Жаҳон | 09:22 / 07.12.2025
6599
3 дақиқада ўқилади

Россия яна Украинага дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди

Киев аҳолиси ҳамон Россия ҳужуми вақтида метрога тушиб, жон сақламоқда.

Alina Smutko / Reuters / Scanpix / LETA

Россия қўшинлари 6 декабрга ўтар кечаси дронлар ва ракеталар билан Украина ҳудудлари бўйлаб ёпирилма зарба йўллади. Киев областида Фастовдаги темирйўл вокзали вайрон бўлган, шунингдек, Вишгород ва Нови Петривци зарбалар остида қолган. Област маъмурияти раҳбари Микола Калашникнинг маълумотига кўра, уч киши жароҳатланган.

Днипрода Россия дронлари ҳужуми оқибатида бир неча бино ёниб кетди, деб ёзган телеграм-каналида Днипропетровск области раҳбари Вячеслав Гайваненко.

Фастовдаги вайрон бўлган вокзал, Киев области. 2025 йил 6 декабр
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Луцкда россиялик ҳарбийлар ҳужумидан кейин озиқ-овқат маҳсулотлари омбори ёниб кетди, деб хабар берди шаҳар мэри Игор Полишчук. Шаҳарнинг бир қисми электр таъминотисиз қолган. Россия зарбалари туфайли Лвив ва Одесса областларида ҳам электр таъминотида узилишлар юзага келган.

Черниҳив областида ва област марказида энергетика инфратузилмалари объектларига ҳужум қилинган.

ДТЭК энергетика компанияси ходими Нови Петривцида Россия зарбаси оқибатида шикастланган электр узатиш линиясини тузатмоқда, Киев области. 2025 йил 6 декабр
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
Нови Петривцида зарба оқибатларини бартараф этаётган қутқарувчилар, Киев области. 2025 йил 6 декабр
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондонлигига кўра, Россия қўшини Украинага жами турли типдаги 51 ракета ва 653 та дрон (жумладан, имитатор дронлар ҳам) учирган.

РФ мудофаа вазирлиги зарбалар «Украина ҳарбий-саноат комплекси корхоналари ҳамда уларнинг фаолиятини таъминловчи энергетика объектлари, шунингдек, Украина қуролли кучлари манфаатлари учун фойдаланиладиган порт инфратузилмалари» бўйлаб йўллангани ҳақида баёнот берган.

Днипропетровск области Слобожанск районида яшовчи киши Россия зарбасидан вайрон бўлган уйида. 2025 йил 6 декабр
Mykola Synelnykov / Reuters / Scanpix / LETA

Украина президенти Володимир Зеленский янги ҳужум ҳақида гапираркан, Россия христианлар учун муҳим байрам вақтида зарба берганига урғу қаратган. «Россияликларнинг мақсади – миллионлаб украинларни ранжитиш, улар шу қадар пастлашдики, Авлиё Микола кунида тинч шаҳарларга ракета учирмоқда», – деб ёзган Зеленский Россияга босимни кучайтиришга чақириб.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид