Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин ва Лондон Киевга ҳаво мудофаасини кучайтиришда ёрдам ваъда қилди
Германия 2026 йилда Украинага AIM-9X Sidewinder ракеталарининг “салмоқли миқдори”ни топширади, шунингдек қўллаб-қувватлаш ҳажмини кенгайтиради. Буюк Британия Россия дронлари ва ракеталаридан ҳимоя учун 600 млн фунт сармоя киритади.
Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш бўйича музокаралар фонида Германия ва Буюк Британия Киевга кейинги қўллаб-қувватлашни, энг аввало, ҳаво ҳужумидан мудофаани кучайтириш учун ёрдам ҳақида ваъда берди. Келаси йили ГФР Украинага бундесвер захираларидан “салмоқли миқдорда” Sidewinder ракеталарини топширади, деди мамлакат мудофаа вазири Борис Писториус сешанба, 16 декабр куни видеалоқа орқали бўлиб ўтган Украина мудофааси масалалари бўйича алоқа гуруҳининг (“Рамштайн” форматидаги) навбатдаги, 32-йиғилиши очилишида.
Писториус ракеталарнинг аниқ сонини айтмади. AIM-9X Sidewinder — ҳаводаги нишонларни, масалан самолётлар ва учувчисиз аппаратлар (дронлар)ни йўқ қилишга мўлжалланган, “ҳаво–ҳаво” синфига мансуб қисқа масофали бошқариладиган ракета.
Борис Писториус қўшимча қилишича, 2026 йилда Берлин Киевни қўллаб-қувватлаш ҳажмини янада кўпроқ кенгайтиради. Ёрдамнинг умумий ҳажми 11,5 млрд еврога етади — бу янги энг юқори кўрсаткич бўлади. Бундан ташқари, Германия ва Украина қурол-яроғ ишлаб чиқариш соҳасида янада яқин ҳамкорлик қилиш ниятида. Хусусан, улар дронларни қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.
Ўз навбатида, Буюк Британия Украина ҳаво мудофааси имкониятларини кучайтириш учун 600 млн фунт стерлинг (тахминан 710 млн евро) сармоя киритади, деди Бирлашган Қироллик мудофаа вазири Жон Хили. У янги йиғилишда немис ҳамкасби билан бирга алоқа гуруҳига ҳамраислик қилмоқда.
Хилининг сўзларига кўра, ушбу пакет доирасида Киев ҳаво мудофааси тизимлари, ракеталар ва дронларни йўқ қилиш учун автоматик ўқ отиш қурилмаларини олади. У буни “Россия ҳужумларидан ўз шаҳарлари, қишлоқлари ва энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилаётган украиналиклар учун ниҳоятда муҳим ёрдам”, деб таъкидлади.
Украина мудофаа вазири Денис Шмихал ҳам шу йиғилишда 2025 йилда ёрдам ҳажми рекорд даражада бўлгани учун иттифоқчиларга миннатдорчилик билдирди. Унинг баҳолашича, келаси йили мамлакатга 120 млрд доллар керак бўлади. “Украина бу сумманинг ярмини ўз ресурслари ҳисобидан қоплаши мумкин. Аммо 60 млрд доллар шериклардан келиши керак”, — деди Шмихал ва Европа давлатларига Украинага ҳарбий ёрдам учун камида уларнинг ЯИМ 0,25 фоизини йўналтиришни таклиф қилди.
Бундан бир кун аввал Украинанинг европалик иттифоқчилари Берлиндаги музокаралар якунлари бўйича Киев билан Москва ўртасида эҳтимолий тинчлик келишувини таъминлаш учун “кўп миллатли кучлар” тузишни таклиф қилди. Европа раҳбарлигидаги ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган бу кучлар “Украина Қуролли кучларини қайта тиклашга, Украина ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашга ва денгизда хавфсизликни сақлашга, шу жумладан Украина ҳудудида операциялар ўтказиш орқали ҳам, кўмаклашади”, — дейилади Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Полша, Финландия, Норвегия, Швеция, Нидерландия, Дания раҳбарлари, шунингдек Европа кенгаши ва Европа комиссияси раҳбарлари имзолаган қўшма баёнотда. Баёнот 15 декабр куни кечқурун эълон қилинган.
ГФР мудофаа вазири сешанба куни Берлинда журналистлар саволларига жавоб берар экан, бу масалада эҳтиёткор фикр билдирди. Борис Писториус, умуман олганда, Европа қўшинларини жойлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлашини айтди, аммо ўз сўзларига кўра, Берлинда бўлиб ўтган музокараларда иштирок этмаганини қайд этди — у музокаралар “тор доирада” ўтганини билдирди. Шунингдек, у ҳал қилинмаган масалаларга ишора қилди: жумладан, немис қўшинларини жойлаштириш парламент тасдиғини талаб қиладими, ҳамда “кимнинг қўмондонлиги остида нима, қаерда ва қандай доирада амалга оширилади”.