Жамият | 22:32 / 23.12.2025
1979
7 дақиқада ўқилади

“Kun.uz’да чиққан видео сабаб орзумга эришдим” – Ҳарвард грантини ютган қиз

Дилафруз Собирова Фарғона шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси. IELTS’дан 8, SAT имтиҳонидан 1540 баллни қўлга киритган, немис тилидан Multilevel имтиҳонида ҳам B2 даражани эгаллаган. У Ҳарвард университетига 100 фоизлик грантни қўлга киритиб интеграциялашган биология йўналишига қабул қилинди. Қаҳрамонимиз Kun.uz’да эълон қилинган Гўзалхон Ҳайдарова ҳақидаги видеоматериални кўриб илҳомланиб орзусига эришгани ҳақида сўзлаб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Дилафруз Собирова президент мактабида эко-қўмита сардори, Янги Ўзбекистон университети томонидан ташкилланган Hogwarts ёзги оромгоҳи қатнашчиси, Breakthrough Junior Challenge Top 30%даги видео соҳибаси, Hippo халқаро инглиз тили олимпиадаси 2022-2023 ярим-финалисти ва инглиз тили олимпиадасининг вилоят босқичи ғолибаси бўлган экан.

Гўзалхон Ҳайдарованинг интервюси ҳаётимни ўзгартирди...

Мен Ҳарвард университетининг интеграциялашган биология йўналишига 100 фоиз грант билан қабул қилиндим. Фарғона шаҳридаги президент мактабида ўқиётган пайтимда наманганлик Гўзалхон Ҳайдарова Ҳарвардга ўқишга кирибди, деган хушхабарни айтишганди бизга. У бу муваффақиятга қандай эришгани ҳақида Kun.uz сайтига интервю берган экан. Ўшанда 168 нафар ўқувчини йиғиб, ана шу интервюни қўйиб беришганди. Айнан шу видеони кўриб (ўша пайтда 8-синф ўқувчиси эдим) мен ҳам Ҳарвардга кираман, деб ичимда орзу пайдо бўлганди. Шундан сўнг Telegram’даги профилимга Ҳарвард университетининг расмини қўйганман. Ўшандан бери ҳали ўзгартирганим йўқ. Аллоҳ насиб қилган экан икки йил ўтиб, ўша университетга қабул қилиндим. Бугун эрталаб соат 5:00 да чиқди натижалар.

Дилафруз Собирова

Натижалар чиққач устозим Jons Hopkins университети талабаси Бобур Бахтиёров табриклагани келди. Натижалар чиқишини ҳаммасиз интиқ бўлиб кутаётган эдик. Натижани кўриб ўзимни назорат қила олмадим, кўзимга ёш келиб кетди-да. Шунча йил кутган нарсам худди ишониб бўлмайдиган тушга ўхшар эди-да. Тушда ҳам шунақа бўлиши мумкин-ку, балки туш кўряпман деб ўйладим. Кейин йўқ, ҳаммаси ҳақиқат экан...

Ҳарвардни Ҳарвард қиладиган ўқувчиларнинг натижалари...

Қува туманининг Хонобод қишлоғида яшаймиз. Отам шифокор, онам ўқитувчи, оилада тўнғич фарзандман. Ота-онам бу ютуғимдан бошлари кўкка етди. Бошимдан ўтгани шу бўлдики, инсон энг аввалло орзуга албатта эришаман деб ишониши керак экан. Чунки кўпчилик Ҳарвард катта университет, кира олмайсан дейишганди. Лекин ниятимдан қайтмадим. Нега? Чунки ўзимда ўша ишончни топишимга ўша профилга қўйган университет сурати, кўрган видеоматериал ёрдам берди.

Ҳарвардга ҳамма ҳам бора олмайди. Инглиз тилини, математикани билишингиз керак, фанларни етарлича ўзлаштира олишингиз керак. Иқтидорли ўқувчилар жуда кўп. Лекин Ҳарвард ҳамма иқтидорлиларни ҳам қабул қила олмайди. Жойи чекланган. Мисол учун Ўзбекистондан дейлик битта ўқувчи қабул қилган бўлса керак. Лекин юртимиздан ўша нуфузли олийгоҳга хужжат топширган ўқувчиларнинг деярли ҳаммаси иқтидорли эди. Мисол учун, тажрибамда ўтган: дарсдан ташқари экология муаммолари билан шуғулланардим. Биология бўйича тажрибалар қилиб, уларни видео шаклида Instagram’га, YouTube’га жойлар эдим. Баъзиларини ўзбек, баъзиларини инглиз тилида. Дарсдан ташқари вақтимни самарали ўтказишга ҳаракат қилганман. Чунки биламан, ҳаммамиз бир хил дарс ўқиймиз, бир хил нарсамиз бор. Лекин бизни ажратадиган нарса дарсдан кейин нима қилишимиз бўлган. Шунинг учун бошқалардан ажралиб турадиган ҳамда одамларга фойда келтирадиган машғулотлар билан шуғулланишга ҳаракат қилганман. Аёлларни, хотин-қизларни йиғиб, ҳам онлайн, ҳам офлайн дарс ўтганмиз. Фарғона Давлат университетидан ўқитишни бошлаганмиз. Кейин онлайн ўқитишни ҳам йўлга қўйдик. Айнан шу каби биз қилган машғулотларимиз бошқалардан ажратиб турган ва бизни одамларга ёрдам бера олганимиз ва айнан ёрдам бериш жараёнида ўзимизда ҳам бўлган ўзгариш айнан Ҳарвардга маъқул келган. Уларда шундай ҳис бўлганки, демак, бу ўқувчи шунча ўқибди, шунча нарсани қилибди. Демак, бизнинг университетимизга келганда ҳам биз берган ресурслардан самарали фойдалана олиб, дейлик, президент бўла олади, Нобел юта олади. Бизнинг Ҳарвардни дунёга танита олади. Ҳарвардни Ҳарвард қиладиган ўқувчиларнинг натижалари. Уларга натижа қиладиган ўқувчи керак. Қаердан билишади? Улар тахмин қила олмайди. Аниқ билишмайди, лекин ўқувчининг қилган ишига қараб нима қила олишини тахмин қилишади.

Ибн Сино издоши...

Уйимиздаги иссиқхонада гуллар парвариш қиламиз. Болалигимдан, туғилганимдан бошлаб гулларни кўриб вояга етганман. Яшилликни кўриб табиий фанларга қизиқиб қолганман.

Атрофда, айниқса Ўзбекистонда экологик муаммолар кўп. Айниқса ҳаво ифлосланиши Тошкентда, ўзимизнинг Фарғонада ҳам етарлича. Биологияни айнан табиатдаги муаммоларни ечиш учун фойдаланишимиз мумкин. Барча қизиқишимларни бирлаштиришга қарор қилдим ва кўрдимки Ҳарвардда шундай йўналиш бор экан...

Биологияни табиатни ҳимоя қилиш соҳасида қўлламоқчиман. Айнан шу табиатдаги муаммоларни ечиш учун биологияни ишлатмоқчиман. Бундан ташқари генетикани кўпроқ ўрганмоқчиман. Айнан биз гулларни бирлаштирганмиз, гулларнинг генларини. Келиб яна балки генетика соҳасида Ўзбекистонда кашфиёт қилишим мумкин. Ибн Сино боболаримиз айнан шу биология, тиббиёт, генетика соҳасида бутун дунёда биринчи бўлишган. Авиценна номини олган бутун Европа бўйича. Лекин орада узилиш бўлди. Энди яна ўша узилишдан кейин яна ўша учинчи Ренессанс, президентимиз айтганидек, учинчи Ренессанснинг пойдеворини қўйиб, яна ўша аждодларга мос авлод бўлиб, айнан уларнинг номини қайтармоқчиман. Худди ибн Синодек Дилафрўз деганда бутун дунё билишини хоҳлайман.

Энг муҳими орзу билан яшанг...

Ҳарвард университетида маълум талаблар: IELTS, SAT халқаро имтиҳонлари бор. IELTS’дан 8 балл, SАТ имтиҳонидан 1540 баллни қўлга киритганман ва энг илк қадамни қўймоқчи бўлган ёшлар ҳам айнан шу имтиҳонларни топшириб, айнан шу талабларни қондиришлари керак бўлади.

Энди ёшларга маслаҳатим, бугун Ҳарвард талабаси бўлган ўқувчи сифатида, оддий бир ўзбек қизи сифатида сизларга айтадиган гапим бор. Энг муҳими орзу билан яшанг. Орзуйим Ҳарвардга кириш бўлган. Айнан орзу ортидан эргашдим ва насиб қилди, шунга эришдим. Орзунгиз шунчалик кучли бўлсинки, у тунлари сизни ухлатмасин. Айнан ўша орзуга эришиш учун ҳаракат қилинг. Орзу шунчалик кучли бўлсин, унга боғланиб қолинг. Албатта бир кун унга эришасиз. Хоҳ Ҳарвард бўлсин, хоҳ бошқа нуфузли университет. Энг муҳими ҳаракатдан тўхтаманг, ният қилишдан тўхтаманг.

Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид