Жаҳон | 09:53
3881
3 дақиқада ўқилади

Politico: АҚШ Украина Россияга бутун Донбассни беришини хоҳламоқда

Америкаликлар Украина Россияга Донбасснинг бутун ҳудудини бериши керак, деб ҳисобламоқда, дея хабар берди Politico онлайн-нашрига исмини ошкор этмасликни сўраган юқори мартабали европалик амалдор. Зеленский эса ҳудудий имтиёзлар берилиши мумкин эмаслигини айтмоқда.

Фото: Zuma / ТАСС

Украина бўйича тинчлик музокаралари битта масала туфайли тўхтаб қолган: Киевни Донбасс ҳудудини тўлиқ тарзда Кремлга беришига қандай мажбурлаш мумкин? Politico душанба, 8 декабр куни юқори лавозимли, аммо исми ошкор этилмаган европалик амалдорга таяниб шундай ёзди.

«Ҳудуд масаласида америкаликларнинг позицияси оддий: Россия Украинани ҳудудлардан воз кечишга мажбур қилишни талаб этмоқда — америкаликлар эса бунга қандай эришиш мумкинлигини ўйламоқда, — дея келтиради нашр суҳбатдошининг сўзларини. — Америкаликлар Украина Донбассни ташлаб кетиши керак, деб турибди… қай тарзда бўлмасин».

Ўз навбатида Киев ҳар қандай тинчлик келишуви жорий фронт чизиғи бўйича ҳарбий ҳаракатларни музлатиб қўйишни ўз ичига олиши кераклигини таъкидлаётгани эслатилади.

Украина президенти Володимир Зеленский журналистлар билан мулоқоти чоғида 8 декабр куни «Украина Россия фойдасига ўз ҳудудларидан воз кечиш учун на ҳуқуқий, на маънавий ҳуқуққа эга эмас», деди. Россия эса, «шубҳасиз, украинлар ҳудудларни бериб қўйишини талаб қилмоқда», дея Украина раҳбарининг сўзларини ўз сайтида келтиради «Укрiнформ» агентлиги.

Шу билан бирга, АҚШ «икки томонни ҳам қониқтирадиган муросали ечим излаш устида иш олиб бормоқда», дея қайд этди Зеленский.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунга келиб РФ Украина ҳудудининг 19,2 фоизини назорат қилмоқда, шу жумладан Қрим, Луханск вилоятининг тўлиқ ҳудуди, Донецк вилоятининг 80 фоизидан кўпроғи, Херсон ва Запорижжя вилоятларининг тахминан 75 фоизи, шунингдек Харкив, Суми, Миколайив ва Днипропетровск вилоятларининг айрим қисмлари.

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 декабр куни Вашингтондаги Кеннеди маркази мукофотини топшириш маросими доирасида журналистлар саволларига жавоб берар экан, Володимир Зеленский шу вақтгача «АҚШнинг сўнгги тинчлик таклифини ҳали ўқиб чиқмаганидан бироз ранжиганини» айтди. Шу билан бирга, Америка раҳбари бу таклифга Россия рози, деб ҳисоблашини маълум қилди, гарчи Москва «бутун мамлакатни қўлга киритишни афзал кўрар эди».

Politico билан суҳбатда музокараларда шаклланган вазиятни изоҳлар экан, юқори мартабали европалик амалдор ҳозир «мухими — АҚШ ўзини қандай тутади: воситачи сифатидами ёки Россия томонини олган тараф сифатидами», дея таъкидлади. Шу билан бирга, у Киев ҳанузгача Вашингтон унга қандай хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр эканини аниқлашни кутаётганини эслатиб ўтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид