Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ маъмуриятида бўлиниш: Стив Уиткофф Марко Рубиога қарши
Сабаб – Россия ва Украина ўртасидаги уруш қандай якунланиши бўйича қарашлар турличалиги. Ва Трампнинг махсус вакили хавфсизлик масалаларига бепарволик билан қараётгани.
Фото: Chandan Khanna / AFP / Scanpix / LETA
АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубио Вашингтоннинг етакчи музокарачиси роли учун, жумладан, Россия-Украина урушини якунлаш жараёнида рақобатлашмоқда, дея таъкидлайди NBC News. Телеканал сайтида Доналд Трамп маъмуриятининг рақобатчи мулозимлари ўртасида юзага келган бўлиниш ва келишмовчиликлар ҳақида мақола эълон қилинди. У Америка ва Европадаги ўнлаб амалдаги ва собиқ расмийлар билан суҳбатларга асосланган.
NBC суҳбатдошларига кўра, президент маъмуриятида рақобатлашувчи фракциялар юзага келиши ва ҳокимият учун кураш кечиши одатий ҳол. Аммо, дея қайд этади улар, ташқи сиёсатдаги энг муҳим вазифалардан бирини ҳал қилишда давлат котиби иккинчи ўринга тушиб, дипломатияда янги бўлган одамга ўз ўрнини бўшатиб бериши жуда ғайриоддий ҳолат. Бу ҳолат жиддий хавотир уйғотмоқда, дейди манбалар.
Трамп Уиткоффни «келишувлар бўйича ажойиб мутахассис» деб ҳисобласа, конгрессдаги танқидчилар, Европадагилар ва ҳатто президент маъмуриятидагиларнинг бир қисми уни дипломатияда «Россиянинг даъволарини жон деб қабул қиладиган» ҳаваскор (дилетант) деб ҳисоблашади. «У – руслар учун совға», – дейди конгресс вакили анонимлик шарти билан.
Америка расмийлари Уиткофф Россия ва Украина ўртасидаги урушни якунлаш бўйича музокараларда Рубиони четлаб ўтишга уринаётганини бир неча бор қайд этишган. Улар Трамп маслаҳатчиси Рубиони хабардор қилмасдан тинчлик музокаралари мавзулари муҳокама қилинган халқаро учрашувлар ташкиллаштирган бир неча ҳолатларни санашади.
Хусусан, 2025 йил апрелида давлат котиби Украина бўйича музокараларда қатнашиш учун Парижга учиши керак эди. Сафар арафасида Рубио жамоаси Уиткофф Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашув белгилаганидан хабар топади. Рубио бу музокараларга қўшилиш учун рухсат сўрайди, француз томони эса буни Уиткоффдан сўрашни таклиф қилади.
NBC хабарида қайд этилишича, бу ёрдамчилари махсус элчи билан боғланиш учун анча уринган давлат котиби учун «таҳқиромуз бурилиш нуқтаси» бўлган. Якунда Рубио Уиткоффни топган ва Макрон билан учрашувга қўшиладиган бўлган, дея ҳикоя қилишади телеканал суҳбатдошлари. Рубионинг иш тақвимида кўрсатилишича, у ўша сафар вақтида Франция президенти билан юзма-юз учрашув ҳам ўтказган.
Ноябр ойида Давлат департаменти раҳбари Швейцарияда украин расмийлари билан музокаралар ўтказишни режа қилади. Аммо Уиткофф департаментдагиларни огоҳлантирмасдан, Женевага олдинроқ йўл олади. Махсус вакилнинг бу ҳаракати Рубиодан илдамроқ ҳаракат қилиб, Украина билан музокараларни ўзи истагандек – Оқ уйдаги ҳамкасби билан мувофиқлаштирмасдан олиб боришга уриниш деб баҳоланди. Телеканал суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Рубио барибир Женевага етиб боради ва учрашув ўзининг иштирокисиз кечишига йўл қўймайди.
Шунга ўхшаш яна бир эпизод Швейцариядаги учрашувдан бир неча кун кейин содир бўлган. Уиткофф Флоридада Украина вакиллари билан музокаралар ташкиллаштирган, аммо Рубио бу ҳақда украин музокарачилари орқали хабар топган. «Рубио бу ишдан четлатилгани кундек равшан. Бу ишларни айнан у бошқариши керак эди», – дея қайд этади Оқ уй маъмуриятидаги юқори мартабали мулозимлардан бири NBC учун изоҳида.
Журналистлар фикрича, Уиткофф ва Рубио ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий сабаби шундаки, махсус вакил ҳамда Давлат департаменти раҳбарининг урушни қандай якунлаш ва Вашингтон Москванинг ваъдаларига қанчалик ишониши мумкинлиги ҳақидаги қарашлари турлича.
