Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин «дўст бўлмаган» давлатлардан қўнғироқлар тақиқланишини эълон қилди
Россия ҳукумати «дўст бўлмаган» деб ҳисобланган давлатлардан телефон қўнғироқларини блоклаш тизимини жорий этиш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда, шунингдек, телефон фирибгарлигига қарши кураш бўйича кўрилаётган бошқа чоралар ҳақида Россия президенти Владимир Путин Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари билан учрашувда маълум қилди.
Фото: Alexander Kazakov/Kremlin/ZUMA Press/IMAGO
Путин видеоконференция шаклида чиқиш қилар экан, кенгашда аввалроқ таклиф этилган «телефон ва интернет фирибгарлигига қарши кураш доирасидаги аниқ чоралар» қаторига «жиноий мақсадларда амалга оширилаётган, “дўст бўлмаган” давлатлар ҳудудидан йўлланаётган қўнғироқларни блоклаш», шунингдек қўнғироқларни махсус белгилаш ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, ушбу таклифларнинг барчаси «ҳукумат томонидан инобатга олинган ва жорий этилмоқда».
Унинг сўзларига кўра, «фуқароларни рақамли муҳитда ҳимоя қилиш» бўйича биринчи чоралар пакети аллақачон қабул қилинган, иккинчи пакет ишлаб чиқилган ва ҳозир муҳокама ҳамда келишиш босқичида, яқин режаларда эса учинчи пакет ҳам кўзда тутилган.
Шу куни Россия ҳукумати аппарати раҳбари — бош вазир ўринбосари Дмитрий Григоренко ҳам журналистларга ҳукумат тайёрлаётган «фуқароларни фирибгарлардан ҳимоя қилиш» бўйича иккинчи чоралар пакети ҳақида сўзлар экан, худди шу қадамларни тилга олди, деб ёзади ТАСС.
Григоренконинг айтишича, тахминан 20 та ташаббусдан иборат янги пакет доирасида абонент розилигисиз халқаро кирувчи қўнғироқларни тақиқлаш ва уларни мажбурий тарзда белгилаш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, болалар учун алоҳида SIM-карталар жорий этиш таклиф қилинмоқда — улар орқали ота-оналар «қўшимча аризалар ёзмасдан туриб, болаларни нохуш контентдан ҳимоя қилиш» имкониятига эга бўлиши айтилмоқда.
Сўнгги ойларда, давлат мессенжери Max’ни илгари суриш фонида, Россия ҳокимият органлари мессенжерлар ва бошқа онлайн-сервислар, шунингдек телефон алоқаси фаолиятига доир қоидаларни изчил равишда қатъийлаштириб келмоқда. Жумладан, август ойида Россияда WhatsApp ва Telegram орқали қўнғироқлар чекланган эди.
Шундан сўнг Давлат Думасида фирибгарлар «гуёки стационар алоқага ўтиб олгани» айтилди ва уларга қарши кураш баҳонасида стационар телефонларда халқаро алоқани блоклаш ғоясини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Декабр бошларида эса Роскомнадзор Apple’нинг видеоқўнғироқ хизмати FaceTime’ни блоклагани маълум бўлди — бу хизмат «жиноий мақсадларда қўлланмоқда», деган асос келтирилди. Ноябр ойида Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги маълум қилишича, чет элдан қайтиб келган фуқароларнинг мобил интернети ва SMS юбориш хизмати бир суткагача вақтга блокланади.
Россия ҳокимияти нуқтаи назаридан «дўст бўлмаган» деб эълон қилинган давлатлар ва ҳудудлар рўйхатининг сўнгги таҳририда 47 та ном мавжуд. Улар қаторига ЕИ мамлакатлари, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Норвегия, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Япония, Жанубий Корея, Украина ва Черногория киради.
Мавзуга оид
09:22
Испанияда РФдан қочган учувчини ўлдириш иши бўйича тергов вақтинча тўхтатилди
21:24 / 09.12.2025
Трамп Зеленский «мағлуб бўлаётгани» ва буни «қабул қилиши» кераклигини айтди
15:37 / 09.12.2025
Politico: Япония Россия активлари бўйича ЕИ режасини қўллаб-қувватламади
13:41 / 09.12.2025