Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Россиянинг музлатилган активларини муддатсиз блоклашга қарор қилди
Европа Иттифоқи мамлакатлари Россия давлат активларидан Украина манфаати учун фойдаланишга оид ҳуқуқий базани келишиб олди. Дания ҳукумати билдиришича, биринчи қадам сифатида уларни Россияга қайтаришни муддатсиз тақиқлаш режалаштирилмоқда.
Фото: Wiktor Dabkowski/ZUMA/picture alliance
Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари кўпчилик овоз билан қарор қабул қилиш орқали Россиянинг давлат мулкидан Украина манфаатида фойдаланиш учун ҳуқуқий асос яратишга келишиб олди. Биринчи босқичда ЕИда музлатилган маблағларни Россияга қайтаришни муддатсиз тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш кўзда тутилмоқда, деб хабар қилди ЕИда раислик қилаётган Дания пайшанба куни, 11 декабрда.
Гап, аввало, ЕИ давлатларидан бирортаси, масалан Венгрия, ЕИ санкция қарорларига вето қўйиш орқали Россия активларини блокдан чиқаришга эришиши эҳтимолини йўққа чиқариш ҳақида кетмоқда. Ҳозирда Россия Марказий банки маблағлари ЕИ санкциялари билан музлатилган бўлиб, бу санкциялар ҳар олти ойда бир марта барча аъзо давлатлар қарори билан узайтирилиши керак.
Ушбу механизм Украинага Россия активларидан олинадиган даромадлар ҳисобига узоқ муддатли кредитлар ажратиш режасига тўсиқ деб қаралмоқда. Режа шуни назарда тутадики, Россия Украинага қарши тажовузни тугатгандан кейин ушбу мамлакатга репарациялар тўлаган тақдирдагина маблағлар Россияга қайтарилишига рухсат берилади. Россия активларини муддатсиз музлатиб қўйиш учун Германия ва бошқа ЕИ давлатлари Европа Иттифоқи фаолияти тўғрисидаги шартноманинг 122-моддасига таянади. Мазкур моддага кўра, жиддий иқтисодий қийинчиликлар юзага келганда чоралар кўпчилик овоз билан қабул қилиниши мумкин.
ЕИнинг юридик ҳужжати лойиҳасида Россиянинг Украинага қарши уруши жиддий иқтисодий чақириқларни келтириб чиқараётгани қайд этилади ва ЕИ иқтисодиётига зарарни чеклаш учун маблағларнинг Россияга ўтказилишини имкони борича тезкорлик билан олдини олиш зарурлиги таъкидланади. Ушбу ҳужжатни келаси ҳафта бўлиб ўтадиган ЕИ саммитигача қабул қилиш режалаштирилган.
Шу вақтга қадар Германия канцлери Фридрих Мерц ва ташаббуснинг бошқа тарафдорлари Белгия бош вазири Барт де Веверни Украинага кредитлар ажратиш учун активлардан фойдаланиш режасига қўшилишга кўндиришга умид қилмоқда. Белгия қўллаб-қувватламаса, амалга ошириш жуда қийин деб ҳисобланади, чунки фойдаланиш режалаштирилаётган Россия маблағларининг асосий қисми Белгиянинг Euroclear депозитарийси томонидан бошқарилади. Гап ЕИда жойлаштирилган 210 млрд евродан тахминан 185 млрд евро ҳақида кетмоқда.
Белгия ҳукумати ҳозирча режани юридик ва молиявий таваккалчиликларга ишора қилиб блоклаб турибди. Жумладан, у Россия жавоб чоралари кўриши ва европалик хусусий шахслар ҳамда компанияларнинг мулкини экспроприация (мусодара) қилиши мумкинлигидан хавотирда. Бош вазир де Вевер аввалроқ учта шарт қўйган: шу шартлар бажарилса, Белгия эҳтимолий хатарларга қарамасдан ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлади. У хатарлар учун ЕИнинг барча давлатлари умумий жавобгарликни ўз зиммасига олишини кафолатлашни ва режа амалга оширилиши биринчи куниданоқ эҳтимолий мажбуриятларни бажариш учун етарли молиявий кафолатлар мавжуд бўлишини талаб қилди.
Бундан ташқари, у режа таъсир қилиши мумкин бўлган барча фуқаролар ва компаниялар учун ликвидликни тўлиқ ҳимоя қилишни ҳамда хатарларни қамраб олган кенг кўламли муҳофаза механизмларини жорий этишни талаб қилмоқда. Шунингдек, де Вевер Россия Марказий банки активлари музлатилган ЕИнинг барча давлатлари ушбу жараёнда иштирок этишини истайди. Еврокомиссия маълумотларига кўра, Германиядан ташқари бундай активлар Франция, Швеция ва Кипрда ҳам мавжуд.