Спорт | 15:09
4324
17 дақиқада ўқилади

Йил якунлари. Ўзбек футболидаги 10 муҳим воқеа

2025 йил ўзбек футболи учун эътиборли воқеаларга бой бўлди. Сўнгги ўн йиллик, янги аср, умуман, футболимиз тарихида шу пайтгача кузатилмаган ҳодисалар биргина йилга сиққанининг ўзи – мухлислар учун эсда қоларли давр бўлганини кўрсатади. Қуйида бу воқеалар бирма-бир эслаб ўтилади.

Абдуқодир Ҳусанов АПЛда

Бир йил олдин шу пайтларда Абдуқодир Ҳусановга «Манчестер Сити» қизиқаётгани ҳақидаги хабарлар чиққанида кўпчилик бу рўй беришига ишонмаганди. Ўзбекистонлик ҳимоячи у пайтларда «Ланс»да энди ўзини кўрсата бошлаган, унинг маҳоратига ўзбек мухлисларида шубҳа бўлмаса-да, бирданига энг чўққига, Пеп Гвардиоланинг «қўлига» бориб тушишни Ҳусановнинг ўзи ҳам орзу қилган бўлса-да, бу шу қадар тез рўй беришини ўзи ҳам кутмагани тайин.

Аммо бу содир бўлди. 2025 йил бошида бутун дунё ўзбекистонлик ҳимоячи ҳақида билиб олди, тармоқлардан Ўзбекистон миллий жамоаси, Ҳусановнинг ўйинлари ҳақида маълумотлар қидира бошлашди. Ҳусанов феврал ойидаёқ «Челси»га қарши дебют қилди, кейин бир қатор ўйинларда бошланғич таркибда тушиб, жамоа учун қийин даврда ўзини кўрсатди. У мавсум давомида асосий таркибдан тушиб қолди, аммо бу нормал ҳолат – «Манчестер Сити» каби топ-жамоа рўйхатида бўлиш, деярли ҳамма ўйинда қайдномадан ўрин олиш ҳам жуда катта воқеа. Эрлинг Ҳоланд билан бирга машғулотлар эса ҳеч қайси расмий ўйин бермайдиган тажрибани тақдим этиши шубҳасиз.

2025 йилда Абдуқодир Ҳусанов жами 19 ўйинда «Манчестер Сити» либосида кўриниш берди – АПЛда 11, Чемпионлар Лигасида 3, ички кубок ўйинларида 4 ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 1 марта. Англия кубогида «Лейтон Ориент» дарвозасига гол ҳам урди. Килиан Мбаппе, Винисиус, Муҳаммад Салоҳ, Сон Ҳёнг Мин, Александр Исак, Виктор Йокереш каби номдор ҳужумчиларга қарши ҳаракат қилди. Энг муҳими, айнан 2025 йилда Ҳусанов исми энди футбол олами учун бегона эмас, унинг устунликлари, камчиликлари маълум ва доим ҳимояни кучайтириш мақсадида трансфер бозорига чиққан топ-жамоалар учун вариант сифатида тилга олинаверади. 

U17 жамоаси – Осиё чемпиони

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси охирги бор 2012 йилда, Дилшод Нуралиев қўл остида қитъа чемпионига айланганди. Ислом Исмоилов шогирдлари тарихда иккинчи марта мана шундай совринга эга бўлишди.

Финалдаги воқеаларнинг фантастик ривожи эса бу чемпионликнинг қадрини янада оширди. Майдон эгалари бўлмиш Саудия Арабистони вакилларига қарши финалда икки футболчи четлаштирилиши оқибатида сон жиҳатдан озчилик бўлиб қолиб ҳам 2 гол уриш оламшумул воқеага айланган ва бу қаҳрамонлик интернет оламида шов-шув кўтарганди.

Бу жамоа мундиалда ҳам уялтириб қўймади. Ирландия, Парагвай ва Панама каби жамоалардан ташкил топган гуруҳда 6 очкони қўлга киритиб, 2-ўрин билан плей-оффга йўлланма олди. 1/16 финалда эса анча кучли ҳисобланган Хорватия билан тенгма тенг ўйин кўрсатиб, пеналтилар сериясида устун келишди. Нимчорак финал босқичида эса Европанинг яна бир жамоаси – Италия кутиб олди. Ўйин европаликларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

«Пахтакор»нинг тарихий ғалабаси

Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клубини Осиёнинг «Реал»и деб аташади. Мамлакат футболига катта пуллар оқими кириб келиб, кўплаб маҳаллий жамоаларда европалик юлдузлар пайдо бўлганидан кейин ҳам ушбу жамоа ўз мақомини сақлаб қолди ва айни дамда энг кучли таркиблардан бирига эга. Европадаги ўйинлари орқали бизга таниш бўлган Леонардо, Малком, Милинкович-Савич, Невеш, Кулибали, Буну каби футболчиларни ортиқча таништиришга ҳожат бўлмаса керак. «Ҳилол» июн ойидаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида «Реал» билан дуранг ўйнаб (1:1), «Манчестер Сити»ни мағлуб этгани (4:3) ҳам кўп нарсадан далолат беради.

Март ойида, Осиё Элит чемпионлар лигаси нимчорак финалида «Пахтакор» айнан шу жамоани 1:0 ҳисобида доғда қолдира олди. Тўғри, ушбу жамоа Тошкентдаги ўйинга бироз пастроқ назар билан қараган бўлиши мумкин, зеро жавоб ўйинида араблар йирик ҳисобда (4:0) устун келиб, кейинги босқичга ўтганди, лекин расмий, юқорида номлари саналган футболчилар майдонда бўлган таркиб устидан ғалаба қозонишнинг ўзи ҳам эсда қоларли натижа. Нафақат минимал ҳисоб, умуман ўйин бўйича ҳам, яратилган вазиятлар, хавфли зарбалар бўйича ҳам ўша куни «Пахтакор» устун келганди.

Ўзи «Ал Ҳилол» айни дамда 14 ўйинлик ғалабали серияга эга ва умуман 2025 йилда жуда кам ютқазди. Саудиянинг бошқа суперклублари – «Ан Наср», «Ал Иттиҳод», «Ал Қодисия», «Ал Аҳли» ҳамда «Флуминенсе» каби жамоалар сафида «Пахтакор» ҳам бор.

Дарвоқе, бу рўйхатдан «Насаф» ҳам жой олиши мумкин эди. Сентябр ойида, ОЧЛнинг янги мавсуми гуруҳ босқичи доирасида Қаршида кечган ўйинда мезбонлар «Ал Ҳилол» билан ўйиннинг 79-дақиқасигача 2:2 ҳисобини қайд этиб турган ва қолган вақт мобайнида ғалабани илиб кетиш имконияти бор эди. Аммо бу йил «Насаф»ники эмасди.

Ўзбекистонда илк мундиал

Мустақилликдан кейинги даврдаги футболимиз, у яратаётган кайфият, чиқарилган қарорлар, умуман, футболга бўлган муносабат бўйича ўлчанса, доим асосий мезон – миллий жамоанинг жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиши ҳисобланган. Бошқача сўз билан айтганда, мамлакат футболи мазмуни ва моҳияти айнан мана шу мақсад атрофида қурилган, шу бўйича баҳолаб келинган.

Демак, шу нуқтайи назардан қараганда, 2025 йилда энг муҳим воқеа рўй берди – жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилди. Ўтган йилда қўйилган пойдевор баҳордаги қийин паллаларга ҳам дош берди. Аввалига Сречко Катанец, кейин эса керакли пайтда энг муҳим ишни амалга оширган Темур Кападзе ҳеч қачон ўчирилмайдиган зарварақларга ўз исмларини ёзиб қўйишди. Эрон ва БАА майдонидаги ғалабадан ҳам қадрли бўлган икки дуранг жамоани муддатидан олдин жаҳон чемпионати иштирокчисига айлантирди.

Шу йил декабр ойидаги қуръа натижаларига кўра Ўзбекистон мундиалдаги илк учрашувини Колумбияга қарши, иккинчи ўйинни эса турнир фаворитларидан бири, Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалияга қарши ўтказиши маълум бўлди. Сўнгги турдаги рақиб эса март ойидаги қитъалараро плей-офф орқали аниқланади. Катта эҳтимол билан, бу босқичдан Конго ўтиб келади. Гуруҳ босқичида эса 1-2 ўринлардан ташқари, энг яхши учинчи ўрин эгалари ҳам плей-оффга чиқиши мумкин.

Файзуллаев учун рекорд сумма

«Истанбул Бошоқшеҳир» Туркия Суперлигасида сўнгги йилларда кўзга кўринган жамоа, бир марта чемпион бўлган, Чемпионлар Лигасида ҳам қатнашган бўлса-да, доимий гранд клублар қаторида саналмайди. Бу жамоада турли даврларда тўп сурган анча машҳур футболчилар ҳам асосан эркин агент сифатида ёки ижара асосида келган. Яъни четдан қараганда, Ражаб Эрдўған мухлиси бўлган ва турк хукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган кучли клубдек кўринса-да, Туркияда футбол Ўзбекистондагидан бошқачароқ. «Истанбул Бошоқшеҳир» нисбатан анча камтар, молиявий чекланган клуб.

Айнан шу клуб ўзбекистонлик Аббос Файзуллаев учун 7,5 миллион евро пул тўлади ва бу «Бошоқшеҳир» учун рекорд суммадир. Анча жиддий маблағдан воз кечилганининг ўзи жамоанинг Аббосга бўлган ишончи юқори эканидан дарак беради.

Дастлабки ойларда хужжатлаштириш билан муаммолар, кейин эса жароҳат туфайли Аббос кутилган даражани кўрсата олмади. Аммо сўнгги ўйинларда Файзуллаев ҳам худди Шомуродов каби порлай бошлади. Жароҳатдан кейин илк бор бошланғич таркибда тушган ўйинида «Қосимпошо» дарвозасига жаримадан чиройли гол урганди, охирги турда эса навбатдаги голи билан «Газиантеп» устидан қозонилган йирик ғалабага (5:1) ҳисса қўшди. Умид қиламизки, 2026 йил Аббос Файзуллаевнинг йили бўлади. 

Каннаваронинг келиши

Сречко Катанец узоқ вақт миллий жамоа бошқарувида яхши ишлаган бўлса-да, ўтган йил охирларида сезиларли пасайиш кузатилди. Ҳам ўйинда, ҳам натижаларда бу яққол кўрина бошлагач, ЎФА учун масъулиятли палла, қийин дилемма пайдо бўлди – барчасини мундиал учун имкониятни сақлаб турган футболчиларнинг ўзига ҳавола қилиш ёки вазиятни ўнглаш учун муҳим қарорни қабул қилиш. Гап шундаки, Сречко Катанец саломатлигидаги муаммолар туфайли бор имкониятини ишга сола олмаётганди, шу билан бирга, қандайдир кескин ўзгаришлар жамоага ёмон таъсир қилиши мумкин эди.

Энг яхши ечим топилди – футболчиларга бегона бўлмаган, анча истеъдодли мутахассис Темур Кападзега ишонч билдирилди. Ёш мураббий аввалги услубни ҳам бузмаган ҳолда, ўз қарашларини ва фойда бериши мумкин бўлган кичик ўзгаришларни амалга ошириб, якунда мундиал йўлланмасини қўлга киритди.

Энди эса яна бир масъулиятли ҳолат пайдо бўлди. Темур Кападзенинг тажрибасига ишониш мумкинми ёки муҳим финал босқичи учун жаҳон футболи муҳитига яқинроқ бўлган, умуман катта даражада футбол қандай ўйналиши, ниманинг ҳисобига ғалабалар келиши мумкинлигини биладиган тажрибали мураббий керакми?

Раҳбарият Иоахим Лёв, Паулу Бенту каби мутахассислар билан музокаралардан сўнг Фабио Каннаваро вариантида тўхталди ва келишув амалга ошди. Футболчи сифатида жаҳон чемпиони ва «Олтин тўп» соҳиби бўлган италиялик мутахассис октябр ойидан бошлаб жамоада фаолият юритмоқда. Баъзи тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, Каннаваро вариантини ЎФАга ФИФА президенти Жанни Инфантино тавсия қилган. Келишувдан сўнг айнан Инфантино биринчилардан бўлиб Ўзбекистон ва Каннаварога муваффақият тилаб видеомурожаат билан чиққанини эътиборга олсак, бу маълумот рост бўлиш эҳтимоли юқори.

Хуллас, жаҳон чемпионатига жамоани Фабио Каннаваро олиб боради ва бу ҳам Ўзбекистонга бўлган эътиборни оширишига шубҳа йўқ.

Икки соврин

Миллий жамоа мухлисларни мундиал йўлланмаси билан  хурсанд қилганидан ташқари, бир қатор ўртоқлик турнирларида ҳам ғалабаларга эришди. Шу пайтгача миллий жамоа фақат Ҳиросимадаги Осиё ўйинларида, шунингдек, 2001 йили Малайзияда ўтказилган «Мардека» кубогида халқаро совринларга эга бўлганди.

Ҳа, сентябр ойида Тошкентда ташкил қилинган анъанавий КАФА кубоги ҳам, ноябр ойидаги Дубайдаги турнирча ҳам ўртоқлик мақомида бўлса-да, жамоада турнир формати тажрибаси бўлиши, қандайдир соврин учун ҳаракат қилиш кўникмаси жуда муҳим эди. Бунинг устига, бу турнирларда Эрон ва Миср каби рақиблар ортда қолдирилганини ҳам эътиборга олиш керак.

Ҳар икки турнир финалида Эрон доғда қолдирилди. Энг аҳамиятлиси, анча кучли ва тажрибали ҳисобланган Мисрга қарши ўйин бўлди. Айнан шу ўйиндан кейин агар қуръада омад келса, бу футболчилар баъзи рақибларга қарши муносиб ўйнай олишига ишонч пайдо бўлди. Остон Ўрунов эса Муҳаммад Салоҳ майдонда бўлган ўйинда икки гол билан энг яхши вингерга айланди.

«Нефтчи»нинг узоқ кутилган чемпионлиги

Ўзбекистон чемпионатидаги дастлабки 4 мавсумда чемпионликни ҳеч кимга бермаган, аср бошида ҳам тенгсиз бўлган «Нефтчи» жамоаси ниҳоят 24 йиллик танаффусдан сўнг 6-чемпионликни нишонлади. Фарғоналиклар охирги марта 2001 йилги мавсумда Юрий Саркисян қўл остида шоҳсупага чиққан эди. Умуман, жамоанинг аввалги барча совринлари айнан Юрий Вазгенович билан боғлиқ, демак, энди Фарғона футболида янги даврга қадам қўйилмоқда. Якунланган мавсумнинг 29-турида ўз майдонида «Қизилқум» устидан 4:1 ҳисобида йирик ғалабага эришган фарғоналиклар расман совринни ўзлариники қилиб олишди.

Айтиш мумкинки, бу тарихий ғалаба учун пойдевор узоқ муддатда ва босқичма-босқич қўйиб борилган, жамоа анча тажрибали, рақобатбардош таркибга эга бўлган, умуман олганда, чемпионлик учун етилганди.

Чемпионлик сўнгги турларда ҳал бўлди, мавсум тугашига 2 тур қолганда ҳам 4 жамоада ғолиблик учун имконият сақланиб қолганди ва бу пойгада фарғоналиклар барибир биринчи бўлишди.

Игор Сергеевнинг қайтиши

«Пахтакор» ҳужумчиси Игор Сергеев фаолиятида илк бор мамлакат чемпиони тўпурарига айланди. Айниқса, иккинчи даврада яхши формага кириб олган Игор якунда «Пахтакор» 2-ўринга кўтарилиб олиши ва кубок соҳиби бўлишига муносиб ҳисса қўшди. Гол+пас тизимида Игор Сергеевнинг кўрсаткичи – 20+2. Бу борада фақат «Сўғдиёна»нинг македониялик легионери Люпче Дориев у билан тенг натижа кўрсатди (16+6).