Уиткофф Трампнинг кўрсатмаларини бажаришга ва имкон қадар тезроқ келишувга эришишга ҳаракат қилмоқда. У Украина ҳудудий ён беришга рози бўлиши кераклигини назарда тутувчи режани илгари сурган. Ўз навбатида, Рубио ва маъмуриятнинг баъзи бошқа мулозимлари Владимир Путинни ён беришга мажбурлаш учун Россияга иқтисодий ва ҳарбий босимни кучайтириш тарафдори. АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари ҳам худди шундай фикрда.
Давлат департаментида эса расмийлар ўртасидаги бўлиниш ҳақидаги хабарлар рад этилди. «Улар ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ ва бўлмаган. Вазир Рубио ва махсус вакил Уиткофф ўртасида яқин иш муносабатлари бор, улар дўст. Иккиси ҳам президентнинг мақсадларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва уларнинг ҳар бири Трампнинг урушни қандай тугатиш ва тўлиқ ҳамкорликда тинчликка эришиш ҳақидаги ғоясини амалга оширади», – деди идора вакили Томми Пиготт NBC телеканалига.
Рубионинг ўзи 19 декабр кунги матбуот анжуманида тинчлик музокараларида Америка томони вакиллари қатъий координация шароитида ҳаракат қилаётганини айтди. Шу билан бирга, давлат котиби Уиткоффни «иши учун ҳақ тўланмайдиган» «феноменал, истеъдодли ва жуда ақлли инсон» деб атаган.
Давлат департаменти вакилларининг Уиткоффга бошқа эътирозлари унинг Россияга сафарлар чоғида хавфсизлик ва махфийлик масалаларига бепарволик қилаётгани билан боғлиқ. Масалан, у ҳимояланмаган алоқа воситаларидан фойдаланган.
NBC манбаларига кўра, Давлат департаменти ходимлари Уиткоффнинг Трамп маъмуриятидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ шахсий самолётида хавфсиз алоқани таъминлаш ва лайнерни қўриқлаш масаласида у билан зиддиятга борган. Баъзи суҳбатдошлар махсус вакилнинг хорижий хизмат сафарларида ҳукумат ҳаво флотидан эмас, балки ўз самолётидан фойдаланиш қарорини жиддий шубҳа остига олишади.
Май ойида Давлат департаменти текширув ўтказади, шундан кейин Уиткофф самолётда қўшимча қўриқлов ҳамда ҳимояланган мобил алоқа тизими билан таъминланади. Хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, расмийларда барибир Уиткофф доим ҳам ҳукуматнинг хавфсиз алоқа тизимидан фойдаланмаслиги борасида хавотирлар бор.
Бу хавотирлар махсус вакил ва Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ўртасидаги суҳбатнинг расшифровкаси тарқалиб кетганидан кейин янада кучайди. Уларнинг суҳбати стенограммаси Bloomberg агентлиги томонидан эълон қилинган бўлиб, маълумотлар қаердан тарқалганига аниқлик киритилмаган. Ушаков постга изоҳ бераркан, Уиткофф билан баъзан WhatsApp орқали мулоқот қилишини айтган.
Трампнинг махсус вакили телеканалнинг бу борадаги саволларига жавоб бермасдан, журналистларни Оқ уйга йўналтирган. У ердагилар Уиткофф барча хавфсизлик чораларига амал қилиши, у самолёти бортида эса аввалдан ҳимояланган алоқа бўлганини маълум қилишган.
Бундан ташқари, NBC таъкидлашича, Рубио АҚШнинг 28 банддан иборат тинчлик режасининг биринчи варианти сизиб чиқиши ортидан авж олган дипломатик можарони тинчитишига тўғри келган. Бу версияни россияпараст руҳда тайёрланган деб топишди. Хабар қилишларича, режани тайёрлашда АҚШ вакиллари, хусусан, келишув «архитектори» деб аталган Уиткофф РФ вакиллари билан маслаҳатлашган.
Ўтган вақт мобайнида режа Украина вакиллари билан музокаралар давомида ўзгаришларга учради. Келишув устида иш давом этмоқда. Хусусан, ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари АҚШ делегацияси Майамида украин расмийлари билан учрашди. Вашингтон делегацияси таркибида Уиткофф ҳам бўлган. Рубионинг иштироки ҳақида хабар берилмаган.
Мавзуга оид
08:31 / 15.12.2025
Уиткофф Берлиндаги учрашувдан сўнг: ўт очишни тўхтатишга яқинлашдик
18:01 / 07.12.2025
АҚШ ва Украина ўртасидаги уч кунлик музокараларда ўсишга эришилмади
00:48 / 07.12.2025
Зеленский Уиткофф ва Трампнинг куёви билан тинчлик масаласини муҳокама қилди
23:00 / 04.12.2025