Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германиядаги суд РФнинг “соядаги флоти” танкерини мусодара қилишни тақиқлади
Германия федерал молия суди қарорига кўра, Болтиқ денгизида аварияга учраган Россиянинг “соя флот”ига мансуб Eventin нефт танкери ҳамда унинг юки немис божхонаси томонидан мусодара қилиниши мумкин эмас.
Йил бошида Болтиқ денгизида аварияга учраган ва Россия Федерациясининг “соя флоти”га тегишли деб баҳоланаётган Eventin нефт танкери, шунингдек ундаги 100 минг тонна нефт юки Германиянинг Мюнхен шаҳридаги федерал молия суди (Bundesfinanzhof, BFH) қарорига мувофиқ немис божхонаси томонидан мусодара қилинмаслиги керак. Бу ҳақда 11 декабр, пайшанба куни Süddeutsche Zeitung газетаси хабар берди. Нашр аниқлашича, Германиянинг энг юқори солиқ суди кема эгасининг вақтинчалик суд тақиқи (мусодара қилишни тўхтатиб туриш)ни жорий этиш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирган. Шунингдек, ушбу ҳолатда халқаро ҳуқуқ ҳам амал қилади: унга кўра аварияга учраган кемалар хавфсиз “паноҳ порти”дан фойдаланиши мумкин.
Ҳозирча Eventin ва унинг юки Европа Иттифоқи ҳудудини тарк эта оладими-йўқми, деган савол очиқ қолмоқда. Frankfurter Allgemeine Zeitung ёзишича, кейинги ҳуқуқий тортишувлар йиллаб чўзилиши мумкин. Нашр манбаларининг маълум қилишича, кейинги ҳаракатлар бўйича якуний қарор, эҳтимол, Германия канцлери Фридрих Мерцга бевосита боғлиқ бўлади. Танкерда катта ҳажмда сақланаётган нефтни олиш масаласи ҳам баҳсли бўлиб қолмоқда ва юк эгалари бундай қадамга рози бўлиши эҳтимоли паст.
1 апрел куни Германия Молия вазирлиги вакили хабар қилишича, Германия давлат фойдасига илгари немис божхонаси томонидан мусодара қилинган Eventin нефт танкерини утилизация қилиши мумкин эди. Европа Иттифоқи маълумотига кўра, кема Москва Ғарб санкцияларини айланиб ўтиш учун фойдаланадиган Россия “соя флоти”нинг бир қисми ҳисобланади. Танкер бортида 100 000 тонна хом нефт бўлиб, унинг қиймати 40 млн евро деб баҳоланган.
Иш материалларидан кўринишича, Панама байроғи остида юрган Eventin танкери нефтни Россиянинг Уст-Луга портидан Болтиқ денгизи орқали Мисрга олиб кетаётган бўлган. Январ ўрталаридан двигател ишдан чиққанлиги сабаб кема Германиянинг Рюген оролидан шимолроқда қолиб кетган ва кейин Германия соҳилига тортиб келтирилган.
Европа расмийлари маълумотига кўра, РФнинг “соя флоти” деб аталувчи таркибга сўнгги йилларда турли кичик давлатларда рўйхатдан ўтказилган, аммо амалда Россия бошқараётган бир неча юзлаб танкер киради. Москва улардан РФнинг Украинага қарши давом этаётган кенг кўламли ҳужуми муносабати билан Ғарб давлатлари жорий этган эмбаргони айланиб ўтиб нефт сотиш учун фойдаланади.
Феврал охирида Eventin танкери ЕИ рўйхатига киритилган — унда РФ “соя флоти”нинг эҳтимолий иштирокчилари санаб ўтилган. Der Spiegel журнали ёзишича, Германия ҳукуматининг ушбу танкерга нисбатан ғайриоддий қаттиқ позицияси федерал канцлер идораси ҳамда Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россияга Берлин Болтиқ денгизи орқали санкцияларни четлаб ўтиб Россия нефтини ташишга бефарқ қараб турмаслигини кўрсатмоқчи бўлгани билан боғлиқ.
Мавзуга оид
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:20 / 11.06.2026
Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулки хатланиши мумкин
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
10:00 / 10.06.2026