Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Термиз туманига янги ҳоким тайинланди
Туманнинг асли солиқчи бўлган ҳокими Шуҳрат Назаров бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан вазифасидан озод этилди ва унинг ўрнига бошқа солиқчи-ҳоким Шуҳрат Қаландаров тайинланди.
Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
30 декабр куни халқ депутатлари Термиз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этган сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу вақтга қадар Термиз тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Шуҳрат Назаров бошқа ишга ўтгани сабабли лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.
Вилоят раҳбари туман ҳокими вазифасига Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган Шуҳрат Искандарович Қаландаров номзодини таклиф қилди ва номзод туман кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.
Шуҳрат Қаландаров 1981 йилда Денов туманида туғилган. 2004 йилда Термиз давлат университетини, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси солиқ академиясини солиқлар ва солиққа тортиш мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида солиқ органларида турли вазифаларда, хусусан, Термиз туманида давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, Термиз ва Сариосиё туманлари ҳамда Термиз шаҳрида ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Тайинловга қадар Термиз тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Маълумот учун, Шуҳрат Назаров ҳам солиқ тизимидан чиққан бўлиб, 2008–2022 йилларда солиқ органларида турли лавозимларда фаолият юритган. 2022 йилдан Чирчиқ шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи бўлган, 2023 йил январида Термиз тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.
Ўшанда у бу лавозимда Шуҳрат Ўринов ўрнини эгаллаганди.