Ўзбекистон | 13:31 / 05.01.2026
1537
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда муаммоларни ҳал этиш учун маблағлар камида 3 баравар оширилади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудудларда кундалик муаммоларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк” сифатида мустаҳкамлаш режалаштирилган. Хусусан, аҳоли ташаббуси билан инфратузилмани яхшилаш учун маблағларни 24 трлн сўмга етказиш, маҳалла бюджетини аҳоли овози асосида лойиҳаларга йўналтириш, маҳаллаларда 100 дан ортиқ давлат хизматини “бир қадам”да кўрсатиш ҳамда жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш назарда тутилмоқда.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида маҳалла институтини ҳудудлардаги кундалик масалаларни ҳал этишда аҳоли, жамоатчилик ва давлат органларини боғлаб турувчи асосий бўғинга айлантириш вазифаси белгиланган.

Лойиҳада қайд этилишича, 359-банд доирасида аҳоли ташаббуси билан инфратузилмани яхшилашга ажратиладиган маблағлар ҳажмини 24 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Бу орқали маҳаллалардаги йўл, ёритиш, ичимлик суви, ободонлаштириш каби долзарб инфратузилма эҳтиёжларини кенгроқ молиялаштириш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, 360-бандга мувофиқ, маҳаллаларда маблағларни аҳолининг овозига кўра инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу ёндашув асосида маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағлар миқдорини камида 3 баравар кўпайтириш вазифаси қўйилган.

Лойиҳанинг 361-бандида эса маҳаллаларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 100 дан ортиқ давлат хизматларини “бир қадам”да кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган. Бу хизматларни аҳолига яқинлаштириш, ортиқча сарсонгарчиликни камайтиришга қаратилган.

Рақамли йўналишда ҳам қатор мақсадлар белгиланган. Хусусан, 362-банд бўйича рақамлаштирилган архив материаллари улушини 80 фоизгача ошириш режалаштирилган. Бу ҳужжатлар билан ишлашда тезкорлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, 363-бандда маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни 100 фоиз рақамлаштириш, ҳар бир маҳаллада “электрон хизмат нуқталари”ни ишга тушириш вазифаси белгиланган. Мақсад — мурожаатларни қабул қилиш, маълумот бериш ва хизматлардан фойдаланиш жараёнларини янада соддалаштириш ҳамда аҳолига қулай инфратузилмани яратиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид