Ўзбекистон | 09:47
1614
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат инспекцияси ҳисоботи Сенатда танқид қилинди: назорат 32 фоизга камайган

Сенатнинг 12-ялпи мажлисида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидовга меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди. Сенаторлар назорат тадбирлари ўтган йилга нисбатан 32 фоизга камайганини танқид қилиб, бу ҳолат ҳуқуқбузарликлар ошишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Мажлисда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида давлат идоралари, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини таъминлаш, адолатли ҳақ тўланиши ҳамда меҳнат муносабатлари шаффофлигини кучайтиришга қаратилган 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Маълум қилинишича, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 12 840 та давлат назорати тадбири ўтказилиб, 28 801 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Камчиликларни бартараф этиш мақсадида мансабдор шахсларга 5 715 та ёзма кўрсатма ва 150 та тақдимнома киритилган.

Норасмий бандликни қисқартириш бўйича олиб борилган ишлар доирасида 15 180 та корхона хатловдан ўтказилиб, 69,5 минг иш ўрни расмийлаштирилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар айрим йўналишларда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари ўтган йилга нисбатан 32 фоизга камайгани соҳадаги ҳуқуқбузарликлар ошишига хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди.

Иш жойларида техник хавфсизлик талабларига амал қилинмагани оқибатида 524 та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Натижада 806 нафар ходим жабрланган: улардан 139 нафари ҳалок бўлган, 417 нафари оғир, 250 нафари енгил тан жароҳати олган.

Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари сифатида иш берувчилар томонидан хавфсиз меҳнат шароитлари яратилмагани, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашдаги камчиликлар, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилинмагани ҳамда ходимларнинг хавфсизлик маданиятига етарлича эътибор берилмаётгани келтириб ўтилди. Қонунбузарликлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 61 та жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, давлат ташкилотлари томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклашга оид 261 та суд қарори ўз вақтида ижро этилмагани қатъий танқид қилиниб, бу ҳолат аҳоли норозилиги ва давлат бюджети ҳисобидан қўшимча харажатларга сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Муҳокама якунида парламент сўрови натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, меҳнат қонунчилиги ижроси ҳамда меҳнат ҳуқуқларининг кафолатланишини кучайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид