Жаҳон | 15:51 / 02.01.2026
1735
2 дақиқада ўқилади

Швейцария ЕХҲТда бир йиллик раисликни бошлади

Швейцария Европада мулоқот, ишонч ва хавфсизликни кучайтиришга кўмаклашиш учун дипломатиядаги воситачилик тажрибасидан фойдаланмоқчи. 2014 йилда Швейцария ЕХҲТнинг Украинадаги махсус мониторинг миссиясини тузиш ташаббусини илгари сурган эди.

Фото: Reuters

Швейцария Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)да бир йил давом этадиган раисликни бошлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати 1 январ, пайшанба куни хабар берди.

“Биз (дипломатик музокаралардаги) воситачилик тажрибамиздан мулоқотни қўллаб-қувватлаш, ишончни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни кучайтириш учун фойдаланамиз”, — деб айтган эди кузда Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис. Унинг сўзларига кўра, ЕХҲТда раислик даврида Швейцария кўп томонлама ва инклюзив дипломатияни кучайтириш, демократик институтларни илгари суриш ҳамда инсон ҳуқуқлари устуворлигини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.

Швейцария ЕХҲТга 1996 ва 2014 йилларда раислик қилганидан кейин учинчи марта ушбу вазифани ўз зиммасига олади. Мамлакат ўзининг нейтрал мақоми ва тинчлик музокараларида воситачилик анъаналари туфайли халқаро дипломатияда фаол рол ўйнайди.

Швейцария аввалги раислиги даврида, 2014 йилда, Украинадаги Донецк ва Луханск вилоятларидаги жангларни кузатиш учун ЕХҲТнинг Махсус мониторинг миссиясини тузиш ташаббусини илгари сурган.

ЕХҲТ кузатувчилари ўт очишни тўхтатиш режими ва Россия ҳамда Украина ўртасидаги Минск келишувларининг бузилиш ҳолатларини қайд этган. Кенг кўламли ҳужум бошлангач, ЕХҲТнинг кузатув миссияси ишини тўхтатишга ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Кейинроқ эса миссия мандати расман якунланган — ЕХҲТга аъзо давлатлар орасида консенсус бўлмагани сабабли.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид