Ўзбекистон | 09:44
375
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри телеком хизматлари ҳажми бўйича етакчилик қилмоқда

2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган телекоммуникация хизматлари ҳажми 20,3 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткичда энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда телеком хизматлари ҳажми 8 541,7 млрд сўмга етган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўн ойида телекоммуникация хизматлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,3 фоизга ошган. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари умумий ҳажмида телекоммуникация хизматларининг улуши 33 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳридан ташқари, Фарғона вилоятида 1 477,2 млрд сўм, Самарқанд вилоятида эса 1 476,5 млрд сўмлик телеком хизматлари кўрсатилган. Шунингдек, Андижон (1 156,2 млрд сўм), Қашқадарё (1 048,9 млрд сўм), Тошкент вилояти (1 087,5 млрд сўм) ва Наманган (1 029,7 млрд сўм) вилоятлари ҳам 1 трлн сўмга яқин ёки ундан ортиқ кўрсаткич қайд этган.

Бухоро вилоятида телеком хизматлари ҳажми 811,6 млрд сўм, Сурхондарёда 823,5 млрд сўм, Қорақалпоғистон Республикасида 762,5 млрд сўм, Хоразм вилоятида 753,9 млрд сўм ва Навоий вилоятида 493,2 млрд сўмни ташкил этган. Жиззах вилоятида бу кўрсаткич 478,6 млрд сўмни, Сирдарё вилоятида эса 374,1 млрд сўмни ташкил қилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, телекоммуникация хизматлари ҳажмининг ўсиши рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш, интернет ва алоқа хизматларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид