Жаҳон | 13:45 / 05.12.2025
1822
5 дақиқада ўқилади

Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади

Украина Кипрнинг Европа Иттифоқи Кенгашига раислик даврида энг юқори даражадаги устувор йўналиш бўлади, деб маълум қилди мамлакат президенти Никос Христодулидис Киевда. Украина келаси ярим йилликда ЕИга аъзо бўлиш бўйича музокаралар бўлимларини очишга умид қилмоқда.

Фото: Dimitra Kyranoudi/DW

Кипр президенти Никос Христодулидис, Кипр Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилган даврда Украина мамлакат учун асосий устувор йўналиш бўлишини тасдиқлади. Бу давр 2026 йил январ ойида бошланади, ўшанда ЕИ Кенгаши раислиги Даниядан Кипрга ўтади. Христодулидис пайшанба куни, 4 декабрда Киевга ташриф буюриб, у ерда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди.

«Европа Украинанинг қатъий томонида турибди. Ва Украина Кипрнинг (ЕИ Кенгашига раислиги даврида — таҳр.) асосий устувор йўналиши бўлади», — деб ёзди Кипр президенти Украина раҳбари билан қўшма матбуот анжуманидан сўнг ижтимоий тармоқларда.

Христодулидис Кипр «ўз тажрибасидан келиб чиқиши ва оккупациянинг вайронкор оқибатларини яхши тушуниши»ни таъкидлади.

«Мен президент Зеленский билан Украинадаги сўнгги воқеаларни ва Украина (ЕИга — таҳр.) аъзо бўлиш музокараларидаги олға силжиш учун йўл харитасини, шунингдек Кипр раислик даврида музокаралар бўлимларини очиш масаласини муҳокама қилдим», — дея қўшимча қилди у.

Матбуот анжуманида Христодулидис Зеленскийни Кипр ҳукумати ва халқи Украинани фақат қўллаб-қувватлабгина қолмай, балки «ЕИга аъзо бўлиш йўлидан ўтиш нима эканини ҳам жуда яхши тушуниши»га ишонтирди.

Украина президенти Зеленский, ўз навбатида, Кипрга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик изҳор қилди. «Бу, жумладан, Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларига таaллуқли. Биз яқин ойлар Украина–ЕИ йўлида янада кўпроқ олға силжиш олиб келади, деб умид қиламиз, Кипр раислиги эса Украина учун ва бошқа зарур қарорлар учун музокара бўлимларини очиш нуқтаи назаридан тарихий бўлиши мумкин», — деди Зеленский, унинг сўзларини президент маъмурияти матбуот хизмати келтирди.

У, шунингдек, Христодулидис ташрифи Кипрнинг ЕИ Кенгашига раислик даври арафасида амалга ошганини муҳим деб атади: «Биз бугунги ташрифни ҳам Украинага берилган қўллаб-қувватлов ишораси, ҳам икки давлатимиз, шунингдек бутун Европа манфаатлари йўлида биргаликда ишлашга тайёрлигимизнинг белгиси сифатида қабул қиламиз».

Украина президенти Россияга нисбатан жорий этилган санкция сиёсатини қўллаб-қувватлаётгани учун Кипрга миннатдорлик билдирди ва ЕИ 20-санкция пакети устида иш олиб бораётганини эслатди.

«Россия нефт танкерлари флоти ва санкцияларни четлаб ўтишнинг рус схемаларига қарши биз ва бутун Европа билан ҳамкорликда янада иш олиб боришга тайёрлиги учун Кипрдан миннатдормиз. Россия активларига нисбатан умумевропа қарорларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам Кипрга умид қиламиз», — деди Зеленский.

Худди шу куни Брюсселда Кипрнинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили, элчи Кристина Рафти DW мухбирига брифинг пайтида Кипр Украинани «барча йўналишлар бўйича» қўллаб-қувватлашга тайёр эканига ишонтирди: молиявий, ҳуманитар, ҳарбий ёрдам, Россияга қарши санкциялар ҳамда дипломатик қўллаб-қувватлаш орқали.

«Иттифоқ сифатида, биз, аввало, Украина позициясини тинчлик музокараларида мустаҳкамлашга ва бу музокараларда Европа Иттифоқи учун ҳам ўрин таъминлашга ҳаракат қиламиз», — деди у, DW'нинг Украинага қўллаб-қувватловнинг келгуси чоралари ва Россияга босим орқали агрессияни тўхтатиш ҳақидаги саволига жавоб берар экан.

«Биз, кипрликлар, Украинага ўзига хос тарзда муносабатдамиз, — деди Рафти. — ЕИга аъзо сифатида қандай хавфлар остонада турганини жуда яхши тушунамиз».

Кипр 2004 йилда махсус шароитларда Европа Иттифоқига аъзо бўлди. Орол 1974 йилда бўлинган эди. 2003 йил 16 апрелда имзоланган Афина шартномаси, ЕИга ўнта янги давлат аъзоларини қўшиш орқали иттифоқни кенгайтиришни расман мустаҳкамлаган ҳужжат фақат Кипрга тааллуқли алоҳида нормани ўз ичига олган.

10-протоколга кўра, ЕИ қонунчилиги Кипр Республикаси самарали назорат ўрнатмаган ҳудудларга — яъни Шимолий Кипр Турк Республикасига татбиқ этилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид