Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«МЮ» ва «Борнмут» ўйини голлар шоусига айланди
«Қизил иблислар» тўртта гол урди, лекин якунда бир очко билан кифояланди.
Фото: фото: Robin Jones — AFC Bournemouth/AFC Bournemouth via Getty Images
«Манчестер Юнайтед» навбатдаги марта беқарор мавсум ўтказмоқда. Шу билан бирга, бу мавсумда АПЛдаги рақобатчиларнинг аксарида ҳам муаммолар кузатилмоқда. Шу туфайли турнир жадвалининг юқори қисмида жамоалар тиғиз жойлашган. Ва «Борнмут» билан ўйин якунларига кўра Рубен Аморим жамоасида кучли тўртликка кириб олиш имконияти юзага келганди. Қолаверса, ушбу рақиб сўнгги олти турда атиги икки очко жамғарганди. Аммо вазият «МЮ» учун режа бўйича кетмади.
«Борнмут» билан ўйин – «Манчестер Юнайтед» учун 3-4-3 схемасидаги сўнгги ўйин бўлиши мумкин. Англиядаги нашрлар Амад Диалло, Брайан Мбеумо ва Нуссайр Мазравий Африка Кубогига кетиши муносабати билан Рубен Аморим схемани 4-3-3 кўринишига ўзгартираётгани ҳақида ёзишди. Аммо португалиялик мутахассис ҳозирча бунга қўл олмади. Шу билан бирга, «МЮ» бошланғич таркибида 19 ёшли ҳимоячи Эйден Ҳевен туширилди.
Биринчи бўлимда «Манчестер Юнайтед» муносиб ўйин кўрсатди. Футболчилар орқа чизиқда деярли хатосиз ҳаракатланди, олдинги чизиқда эса мунтазам равишда вазиятлар яратиб, ҳужумкор футбол билан мухлисларни хушнуд этишди. «Борнмут» учун эса ўйин старти кўнгилсиз кечди: меҳмонлар бешинчи дақиқадаёқ жароҳат туфайли Тайлер Адамсдан айрилишди. Америкалик ушбу футболчи – Андони Ираола тизимидаги муҳим футболчилардан бири саналади. Натижада «Борнмут»нинг ўйин учун режасиз жиддий ўзгаришга учради.
«МЮ» айнан шундан фойдаланган бўлиши мумкин. Мезбонларнинг илк дақиқалардан уюштирган босими 13-дақиқада ҳисоб очилишига олиб келди. Диогу Дало қанотдан дарвозабон ҳудудига тўп оширди, Матеус Куня бош билан яхши зарба беролмади, аммо «Борнмут» дарвозабони Жорде Петровични чалғита олди. Сербиялик посбон тўпни ушлаб ололмади, қайтган тўпга Амад Диалло биринчи бўлиб етиб келди – 1:0.
«МЮ» шундан кейин ҳам ҳужум уюштиришда давом этди: Матеус Куня, Каземиро ва Бриан Мбемода голли вазиятлар бўлди, Диалло дублга яқин келди.
28-дақиқада «МЮ» учун илк огоҳлик қўнғироғи чалинди – дарвозабон Сенне Ламменс Маркус Таверниенинг бошда йўллаган зарбасини қийинчилик билан қайтарди. Бўлим охирида эса у барибир Семенйо қаршисида ожиз қолди. 40-дақиқада Люк Шоу қанотда тўп учун курашни бой берди, ганалик вингер мезбонларни бу хато учун кечирмади – 1:1.
Биринчи бўлимни бундай ҳисобда якунлаш мезбонлар учун аламли бўлган бўларди. Жамоа дастлабки 45 дақиқаликда 2,49 xG (кутилган голлар) кўрсаткичига эришганжи. Ва уларнинг бахтига бўлим охирида меҳмонлар дарвозабони ёрдамлашиб юборди. Биринчи голда ҳам қисман айбдор бўлган Петкович 45+4-дақиқада яққол хатога йўл қўйди. Фернандеш бурчакдан тўпни Каземирога етказди, бразилиялик яримҳимоячи бошда оддий зарба йўллади, аммо дарвозабон бу зарбани қайтара олмади – тўп унинг қўлларидан сирғалиб чиқиб, дарвоза тўрига йўл олди.
Лекин ҳисобда яна олдинга чиқиб олганидан кейин «МЮ» футболчилари бўшашди, «Борнмут» футболчилари эса катта иштиёқ билан олдинга ташланди. Меҳмонлар иккинчи бўлим бошидаги илк ҳужумдаёқ ҳисобни тенглаштиришди. Таверние марказда тўпни эгаллаб олгач, Эванилсонни қулай вазиятга чиқарди ва ҳужумчи тўпни олис бурчакка аниқ йўналтирди.
Олти дақиқа ўтиб «Олд Траффорд»да йиғилган мухлислар яна бир бор карахт ҳолатга тушишди. Каземиро «Борнмут»нинг навбатдаги ҳужумини жарима майдони яқинида фол ишлатиб тўхтатди. Маркус Таверние эса зарба беришни ўз зиммасига олди ва тўпни футболчилар орасидан орасидан ўтказиб, чап пастки бурчакка аниқ йўналтирди.

Сенне Ламменс тўпга ета олмади ва бир неча дақиқа ичида 2:1 ҳисоби 2:3 кўринишига ўзгарди.

«Манчестер Юнайтед» футболчилари эса ўзини йўқотиб қўймади. Мезбонлар аста-секинлик билан «Борнмут» жарима майдонини қамал қила бошлади. Ва бу 77-дақиқада ўз самарасини берди. Жарима майдони ташқарисида тўп меҳмонлар ҳимоячиси Маркос Сенесининг қўлига тегди ва бош ҳакам Саймон Ҳупер жарима зарбаси белгилади. Нуқтага яқинлашган Бруну Фернандеш эса яна бир шедевр гол муаллифига айланди.

У тўпни олис тўққизликка аниқ жойлади ва мувозанатни тиклади.

Тўққиз дақиқа ўтиб «МЮ» ажойиб қарши ҳужум уюштирди: Бенямин Шешко қанотда олдинга ташланиб, жарима майдонига узатма берди, тўп эса Адриен Трюффер орқали мутлақо бўш турган Матеус Куняга келиб тушди ва ҳисоб 4:3 кўринишини олди.
Аммо бу ҳисоб ҳам узоқ сақланиб турмади, иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган 19 ёшли Эли Крупи Хименеснинг узатмасидан кейин жарима майдони ичида бир ҳаракат билан тўпни ўзига бўйсундирди ва иккинчи тегинишда дарвозан ишғол этди.
Ҳакам ўйиннинг асосий вақтига саккиз дақиқа қўшиб берди ва икки жамоа ҳам бу дақиқаларни ҳужумда ўтказди, аммо мухлислар бошқа гол кўришмади. «МЮ» ва «Борнмут» жорий мавсумдаги энг телбавор ўйинлардан бирини ўтказиб беришди, аммо якунда биттадан очко билан кифояланишди. «Манчестер Юнайтед» кучли бешликка ҳам киролмади.

Мавзуга оид
14:40 / 15.12.2025
«Сити»да йирик ғалаба, бразиллар Алонсони қутқарди
14:34 / 14.12.2025
Салоҳ қайтди ва рекорд ўрнатди, «Арсенал» ва «Барса»да қийин ғалаба
11:57 / 11.12.2025
«Реал» «Сити»га ютқазди, «Арсенал»да яна йирик ғалаба. Кун ўйинлари
11:39 / 08.12.2025