Ўзбекистон | 12:02 / 11.01.2026
10391
4 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси пропан қимматлашгани юзасидан изоҳ берди

Рақобат қўмитаси пропан қимматлашгани юзасидан изоҳ бериб, бу бозорда импорт маҳсулот улуши ва нархининг ошиши ҳисобига юзага келаётганини билдирди. Қўмита ижтимоий тармоқ фаолларини ички бозорда нархлар ошишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ахборотларни тарқатмасликка чақирди.

Фото: Яндекс хариталар

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси пропан (суюлтирилган газ) қимматлашгани юзасидан изоҳ бериб, бу бозорда импорт маҳсулот улуши ва нархининг ошиши ҳисобига юзага келаётганини билдирди.

Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йилда биржа савдоларида жами 358 минг тонна пропан сотилган бўлиб, шундан 61 фоизи (219 минг тонна) маҳаллий ва 39 фоизи импорт маҳсулот ҳиссасига тўғри келган. Январ-июл ойларида ички бозорда маҳаллий маҳсулотнинг улуши юқори бўлиб, ўртача 80 фоизгачани ташкил этган. Август ойидан бошлаб бу кўрсаткич камайиб борган ва декабр (35 фоиз) ойи ва январнинг ўтган даврида 10 фоизгача қисқарган.

«Бунга асосий сабаб  маҳаллий маҳсулотнинг аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилганлиги», — дейилади қўмита хабарида.

Қайд этилишича, қўмита томонидан пропан нархига нисбатан бошланғич нархдан ошириш чегараси кўпи билан 20 фоиз (спред) этиб белгиланиши, 1 та савдо сессиясида 5 тонна (бунгача  10 тонна) харид лимити ўрнатилиши ҳисобига маҳаллий маҳсулот сотилиш нархи йил давомида тоннасига 7 млн сўмдан ошмаган. Айни пайтда импорт маҳсулот нархи 8 млн сўмгача шаклланган.

Шу ўринда қўмита маҳаллий ва импорт маҳсулот ўртасида мавжуд нарх тафовутини эслатиб, сўнгги вақтларда пропан қимматлашганини импорт маҳсулот улуши ва нархлари ўсиши билан изоҳлади.

«Маҳаллий ва импорт маҳсулотнинг бошланғич (50 фоиз) ва сотилиш (35 фоиз) нархи ўртасида 40 фоизгача тафовут мавжуд,  дея аниқлик киритди қўмита.  Бироқ сўнгги ойларда ички бозорда импорт маҳсулот улуши ва талабнинг ошиши ҳисобига биржа савдоларидаги ўртача нарх импорт маҳсулот ҳисобига шаклланмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт маҳсулотнинг бошланғич нархлари оширилиши сабабли бугунги кунда 1 тонна суюлтирилган газ маҳсулоти ўртача 9,5 млн сўмгача сотилмоқда  декабрга нисбатан ўсиш 20 фоиз».

Қўмитанинг таъкидлашича, республикада пропанда ҳаракатланувчи автомобиллар улуши  11 фоиз, ички бозорда реализация қилинган ёқилғи маҳсулотларнинг атиги 5 фоизи суюлтирилган газ (пропан) ҳиссасига тўғри келади.

Ўз навбатида, Рақобат қўмитаси ички бозорда пропан нархини барқарорлаштириш мақсадида ўз ваколати доирасида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, АЁҚШларда нархлар устидан доимий мониторинг олиб борилаётганини маълум қилди. Шунингдек, кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот берилади.

«Бугунги кундаги вазиятда чакана нархлар тўғрисида ҳар қандай маълумотнинг ёритилиши ёки нархлар ошиши тўғрисида ахборот тарқатилиши ички бозорда ягона нарх шаклланишига ва бозор тамойиллари бузилишига олиб келиши мумкин»,  дейилади қўмита хабарида.

Шу нуқтайи назардан, Рақобат қўмитаси барча ижтимоий тармоқ фаолларини ички бозорда нархлар ошишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ахборотларни тарқатмасликка чақирди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид