Жаҳон | 09:41 / 20.12.2025
2102
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Сурияда ИШИД объектларига зарба берди

Пентагон маълум қилишича, АҚШ Сурияда ИШИДга тегишли 70 дан ортиқ объектга зарба берган. Ҳужумлар Дамашқ билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган.

Фото: Reuters

АҚШ ҳарбийлари шанбага ўтар кечаси, 20 декабр куни Суриядаги ИШИД террористик гуруҳининг объектларига зарба берди. Ҳужумлар ИШИД жангчиларига, шунингдек гуруҳнинг инфратузилма объектлари ва қурол-аслаҳа омборларига қаратилгани ҳақида АҚШ мудофаа идораси раҳбари Пит Ҳегсет X ижтимоий тармоғида ёзди.

Зарбалар Суриянинг марказий ҳудудларида жойлашган нишонларга берилган, жами 70 дан ортиқ объект йўқ қилинган, деб ёзади AFP агентлиги Пентагон вакилига таяниб. Al Hadath телеканали маълумотига кўра, АҚШ базаларидан биридан ракеталар Дейр-аз-Зор, Раққа ва Ҳомс вилоятлари томон учирилган. Зарбалар қирувчи самолётлар ва зарбали вертолётлар ёрдамида ҳам амалга оширилган.

Пентагонда ўтказилган операция Hawkeye Strike деб номланган. Бу АҚШнинг сўнгги ойларда Яқин Шарқдаги мазкур мамлакатда ўтказган ягона операцияси эмас — Америка қўшинлари бундай ҳужумларни Башар Асад режими ағдарилганидан кейин мамлакатни бошқараётган вақтинчалик Сурия ҳокимияти билан мувофиқлашган ҳолда амалга ошириб келмоқда.

Ҳегсетнинг айтишича, АҚШ ҳужуми 13 декабр куни Палмира шаҳрида ИШИД жангарисининг Сурия хавфсизлик хизматлари ва америкалик ҳарбийлар иштирокидаги қўшма патрулга қилган ҳужумига жавоб бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, ўшанда АҚШ армиясининг икки нафар ҳарбий хизматчиси, шунингдек таржимон — у ҳам АҚШ фуқароси — ва икки нафар суриялик ҳалок бўлган. Яна уч нафар америкалик ҳарбий яраланган. Патрулга уюштирилган пистирмани якка тартибда ҳаракат қилган жангари ташкил қилган, у жавоб ўқи билан ўлдирилган.

“Бу урушнинг бошланиши эмас — бу қасос эълони… Биз ўша ваҳший ҳужумдан кейин дарҳол айтганимиздек, агар қаерда бўлишидан қатъи назар, дунёдаги исталган жойда америкаликларга ҳужум қилсангиз — қолган қисқа, хавотирли умрингизни АҚШ сизни овлашини, топишини ва аёвсиз ўлдиришини билиб ўтасиз”, — деди Ҳегсет ИШИДга қарши зарбалар ҳақида изоҳ бериб.

Бундан аввал АҚШ президенти Доналд Трамп гуруҳга ҳужум учун “жуда жиддий” жавоб беришини ваъда қилган эди. У, шунингдек, Вашингтон Дамашқ билан алоқада эканини айтган — унинг баёнотидан Сурия ҳокимияти АҚШнинг ИШИД ҳаракатларига жавоб чораларига тўсқинлик қилмаслиги келиб чиқади.

16 декабр куни Трамп АҚШ ҳудудига кириш тўлиқ тақиқланадиган давлатлар рўйхатини кенгайтирди. 2026 йил 1 январдан кучга кирадиган янги чекловлар 20 та давлат ва ҳудуд фуқароларига тааллуқли бўлади — улар орасида Сурия ҳам бор, шунингдек Фаластин миллий маъмурияти томонидан берилган ҳужжатларга эга бўлган фаластинликлар ҳам киритилган.

Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида ҳам сурияликлар учун АҚШга кириш тақиқини жорий этган эди. У буни “ўта муваффақиятли” чора деб атаган ва у АҚШда террорчилик ҳужумларининг олди олинганини билдирган. Шу билан бирга, ноябр ойи бошларида Трамп Вашингтонда Суриянинг вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шаръани қабул қилди — АҚШ Давлат департаменти уни мамлакатга келишидан бир сутка олдингина террорчилар рўйхатидан чиқарган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид