Ўзбекистон | 13:15 / 03.01.2026
2888
2 дақиқада ўқилади

Туямўйин сув омбори ҳажми 1 млрд куб метрга кенгайтирилади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, мелиорация ишларини кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларини жорий этиш бўйича қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.

Лойиҳада қишлоқ хўжалигида сув таъминоти барқарорлигини ошириш ва сув йўқотишларини камайтириш асосий вазифалардан бири сифатида кўрсатилган. Бунинг учун магистрал ва хўжаликлараро каналларни босқичма-босқич бетон қопламага ўтказиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ер ости сув сатҳи юқори бўлган ҳудудларни қисқартириш ҳамда соҳа бошқарувига хусусий секторни кенгроқ жалб қилиш режалаштирилган.

Лойиҳада келтирилган асосий мақсадли кўрсаткичлар:

  • узунлиги 18,7 минг км бўлган (шундан 66 фоизи тупроқ ўзанли) магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг бетон қопламали улушини 13,1 минг кмга ёки 46 фоизга етказиш;
  • мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида суғориладиган ер майдонларида шўрланган майдонларни 1,7 млн гектаргача камайтириш;
  • ерости сув сатҳи муаммоли ҳолатда бўлган ер майдонларини 773,4 минг гектаргача камайтириш.

Шунингдек, лойиҳада ирригация тизими ва сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, бошқарувга хусусий секторни жалб этиш ва ДХШ механизмларини кенг қўллаш ҳам алоҳида йўналиш сифатида қайд этилган. Жумладан:

сув хўжалигида объектларни давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга беришни 2 012 тага етказиш;
Туямўйин сув омбори ҳажмини қўшимча 1 млрд куб метрга кенгайтириш орқали 1,2 млн гектар майдонда сув таъминотини яхшилаш, шу билан бирга ичимлик сув захирасини яратиш.

Лойиҳага кўра, ушбу чоралар сув йўқотишларини қисқартириш, мелиоратив ҳолатни яхшилаш, қишлоқ хўжалигида барқарор ҳосилдорликни таъминлаш ва сув таъминоти инфратузилмасини тизимли модернизация қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид