Жаҳон | 11:16 / 03.01.2026
2121
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Ташқи разведка хизмати раҳбарини Буданов ўрнига тайинлади

Украина Ташқи разведка хизматининг собиқ раҳбари, генерал-лейтенант Олег Ивашченко Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГУР) раҳбари лавозимида Кирилл Будановни алмаштиради. Бу ҳақда Володимир Зеленский маълум қилди.

Фото: AP

Украина Ташқи разведка хизматининг собиқ раҳбари, генерал-лейтенант Олег Ивашченко мамлакат Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГУР) раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский жума куни, 2 январда ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

“Бугундан бошлаб Олег Ивашченко давлатимизга хизмат қилишни давом эттиради ва Украина ҳарбий разведкаси позициясида Россиянинг ҳарбий салоҳиятини чеклаш бўйича вазифаларни бажаради”, — деб ёзди Зеленский.

Олег Ивашченко 1969 йилда туғилган. 2017–2019 йилларда ГУР бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳамда Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг разведка бўйича ўринбосари лавозимларини эгаллаган. 2021 йилдан Украина Қуролли кучлари бош қўмондонининг ёрдамчиси вазифасини бажарган, 2024 йил 26 мартда эса Володимир Зеленский фармони билан Украина ташқи разведкаси раҳбари этиб тайинланган.

2024 йил 29 мартда Украина Қуролли кучлари олий бош қўмондони ставкаси аъзоси, шунингдек Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши аъзоси бўлган.

2025 йил 29 ноябрда Ивашченко Зеленский фармонига кўра, Рустем Умеров раҳбарлигида Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш бўйича музокаралар гуруҳи таркибига ҳам киритилган.

Аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги ГУРнинг собиқ раҳбари Кирилл Буданов давлат раҳбарининг Украина президенти офисига раҳбарлик қилиш таклифини қабул қилган. “Мен учун бу — тарихий даврда Украина учун ўта муҳим бўлган стратегик хавфсизлик масалаларига эътибор қаратиш масъулияти”, — деб ёзган Буданов.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, президент офиси учун устувор йўналишлар Украина мудофаа ва хавфсизлик кучларини ривожлантириш, шунингдек музокаралардаги дипломатик йўналиш бўлади. “Кириллда бу йўналишларда махсус тажриба бор ва натижага эришиш учун етарли куч ҳам мавжуд”, — деб ёзди Зеленский.

Аввалроқ, “Энергоатом” давлат корхонасидаги коррупция можароси фонида, президент офиси раҳбари лавозимидан Андрей Ермак кетган эди. У иш бўйича унда тинтувлар ўтказилганидан кейин истеъфо ҳақида ариза ёзган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид