликлар асосан ҳал этилган, аммо қўй гўшти ва сут маҳсулотларини етказиб бериш масалаларида икки мамлакат ўртасида ҳануз айрим ихтилофлар сақланиб қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид