Жаҳон | 10:30 / 08.12.2025
1289
3 дақиқада ўқилади

Вадефул Хитойда адолатли рақобат ва савдо тўсиқларини камайтиришга чақирди

Пекинга қилган ташрифи чоғида Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул ГФР ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, Берлин бу ҳамкорликни кенгайтиришни исташини билдирди.

Фото: Soeren Stache/dpa

Германия протекционизмга қарши ва эркин жаҳон савдосини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда ГФР ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул душанба, 8 декабр куни эрталаб Пекинга ташрифи чоғида баёнот бергани ҳақида dpa агентлиги хабар қилди.

«Биз эркин савдо тарафдоримиз. Биз савдодаги тўсиқларни олиб ташлаш тарафдоримиз», — деди Германия дипломатияси раҳбари. Шу билан бирга, у Германия ҳукумати шунга ҳам эътибор қаратиши кераклигини қўшимча қилдики, давлатнинг билвосита аралашуви рақобат курашида мутаносибликнинг бузилишига олиб келмаслиги лозим.

Хитой Халқ Республикаси савдо вазири Ван Вэнтао билан учрашув пайтида Йоханн Вадефул, шунингдек, Хитой Германия учун муҳим савдо ҳамкори эканини ва Берлин бу муносабатларни сақлаб қолиш ҳамда янада кенгайтиришни исташини таъкидлади.

Dpa агентлиги ёзишича, Вадефулнинг Хитой ҳукумати вакиллари билан музокараларидаги марказий мавзу — Пекин томонидан нодир ер металлари савдосида жорий этилган экспорт чекловлари масаласи бўлиши кутилмоқда. Бу чекловлар, жумладан, немис корхоналарига ҳам тааллуқли бўлган қатор ишлаб чиқарувчилар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шунингдек, Хитойнинг Россияга Украинага қарши урушда эҳтимолий қўллаб-қувватлов кўрсатаётгани масаласи ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган. Пекин ҳукумати бу можарода Хитой нейтрал позицияни эгаллайди, деб бир неча бор таъкидлаган.

Кутилишича, Хитойга ташриф доирасида Вадефул Хитой Халқ Республикаси раисининг ўринбосари Хан Чжэн, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, шунингдек, Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин билан ҳам учрашувлар ўтказади. Лю Хайсин Хитой ва Европа ўртасидаги муносабатлар бўйича мутахассис ҳисобланади.

Аввалига Йоханн Вадефул 27–28 октябр кунлари Хитойга ташриф буюришни режалаштирган эди, аммо ташриф арафасида Германия ташқи ишлар вазири бу сафарни бекор қилди, чунки Ван Идан ташқари ҳеч бир юқори мартабали амалдор у билан учрашишга розиликни расман тасдиқламаган эди.

Германия канцлери Фридрих Мерц келгуси йил бошида Хитойга давлат ташрифи билан боришни режалаштирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид