Жаҳон | 15:21 / 22.12.2025
3696
3 дақиқада ўқилади

Хитой ноябрда Россиядан рекорд миқдорда олтин сотиб олди

Ноябрда Россия Хитойга 961 миллион долларлик олтин етказиб берган. Бу — икки мамлакат ўртасидаги савдо тарихидаги энг юқори кўрсаткич. 2024 йилда экспорт қийматининг энг юқори нуқтаси 223 миллион доллар бўлган.

Фото: AP

2025 йил ноябр ойида Россия Хитойга икки мамлакат ўртасидаги савдо тарихидаги энг катта суммага — 961 млн АҚШ доллари (818,6 млн евро) миқдорида олтин қуймаларини етказиб берди. Бу ҳақда 20 декабр, шанба куни Россия давлат агентлиги “РИА Новости” Хитой божхонаси маълумотларига таяниб хабар қилди.

Октябр ойида Россия Хитойга бундан бироз камроқ миқдорда олтин етказган: ўшанда умумий сумма 930 млн доллар (792,2 млн евро)ни ташкил этган. Агентлик қайд этишича, 2025 йилнинг 11 ойи давомида Хитойнинг Россия олтини импорти жами 1,9 млрд доллар (1,6 млрд евро) бўлган. Январ–сентябр ойларида етказиб беришлар йиғиндиси бор-йўғи 9 млн доллар (7,6 млн евро)га тенг бўлган.

Таққослаш учун: 2024 йил октябр–ноябр ойларида Россия олтини Хитойга умуман экспорт қилинмаган, ўша йилда етказиб беришларнинг энг юқори қиймати эса атиги 223 млн доллар (189,9 млн евро) бўлган.

“РИА Новости” келтирган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг тўққиз ойида Россия Хитойга жами 9 млн долларлик олтин етказиб берган — бу, эҳтимол, Bloomberg агентлигининг июл ойидаги нашрида келтирилган маълумотлар билан зид келади.

Bloomberg мақоласида 2025 йил биринчи ярмида Россиянинг қимматбаҳо металлар экспорти Хитойга деярли икки бараварга ошиб, 1 млрд долларга етгани айтилган. Бу сумманинг қанча қисми олтин ҳиссасига тўғри келиши агентлик томонидан аниқ кўрсатилмаган, бироқ ҳажм ўсишининг асосий сабаблари сифатида олтин нархларининг рекорд даражага чиққани ва ички талабнинг юқорилиги келтирилган.

Ноябр ойи ўрталарида Британиянинг The Financial Times газетаси таҳлилчилар Хитой Халқ банки ҳар ой маълум қиладиган олтин харидлари ҳажми паст эканига ишонмаслигини ёзди. Франциянинг Société Générale молиявий конгломерати экспертлари баҳосига кўра, 2025 йилда Хитойнинг умумий олтин хариди 250 тоннани ташкил этади — бу бошқа давлатлар марказий банкларининг жами талабининг учдан бир қисмидан ҳам кўпроқ.

Бундан ташқари, бу ҳажм расмий маълумотлардан 10 баробардан ҳам юқори. Жаҳон олтин кенгаши сайтида жамланган Хитой расмий маълумотларига кўра, Хитой 2025 йил январ–сентябр ойларида ушбу қимматбаҳо металлдан 23,95 тонна сотиб олган. Таҳлилчилар мамлакатнинг олтинга катта қизиқишини долларда захира сақлашдан воз кечиш билан изоҳлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид