Жаҳон | 09:31 / 03.01.2026
2148
4 дақиқада ўқилади

Чехияда Украина масаласи сабаб парламент спикерини ишдан олиш талаб қилинди

Чехиядаги мухолифат партиялари мамлакат парламентининг қуйи палатаси спикери Томио Окамурани лавозимидан озод этиш масаласи бўйича овоз бериш ўтказиш учун имзолар тўплашни бошлайди. Бунга сабаб — унинг янги йил муносабати билан нутқида Украинага қурол етказиб беришни танқид қилгани.

Фото: Stephan Schulz/dpa-Zentralbild/picture alliance

Чехия парламенти қуйи палатасидаги мухолифат партиялари мамлакат қуйи палатаси спикери — муҳожирларга қарши “Эркинлик ва тўғридан тўғри демократия” (SPD) партияси лидери Томио Окамуранинг истеъфоси масаласи бўйича овоз беришни биргаликда бошлашга келишиб олди. Келаси ҳафта улар имзолар йиғишни бошлайди, деб хабар қилди жума куни, 2 январда České noviny чех нашри. Бунга сабаб — Окамуранинг янги йил нутқи бўлиб, у ўша нутқида Украинага қурол етказиб беришни ўта кескин танқид қилган.

“Биз чех пенсионерларига, ногиронлиги бор одамларга ва болали оилаларга тегишли пулларни қурол сотиб олишга ва уни мутлақо маъносиз урушни давом эттириш учун жўнатишга сарфлай олмаймиз”, — деди Окамура. У Киевнинг ҳамкорларини қуролни қарзга ишлаб чиқариш ва сотиш орқали гўё даромад қилаётганликда айблади, Украина президенти Володимир Зеленский атрофини эса “хунта” деб атади, унда “пул ҳар томонга оқиб кетмоқда”, деди.

Шунингдек, чех парламенти спикери Европа Иттифоқи раҳбариятини ҳам танқид қилиб, унинг ифода этишича, “Брюссел поезди”, “АҚШ ҳукумати огоҳлантиришларига қарамай, Учинчи жаҳон уруши томон ҳаракатланмоқда”, деди.

Марказчи либерал “Мустақиллар” (STAN) партияси раҳбари Вит Ракушан X ижтимоий тармоғида Окамуранинг “айблов” сўзлари “бутун ҳукуматнинг жавобгарлиги” экани ва “афсуски, бутун Чехия учун шармандагарчилик” эканини ёзди. Ўнгчи “Фуқаролик демократик партияси” (ODS) раҳбарияти — у STAN билан бирга аввалги ҳукмрон коалицияга кирган — спикер нутқини “қабул қилиб бўлмайдиган манипуляция ва қўрқитиш” намунаси, деб атади ва у “Чехия Республикасига тузатиб бўлмас зарар етказади”, деб билдирди.

Окамуранинг янги йил нутқини Украина элчиси Прагада Василий Зварич ва Олий Рада спикери Руслан Стефанчук ҳам танқид қилиб, у Украина ва украинларни ҳақорат қилганини таъкидлади: улар тўртинчи йил Россия агрессиясидан ҳимояланмоқда.

Окамуранинг ўзи танқидга жавобан, чех мухолифатида “афсуски, фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаши ва иқтисодиётни кўтариши мумкин бўлган ҳеч қандай ижобий мавзулар йўқ”, деб айтди.

6 ноябр куни, парламент спикери этиб сайланганининг эртасига, Томио Окамура Чехия парламенти биноси фасадидан Украина байроғини олиб ташлашни буюрди ва “Чехия Республикаси — ҳаммасидан аввал”, деди. Интернетда сурат ҳам чиқди: унда сиёсатчи байроқни тушираётган одам турган зинани ушлаб турибди. Окамуранинг бу қадами ҳам чех мухолифати ва Киевдаги ҳокимиятлар томонидан танқид қилинди.

Ўта ўнг қарашларга эга миллатчи сифатида танилган Томио Окамура Чехия парламенти спикери этиб янги ҳукмрон коалициядаги ҳамкорларининг қўллаб-қувватлаши билан сайланди: миллиардер Андрей Бабишнинг популистик ANO ҳаракати ва “Автомобилистлар учун” партияси томонидан.

Бу партиялар 2025 йил 3–4 октябр кунлари бўлиб ўтган парламент сайловлари якунларига кўра ҳокимиятга келди. Бабиш Чехиянинг янги бош вазири бўлди. У дарҳол Прага Украина молиялашуви бўйича ҳеч қандай кафолатларни ўз зиммасига олмаслигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид