Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полшада Беларусдан метеозондлар орқали киритилган контрабанда топилди
Полша чегара хизмати маълум қилишича, рождество дам олиш кунлари давомида Беларусдан метеозондлар ёрдамида Полшага 7 мингдан ортиқ қути контрабанда сигарета олиб кирилган. 2025 йил давомида поляк чегарачилари шундай 135 та ҳолатни қайд этган.
Рождество байрами муносабати билан бўлган дам олиш кунларида Полша чегарачилари Беларусдан метеозондлар орқали мамлакатга кирган бешта пакетни аниқлаган, уларда 7 мингдан ортиқ қутӣ контрабанда сигарета бўлган. Бу ҳақда 29 декабр, душанба куни мамлакатнинг Подляске бўлими чегара хизмати сайтида хабар берилди.
Контрабанда товарларининг умумий қиймати 120 минг злотийдан (қарийб 30 минг евро) ошган. Ҳозир поляк ҳуқуқ-тартибот органлари зондларни ким учиргани ва Полшада бу юкни ким қабул қилиши керак бўлганини аниқламоқда.
Полшадаги RMF радиостанцияси маълумотига кўра, католик Рождества арафасида 59 та контрабанда юкли ҳаво шари Полшага учиб кирган. Ноқонуний олиб кирилган сигареталарнинг катта қисми Подляске воеводлигида топилган, яна бир неча шунга ўхшаш ҳолат Люблин воеводлигида кузатилган. Люблиндаги ҳолатлардан бирида юкли зонд электр узатиш линияларини узиб кетгани оқибатида маҳаллий аҳолининг бир қисмида электр таъминоти узилган.
Полша чегара хизмати маълумотига кўра, йил давомида контрабанда сигареталарни шу усулда олиб киришга 135 марта уриниш бўлган. Мусодара қилинган сигареталарнинг тахминий қиймати 3,4 млн злотийдан (қарийб 804 минг евро) ошади.
Литва Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати маълумотича, 2025 йил бошидан бери Беларусдан Литва ҳаво ҳудудига метеозондлар кириб келган юзлаб ҳолатлар қайд этилган. Кузда улар Вилнюс ва Каунас халқаро аэропортларигача яқин кела бошлагани сабабли, бир неча бор парвозларга чекловлар жорий этилган.
Ушбу ҳолатлар фонида Литва ҳукумати октябр охирида Беларус билан қуруқликдаги чегарани вақтинча ёпган. Шундан кейин Минск Литва рақамли юк машиналарининг Европага чиқишини ёпган. Ноябрда чегара қайта очилган. Бироқ 9 декабр куни Литва контрабанда юкланган ҳаво шарлари сабаб фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди.
Шунга қарамай, бир неча кун ўтиб Беларус раҳбари Александр Лукашенко АҚШ президентининг махсус вакили Жон Коул билан музокаралар чоғида метеозондлар Беларус–Литва чегараси орқали учиб ўтишини тўхтатиш учун “имкони борича барча чораларни кўриш”ини ваъда қилган.
Мавзуга оид
22:20 / 24.05.2026
Макрон Лукашенкони Украина низосига аралашмасликка чақирди
20:37 / 16.05.2026
Левандовски «Барселона»ни тарк этишини эълон қилди
21:48 / 12.05.2026
Лукашенко армияни урушга тайёрлаш учун қўшинларнинг «мақсадли сафарбарлиги»ни эълон қилди
21:45 / 07.05.2026