Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский Берлинда ЕИдаги иттифоқчилар билан музокараларни давом эттиради
Киев маълумотларига кўра, Украина президенти душанба куни “хавфсизлик вазияти имкон берса”, урушни тўхтатиш бўйича музокараларни давом эттириш учун Берлинга йўл олади. Канцлер Мерц бу мавзу юзасидан ҳал этилмаган саволлар кўплигини айтади.
Украина президенти Володимир Зеленский душанба куни, “агар хавфсизлик вазияти имкон берса”, Берлинга йўл олади. Жума куни, 12 декабрда AFP агентлиги Украина ҳукуматидан манбаларга таяниб хабар қилишича, Зеленский Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш йўллари бўйича Киевнинг европалик иттифоқчилари билан янги музокаралар босқичида шахсан иштирок этади. Берлинда Украина давлат раҳбарининг бўлажак ташрифи тасдиқланган.
Германия ҳукумати расмий вакили Штефан Корнелиуснинг маълум қилишича, Германия канцлери душанба куни Украина президенти Володимир Зеленскийни “иқтисодий музокаралар ўтказиш ва Украина бўйича тинчлик музокараларининг бориши ҳақида фикр алмашиш” учун қабул қилади. Корнелиуснинг аниқлаштиришича, кечқурун музокараларга “кўплаб Европа давлат ва ҳукумат раҳбарлари”, шунингдек ЕИ ва НАТО раҳбарлари ҳам қўшилади.
Бундан бир кун олдин Германия канцлери Фридрих Мерц Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Франция президенти Эммануэл Макрон билан бирга АҚШ президенти Доналд Трампга келаётган дам олиш кунлари Украинадаги урушни тўхтатишга доир ёндашувларни якуний муҳокама қилишни таклиф этганини айтган. AFP қайд этишича, ҳозирча АҚШ вакиллари Зеленский иштирок этадиган Берлиндаги учрашувга келадими-йўқми — аниқ эмас.
Мерцнинг сўзларига кўра, Россия тажовузини тўхтатиш ва Украина учун хавфсизлик кафолатларини таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда ҳали кўп масалалар ойдинлаштирилиши лозим. Dpa агентлиги келтиришича, Мерц 12 декабр куни Ҳайделбергда шундай деган: “Шу кунларда музокаралар жуда жадал кетяпти. Биз ўзаро, шунингдек Украина ҳукумати ва Украина президенти билан олиб бораётган музокараларимизга Америка ҳукуматини ҳам жалб қилишга уриняпмиз”.
Канцлер таъкидлашича, хавфсизлик кафолатлари энг муҳим элементни ўз ичига олиши керак — Украина армиясини доимий равишда мустаҳкамлаш, токи мамлакат узоқ муддатли истиқболда ўзини ҳимоя қила олсин. “Биз бунда ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз. Америкаликлар томонидан ҳам ҳисса керак бўлади”, — деди у тафсилотларни келтирмасдан. “Биз биламиз: хавфсизлик кафолатларисиз Украинани узоқ муддатда ҳимоя қила олмаймиз”, — дея қўшимча қилди Германия ҳукумати раҳбари.
АҚШ президенти Доналд Трамп “жуда қаттиқ ғазабланган” — ҳам Россиядан, ҳам Украинадан ва улар ўртасидаги уруш тезроқ тўхташини истайди, деди 11 декабр куни Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт. “Унга фақат учрашув учун учрашувлар жонга тегди. У энди гап-сўзни эмас, ҳаракатни истайди, бу урушнинг тугашини истайди. Фақат сўнгги икки ҳафтада АҚШ маъмурияти россияликлар, украинлар ва европаликлар билан учрашувлар ва суҳбатларга 30 соатдан ортиқ вақт сарфлади”, — деди Ливитт. У АҚШ ҳукумати уруш олиб бораётган ҳар икки томон билан ишлашни давом эттиришини ҳам қўшимча қилди.
Германия, Буюк Британия, Франция ва Украина вакилларининг 13 декабр куни Парижда режалаштирилган учрашувида АҚШ иштирок этадими-йўқми, деган саволни Оқ уй матбуот котиби очиқ қолдириб, шундай деди: “Агар тинчлик келишувини имзолаш учун реал имконият пайдо бўлса, агар бу дам олиш кунлари АҚШ сарфлайдиган вақтга бу учрашувлар арзийди, деб ҳис қилсак, у ҳолда вакил юборaмиз”.