Жаҳон | 15:22 / 24.12.2025
3572
3 дақиқада ўқилади

Қрим: мобил интернет уруш тугагунча блокланади

Қўшиб олинган Қрим “ҳокимияти” мобил интернетга қўйилган чекловлар хавфсизлик сабаблари билан уруш тугагунча давом этишини билдирди. Россия тайинлаган минтақанинг “раҳбари” Сергей Аксенов эса аҳолини блоклашга “кўникиш”га чақирди.

Фото: AP

Россия томонидан қўшиб олинган Қрим “ҳокимияти” хавфсизлик мулоҳазаларига кўра, Украинага қарши уруш тугагунча мобил интернет ишини чеклаш давом этишини билдирди. Москва тайинлаган Қрим “раҳбари” Сергей Аксенов эса аҳолини блоклашга “кўникиш”га чақирди: “Бу ерда шунчаки бунга кўникиш, ишлашнинг бошқа режимига ўтиш керак”, — деди у.

Шунга ўхшаш чоралар 2025 йил ноябрида Уляновск вилоятида ҳам жорий этилган. У ерда маҳаллий ҳокимият Украинадаги уруш тугагунча мобил интернет ишини сезиларли даражада чеклаб қўйган.

Доимий ёки вақтинча чекловлар амал қилган ҳудудларда РФ Рақамли тараққиёт вазирлиги тайёрлаган “оқ рўйхат” (white list)даги сайтлар ишлаши керак. Улар қаторида МАХ “миллий мессенжери”, “Госуслуги”, “Яндекс” сервислари, “ВКонтакте”, “Мир” тўлов тизими, ҳукуматга яқин “Известия” газетаси ҳамда ТАСС агентлиги сайтлари бор. “Верстка” нашри ёзишича, “оқ рўйхат”даги сайтларга кириш ҳар доим ҳам тўғри ишлайвермайди. Шу сабаб блоклаш пайтида кўплаб россияликлар товар ва хизматлар ҳақини тўлай олмайди, такси чақиришда қийналади, масофадан ишлаш ва ўқиш имконияти чекланади.

Яқинда “тўғридан тўғри мулоқот” вақтида Россия президенти Владимир Путин мобил интернетни ўчириш “хавфсизлик мақсадида” зарурлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, хорижий сервислар гўё интернет орқали Украинага “дрон зарбалари учун нишонларни танлаш”да ёрдам бериши мумкин.

2025 йил баҳоридан бошлаб Россия ҳокимияти мобил интернетни мунтазам равишда чеклай бошлади. Одатда бундай чекловлар дронлар ҳужумлари вақтига тўғри келади. Айрим ҳолларда блоклаш бир неча кунлаб давом этиши мумкин: декабр ойида Санкт-Петербург аҳолиси шундай муаммога дуч келган — улар бир ҳафтадан ортиқ мобил интернетдан тўлиқ фойдалана олмаган.

Бундан ташқари, Роскомнадзор мессенжер WhatsApp ишини ҳам секинлаштиришда давом этмоқда. Россия ҳокимияти фикрича, у, хусусан, “РФда террорчилик ҳаракатлари учун ишлатилади”. РБК агентлиги хабар қилишича, 22 декабрдан бери идора мессенжер ишини “70–80 фоизга” секинлаштирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид