Жаҳон | 12:06
940
3 дақиқада ўқилади

Фон дер Ляйен: Киев хавфсизлиги — биринчи навбатдаги шарт

Еврокомиссия раиси ва Европа етакчилари Доналд Трамп ҳамда Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, Киев “энг биринчи кунданоқ” хавфсизлик кафолатларини олиши керак.

Фото: Stephanie Lecocq/REUTERS

Украинага уруш тўхтаган биринчи кунданоқ “темирдек” хавфсизлик кафолатлари берилиши керак. Бу ҳақда якшанба, 28 декабр куни, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен АҚШ ва Украина президентлари билан ўтказилган телефон мулоқотлари якунлари бўйича X ижтимоий тармоғида ёзди.

Еврокомиссия раҳбари Доналд Трамп, Володимир Зеленский ва бир қатор Европа етакчилари билан “яхши, бир соатлик суҳбат” бўлганини, унда АҚШ ва Украина раҳбарларининг тинчлик йўлидаги учрашуви муҳокама қилинганини қайд этди.

“Яхши илгарилашга эришилди ва биз уни олқишладик. Европа Украина ва америкалик шерикларимиз билан бу илгарилашни мустаҳкамлаш учун ҳамкорликни давом эттиришга тайёр”, — деди фон дер Ляйен ва шундай қўшимча қилди: “Бу саъй-ҳаракатларда энг биринчи навбатдаги аҳамият — уруш тўхтаган биринчи кунданоқ темирдек хавфсизлик кафолатларининг мавжуд бўлишидир”.

Телефон мулоқотида Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэл Макрон, Финляндия президенти Александер Стубб ва Полша президенти Карол Навроцкий, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Италия бош вазири Жоржа Мелони, шунингдек НАТО бош котиби Марк Рютте иштирок этган.

Трамп билан қўшма матбуот анжуманида Зеленский АҚШ–Украина хавфсизлик кафолатлари 100 фоизга келишилганига ишонч билдирди. Украина раҳбарининг қўшимча қилишича, АҚШ–Европа–Украина хавфсизлик кафолатлари ҳам деярли ишлаб чиқилган. Оқ уй раҳбарининг айтишича, Киев хавфсизлигини таъминлашга оид вазифаларнинг катта қисмини Европа ўз зиммасига олади, бироқ Вашингтон бу масалада қўллаб-қувватлашга тайёр.

Politico онлайн-нашри маълумотига кўра, 28 декабр куни Трамп ва Зеленский музокараларида Украина учун хавфсизлик кафолатлари, украин президентининг мамлакат шарқида демилитаризация қилинган зона яратиш таклифи, Запорижжя АЭС бошқаруви ва Донбасс ҳудудлари устидан назорат масалалари муҳокама қилиниши керак эди. Украина раҳбари, агар Россия камида 60 кунлик ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, тинчлик режасини референдумга қўйишга тайёр эканини билдирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид