Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чехияда популист Бабиш ҳукумати қасамёд қилди
Октябр ойидаги сайловлар натижасида шаклланган Чехиянинг янги ҳукумати Украинага кўмакни сусайтириши мумкин. Кутилишича, энди Чехия Евроиттифоқдаги ўнг популист кучларга кўпроқ йўналади.
Душанба, 15 декабр куни Чехияда бош вазир Андрей Бабиш раҳбарлигида янги ҳукумат иш бошлади. Янги кабинет октябр ойида бўлиб ўтган сайловларда Бабишга иттифоқдош кучлар ғалабаси натижасида шакллантирилди ва кузатувчилар баҳосига кўра, Украинага қўллаб-қувватлашни сусайтириши, аксинча, Евроиттифоқдаги ўнг популистлар позицияларини кучайтириши мумкин.
71 ёшли миллиардер Бабиш тўрт йиллик мухолифатдан сўнг яна ҳокимиятга қайтди. Унинг коалициясига қуйидагилар киради: Бабиш бошчилик қиладиган ўнг популист ANO ҳаракати, ўта ўнг “Эркинлик ва тўғридан тўғри демократия” партияси, шунингдек дастурининг асосий нуқтаси ЕИнинг иқлимни муҳофаза қилиш сиёсатига қарши чиқиш бўлган “Автомобилчилар ўзлари учун” партияси.
Чехия президенти Петр Павел ҳукуматни инаугурация қилиш маросимида янги кабинетни мамлакатни масъулият билан бошқаришга чақирди ва НАТО ҳамда Евроиттифоқ аъзолигининг афзалликларини эслатди.
“Мамлакатимиз, шубҳасиз, НАТО таркибида бўлмаганида хавфсизлиги камроқ бўларди, худди шундай, Европа Иттифоқи аъзоси бўлмаганида иқтисодий жиҳатдан фаровонлиги ҳамда барқарорлиги пастроқ бўларди”, — дея таъкидлади Павел. У Бабиш ҳукуматини бу уюшмаларда рад этувчи эмас, балки масъулиятли ва конструктив иштирокчи бўлишга чақирди.
Reuters агентлиги таъкидлашича, ҳукумат алмашиши Чехиянинг олдинги кабинет йўналишидан чекинишини англатади: аввалги ҳукумат Украина ва Евроиттифоқни фаол қўллаб-қувватлаб келган. Янги кабинет мамлакат курсини либерал “мейнстрим”дан Европа чеккасидаги ўнг кучлар томонга суриши кутилмоқда.
Бабиш бошлиқ ANO ҳаракати Европарламентда “Европа учун ватанпарварлар” фракциясига киради. У ерда, хусусан, Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг “Фидес — Венгрия фуқаролик иттифоқи”, Австрия Озодлик партияси ва Франциянинг “Миллий бирлашув” партияси ҳам бор.
Андрей Бабиш шанба куни Чехия Украина учун молиявий кафолатлар бермоқчи эмаслигини, Европа комиссияси эса 2022 йилдан бери Россия агрессиясини қайтариб келаётган Киевни қўллаб-қувватлашнинг муқобил йўлларини топиши кераклигини айтди. Шу ҳафта ЕИ етакчилари музлатилган Россия активларидан фойдаланган ҳолда Украинага кредит бериш ва бунинг учун миллий кафолатлар талаб қиладиган мураккаб схемани муҳокама қилади.
Бабиш, шунингдек, Чехия манфаатларини мамлакат ичида ҳам, халқаро майдонда ҳам ҳимоя қилиш нияти борлигини таъкидлади. У ЕИ институтларини бир неча бор танқид қилган ва Еврокенгаш доирасида миллий етакчилар билан тўғридан тўғри ҳамкорликни афзал кўришини билдирган. Сиёсатчи ЕИнинг миграция сиёсатига қарши чиқишини, шунингдек углерод чиқиндилари учун тўлов тизимини уйларни иситиш ва автомобил ёнилғисига ҳам кенгайтириш режаларини рад этишини ваъда қилди.
Шу билан бирга, Бабиш коалициядаги ўта ўнг ҳамкорларининг Чехиянинг ЕИ ва НАТО аъзолиги бўйича референдум ўтказиш чақириқларини рад этди ва мамлакатни ҳар икки иттифоқда ҳам сақлаб қолишга ваъда берди. Лавозимга киришишидан олдин у давлат бюджети ҳисобидан Украинага ҳарбий ёрдамни қисқартириш нияти борлигини айтган, шунингдек Чехиянинг Украина учун дунё бўйлаб йирик калибрли ўқ-дорилар харид қилиш ташаббусини тўхтатиш эҳтимолини ҳам истисно қилмаган — у бу схемани етарлича шаффоф эмас, деб атаган.
Мавзуга оид
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
09:14 / 27.05.2026
Чехиялик фуқаро Eurojackpot лотереясида 120 млн евро ютди
22:01 / 26.05.2026
Украинага ёрдам берувчи давлатлар коалицияси икки баробар қисқаргани маълум бўлди
20:20 / 01.05.2026