Баъзи статистик фактлар эса Сергеевнинг тўпурарлиги маҳаллий футбол учун қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Сўнгги 6 мавсумда легионер Драган Черан тўпурарликни ҳеч кимга бермай келганди. Ундан олдин эса «Пахтакор»нинг бошқа легионери Тиагу Безерра 17 гол билан тўпурар бўлган. Бу даврда маҳаллий ҳужумчилар голеадорлик хусусиятларини намойиш қила олишмади, айниқса сўнгги икки мавсумда энг кўп гол урган ўзбекистонлик футболчи бу кўрсаткични 10 тадан ошира олмаган (Ўрунов, 2023 – 9 та, Ҳожимирзаев, 2024 – 10 та). Охирги марта футболимизда маҳаллий тўпурар 2017 йилги мавсум тўпурари Марат Бикмаев бўлганди – 23 гол.

Қизиғи, 2007-2017 йиллар оралиғида ўзбек ҳужумчилари бирор марта 20 та гол ура олмаганди. Умуман, айнан маҳаллий футболчиларга урғу берилаётганининг сабаби миллий жамоага муносиб ҳужумчиларнинг бўлишидир. Элдор Шомуродовга ўринбосарлар тарихимиз учун муҳим бўлган келаси мавсумда жуда керак.

Элдор Шомуродовнинг Туркияда очилиши

Элдорнинг Туркиядаги фаолияти дастлаб у қадар муваффақиятли бошланмаганди. У «Истанбул Бошоқшеҳир»даги илк голини 9-ўйинга келиб урган, жамоанинг ўзи эса еврокубоклардан чиқиб кетиш билан бирга, Туркия Суперлигасида қуйи поғоналарда бораётганди. Аммо Серген Ялчин бош мураббийликдан кетиб, ўрнига Нури Шаҳин келгач, ўзбекистонлик ҳужумчининг ўйини очилиб кетди ва жамоа натижалари ҳам яхшилана бошлади.

«Келишимдан олдин Шомуродов кўпроқ қанотда ўйнатилган. Биз эса асосан марказда туширяпмиз. Тўққизликлар турлича бўлади ва Элдор Зелкедан фарқлироқ услубдаги футболчи. Унинг ўйин интеллекти жуда юқори. Шунинг учун уни марказга тортиб, эркинлик бердик», – деди Нури Шаҳин сўнгги матбуот анжуманларидан бирида.

Элдор бундай эътиборга муносиб жавоб берди. Кейинги 15 учрашувда унда 11 гол ва 3 ассист. Айни пайтда ҳаммаси бўлиб 12+3 қайд этаётган Шомуродов тўпурарлар баҳсида ҳам, гол+пас бўйича ҳам Суперлиганинг энг яхшиси бўлиб турибди. Мауро Икарди, Тэмми Абраҳам, Викор Осимҳен, Лерой Сане, Юсуф Ан-Носирий, Марко Асенсио каби юлдузлар йиғилган лигада энг яхши ҳужумчи бўлиш – катта муваффақият. Тағин бу кўрсаткичларни Туркиянинг доимий пешқадам грандлари эмас, ўртамиёна жамоасида кўрсатаётгани ҳам алоҳида ютуқ. Шомуродов жамоасининг 27 голидан 15 тасида бевосита иштирок этган.

Агар Элдор шу темпда давом этса Европа кучли лигаларида тўпурар бўлган иккинчи ўзбекистонлик футболчига айланади (Максим Шацких икки марта Украина чемпионати тўпурари бўлган).

Эътибор берган бўлсангиз, ўтаётган йил бир футболчимизнинг оламшумул трансфери билан бошланиб, бошқасининг катта саҳналардаги муваффақиятлари билан тугамоқда. Бу ҳам янги йил учун умидлар қилишга йўл очади. Ўйлаймизки, муваффақиятлар шу йилда қолиб кетмайди ва янги йилда ютуқлар одатга айланиб, келаси мақоламиз янада узунроқ бўлади.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид