Иқтисодиёт | 07:27
7394
3 дақиқада ўқилади

Олтин учун "пойга": 2000 йилдан бери захираларини энг кўп оширган давлатлар

XXI аср бошидан бери дунё бўйлаб марказий банклар ўзининг олтин захираларини изчил равишда кўпайтириб келмоқда — сўнгги йилларда бу тенденция янада тезлашди. Инфляция, санкциялар ва ўзгариб бораётган геосиёсат шароитида захира валюталарига, айниқса АҚШ долларига ишонч тобора кўпроқ синовдан ўтмоқда. Шунинг учун кўплаб давлатлар олтинни қийматни сақлаб қолишнинг стратегик воситаси сифатида кўра бошлади.

Фото: Англия банки

Келтирилган инфографика 2000–2024 йиллар оралиғида расмий олтин захираларининг соф ўсишини яққол кўрсатади. Визуализация асосидаги маълумотлар Жаҳон олтин кенгаши, ХВЖ, Жаҳон банки ва марказий банклар билан боғлиқ бошқа манбалардан олинган.

Абсолют етакчи — Россия: у 2000 йилдан бери олтин захираларини таъсирчан даражада, +1948 тоннага оширган ва фақат озгина фарқ билан Хитойни ортда қолдирган. Хитой эса +1885 тонна қўшган. Умуман олганда, шу икки давлат кўриб чиқилаётган даврда марказий банклар томонидан харид қилинган олтиннинг ярмидан кўпини таъминлаган.

Россия ва Хитойда олтин захираларининг кескин ўсиши долларга қарамликни камайтиришга қаратилган кенгроқ стратегиянинг бир қисми бўлди. Ғарб санкциялари жорий этилганидан кейин Россия дедолларизация йўналишини анча тезлаштирди ва музлатиб қўйиш ёки қадрсизланиш хавфи камроқ бўлган актив сифатида олтинга таяна бошлади.

Хитойнинг мотивлари ҳам стратегик тусга эга. АҚШ билан савдо қарама-қаршиликлари ва юанга халқаро мақом бериш истаги шароитида Пекин олтин захираларини босқичма-босқич кўпайтирмоқда — кўпинча бу марказий банкнинг кўзга ташланмайдиган харидлари ва ички конлардан олинаётган олтинни захирага ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, Россия ва Хитой АҚШ молиявий тизимини четлаб ўтадиган, олтин савдосига доир тарихий икки томонлама келишувлар ҳам тузган.

Бу қадамларнинг барчаси янада кенг глобал трендга мос келади: бугун марказий банклар жами ҳисобда АҚШ хазина облигацияларига қараганда олтинни кўпроқ ҳажмда ушлаб турибди. Бу сиёсий жиҳатдан таранг ва парчаланган дунёда олтиннинг жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Россия ва Хитой харид ҳажми бўйича бошқалардан анча олдинда кетса-да, бир қатор ривожланаётган иқтисодиётлар ҳам олтин захираларини фаол оширмоқда:

  • Ҳиндистон (+518 тонна) — валюта беқарорлиги ва инфляция хавфлари фонида захираларни кўпайтирди;
  • Туркия (+501 тонна) — иқтисодий турбулентлик ва лиранинг қадрсизланиши шароитида олтиндан фаол фойдаланмоқда;
  • Полша ва Қозоғистон — захираларни диверсификация қилиш стратегияси доирасида юзлаб тонна олтин қўшди.

Форс кўрфази мамлакатлари — хусусан Саудия Арабистони ва Қатар ҳам олтин улушини оширмоқда. Бу уларнинг Vision 2030 ва шунга ўхшаш миллий ташаббусларини ўз ичига олган кенг қамровли иқтисодий трансформация дастурларига уйғунлаштирилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид