Жаҳон | 14:28 / 26.12.2025
3965
2 дақиқада ўқилади

Украина Новошахтинск НҚЗга Storm Shadow ракеталари билан зарба берди

Украина Ростов вилоятидаги Новошахтинск шаҳрида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводи (НҚЗ)га яна зарба берди. Бу сафар Украина Қуролли кучлари ҳужум учун Storm Shadow ракеталаридан фойдаланган. Корхона ҳудудида портлашлар бўлиб, ёнғин бошланган.

Фото: Lewis Joly/AP Photo/File/picture alliance

Украина Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига Storm Shadow қанотли ракеталари билан зарба берган. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби Telegram-каналида 25 декабр, пайшанба куни хабар қилинди.

Киев “ҳаводан учириладиган Storm Shadow қанотли ракеталари билан Новошахтинск НҚЗга муваффақиятли зарба берилгани” ҳақида билдирди. “Кўплаб портлашлар қайд этилди, нишон урилди”, — деб қўшимча қилди Бош штаб. У ерда таъкидланишича, мазкур НҚЗ Россия армияси учун дизел ёнилғиси ва авиация керосинини етказиб беради.

Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар Новошахтинскка берилган зарбаларни тасдиқлаб, у ерда “портлашлар содир бўлгани”ни айтди. Мансабдор маълумотига кўра, ёнғинни ўчириш пайтида бир нафар ўт ўчирувчи жабрланган.

Зарар кўлами ҳозирча аниқ белгиланмаган. Украинанинг Exilenova+ Telegram-канали НҚЗ устида қора тутун устунлари кўтарилаётгани акс этган кадрларни эълон қилди.

Кенг кўламли ҳужум бошланганидан бери Украина камида олти марта Новошахтинск НҚЗга ҳужум қилган. Биринчи ҳужум 2024 йил март ойида бўлган. Ҳозирги ҳужум эса ушбу заводга қарши Storm Shadow қўлланган илк ҳужум ҳисобланади.

Новошахтинск НҚЗ Украина назоратидаги ҳудуддан тахминан 175 км узоқликда жойлашган. Storm Shadow ракеталарининг учиш масофаси 250 кмдан ортиқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид