Жаҳон | 15:46 / 04.12.2025
1439
2 дақиқада ўқилади

Россияда Roblox ўйин платформаси блокланди

Роскомнадзор Roblox онлайн ўйин платформасини экстремистик материаллар тарқатишда айблади. Бундан ташқари, Россия идораси платформада вояга етмаганларга нисбатан жинсий тазйиқ хавфи борлигини ҳам маълум қилди.

Фото: Shutterstock

Роскомнадзор (РКН) Roblox онлайн ўйин платформасини блоклади. Қарор болалар орасида машҳур бўлган сервис орқали «экстремистик материаллар» тарқатилаётгани билан изоҳланди, деб хабар берди Россия идораси чоршанба куни, 3 декабрда.

«Бундай ҳаракатлар, жумладан, ўйиннинг “хоналар”и ва локацияларида амалга оширилади, у ерда фойдаланувчилар террористик ҳужум ижрочисига айланиши, мактабга ҳужум қилиши, шунингдек қимор ўйинларида иштирок этиши мумкин», — дейилади Роскомнадзор баёнотида.

Идора, бундан ташқари, «ўйинда болалар жинсий тазйиққа учраётгани, улардан интим суратлар сўраб олинаётгани, фоҳишабозликка ва зўравонликка ундаш кузатилаётгани»ни ҳам даъво қилиб, платформа «педофиллар орасида оммабоп» эканини таъкидлади.

Шу куни россиялик фойдаланувчилар Roblox’га РФ ҳудудида кира олмаётгани ҳақида шикоят қила бошлади. Шикоятларнинг деярли ярми мобил иловадан фойдаланишдаги муаммоларга, учдан бир қисми эса веб-версияга тегишли бўлди.

Roblox’ни блоклаш эҳтимоли ҳақида Роскомнадзор ноябр ойи охирида огоҳлантирган, бунда «болаларнинг маънавий-ахлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган номутаносиб контент»га ишора қилинган эди. РКН вакилларининг айтишича, 2019 йилдан бери платформа раҳбариятига «тақиқланган материалларга киришни чеклашни талаб қилиб, мунтазам тарзда хабарномалар юбориб келган».

«Roblox’ни мониторинг қилиш бир неча бор платформадa пайдо бўлаётган материаллар хавфсизлигини юз фоиз таъминлай олмайдиган ички модерация тизимининг самарасизлигини тасдиқлади», — дейилган хизмат хабарида.

РКН маълумотларига кўра, АҚШда ишлаб чиқилган ушбу онлайн-платформа 2024 йил январ ва июл ойларида идора талаби билан Россия қонунчилигини бузади, деб топилган айрим лойиҳаларни ўчирган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид