Ўзбекистон | 22:17 / 08.12.2025
14959
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг йирик юк самолёти Тошкентга қўнди

Украина авиакомпаниясига тегишли Ан-124-100М «Руслан» юк самолёти экипажи Хитойнинг Урумчи аэропортидан парвозни амалга оширди.

Фото: Руслан Муҳиддинов

Тошкент халқаро аэропортига 8 декабр куни энг кам учрайдиган борт - Украинанинг «Antonov Airlines» авиакомпаниясига тегишли юк ташувчи Ан-124-100М «Руслан» юк самолёти қўнди.

Ҳаво кемаларини суратга олиш билан шуғулланувчи «Uzbekistan spotters Team» ҳаваскорлар клуби споттери улкан самолёт фотосуратларини ижтимоий тармоққа жойлади.

Фото: Руслан Муҳиддинов

Экипаж Хитойнинг Урумчи аэропортидан парвозни амалга оширди, самолёт бортига «Be brave like Kharkiv» («Ҳаркив каби жасур бўл») ёзуви туширилган бўлиб, Россия босқинига қарши курашган Ҳаркив шаҳрининг матонати ва жасорати олқишланган.

Ан-124 - Антонов конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган совет транспорт самолёти. У дунёдаги серияли ишлаб чиқилган энг йирик юк самолётидир. «Руслан» узунлиги 69 м, қанотлари узунлиги 73 м, юк кўтариш қуввати 120 тонна, максимал тезлиги 865 км/соат. Самолёт биринчи парвозини 1982 йил 24 декабрда Киевда амалга оширди. Ҳаммаси бўлиб 56 та машина ишлаб чиқилди.

Ан-124 ҳамон катта ўлчамли ва ўта оғир юкларни ташишда етакчи самолёт бўлиб қолмоқда, у 1050 м3 ҳажмли улкан юк кабинасига эга. Унинг ўзига хос хусусияти юкни бир вақтнинг ўзида икки томондан юклаш имконини берувчи трапли бурун ва қуйруқ юк люкларининг мавжудлигидир.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид