Иқтисодиёт | 09:32
584
2 дақиқада ўқилади

Истеъмол нархлари декабрда 0,9 фоизга ошди: йиллик кўрсаткич пасайган

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил декабр ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,9 фоизга ошган. Йиллик истеъмол нархлари индекси 107,3 фоизни ташкил этиб, 2024 йил декабр ойидаги кўрсаткичга нисбатан 2,5 фоиз бандга пасайган.

Фото: Shutterstock

Миллий статистика қўмитаси 2025 йил декабр ойи учун истеъмол нархлари динамикасини эълон қилди. Қайд этилишича, декабр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,7 фоизга қимматлашган.

Қўмита маълумотида инфляцияга энг кўп таъсир кўрсатган маҳсулотлар сифатида айрим сабзавот ва мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг сезиларли ўсиши қайд этилган. Хусусан, бақлажон (55,9 фоиз), бодринг (55,7 фоиз), помидор (25,1 фоиз), булғор қалампири (22,9 фоиз), карам (22,8 фоиз), қовоқ (10,5 фоиз), анор (7,2 фоиз), узум (6,7 фоиз), банан (3,5 фоиз), товуқ тухуми (3,4 фоиз), олма (2,3 фоиз), картошка (0,7 фоиз), қўй гўшти (0,5 фоиз) ва мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) (0,5 фоиз) қимматлашгани кўрсатилган.

Шу билан бирга, айрим маҳсулотлар нархининг пасайиши инфляция босимини юмшатган омил сифатида баҳоланган. Жумладан, сабзи (-7,5 фоиз), мандарин (-3,5 фоиз), шакар (-2,6 фоиз), барча навдаги гуруч ва гуруч оқшоғи (-1,8 фоиз) ҳамда кунгабоқар ёғи (-0,5 фоиз) арзонлашган.

Ноозиқ-овқат товарлар сегментида бензин (2,4 фоиз), пропан (1,3 фоиз), шунингдек, кийим ва пойабзал (0,2 фоиз) нархларида ўсиш кузатилган.

Пуллик хизматлар нархи ва тарифларида эса мобил алоқа хизматлари (4,9 фоиз), шаҳар автобусида йўл ҳақи (3,2 фоиз), маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш (3,0 фоиз), халқаро йўловчи ҳаво транспорти (2,0 фоиз) ва репетиторлик (0,8 фоиз) қимматлашиши асосий омиллардан бири бўлган.

Қайд этилишича, ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 195 мингга яқин нархлар қайд этилган. Шу жараёнда 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 90 турдаги хизматлар нархлари кузатилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид