Жаҳон | 08:43 / 12.01.2026
2106
3 дақиқада ўқилади

Гутерриш Эронда намойишчиларга нисбатан куч ишлатилишини кескин қоралади

Антониу Гутерришнинг айтишича, барча эронликлар қўрқмасдан норозиликни билдириш имкониятига эга бўлиши керак. Европа парламенти раиси намойишчиларни қўллаб-қувватлади. Норозиликлар вақтида юзлаб одам ҳалок бўлди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Эрон ҳукумати намойишчиларга нисбатан меъёрдан ортиқча куч ишлатгани ҳақидаги хабарлардан қаттиқ ларзага келганини билдирди. Айтилишича, бунинг оқибатида юзлаб қурбонлар ва яраланганлар қайд этилган. Жаҳон ташкилоти раҳбарининг баёноти якшанба, 11 январ куни эълон қилинди.

“Барча эронликлар тинч йўл билан ва қўрқмасдан норозиликни билдириш имкониятига эга бўлиши керак. Халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган фикр билдириш эркинлиги, уюшмаларга бирлашиш ва тинч йиғинлар ўтказиш ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилиниши ва ҳимоя қилиниши шарт”, — дея таъкидлади Гутерриш.

У Эрон ҳокимиятларини энг юқори даражада ўзини тийишга ва “кераксиз ёки номутаносиб” куч ишлатишдан тийилишга қатъий чақирди.

БМТ раҳбари, шунингдек, Теҳрон ахборотга кириш имконини таъминлаш, жумладан алоқа воситаларини қайта тиклаш бўйича чоралар кўриши керак, деб ҳисоблайди.

Намойишчиларни Европа парламенти раиси Роберта Метсола ҳам қўллаб-қувватлади. У X ижтимоий тармоғида “кўчалардаги жасур қизлар, талабалар, эркаклар ва аёллар”га мурожаат қилиб: “Сизнинг вақтингиз келди”, — деб ёзди. “Биласизми, алоқани тўсиб қўядиган ҳар қандай режим — ўз халқидан қўрқадиган режимдир”, — деди Метсола.

Унинг сўзларига кўра, Европа ҳам ушбу вазиятдаги ўз бурчини англаб, ҳаракатни бошлаши керак. “Эрон озод бўлади”, — деб таъкидлади у.

Норвегияда жойлашган Iran Human Rights ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти маълумотига кўра, 11 январга қадар норозиликлар жараёнида камида 192 киши ўлдирилган. Фаоллар ҳақиқий қурбонлар сони анча юқори бўлиши мумкинлигидан хавотирда. АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тармоғи эса қурбонлар сонини 538 нафар деб баҳолаган.

Эрон раҳбариятига қарши кундалик оммавий намойишлар 2025 йил 28 декабрдан бери тўхтамаяпти. Эрон хавфсизлик кучларининг намойишчиларга нисбатан кескин ҳаракатлари ва интернетнинг блокланганига қарамай, Теҳрон ҳамда мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари кўчаларига минглаб норозилар чиқди. Намойишчилар кастрюлкаларни уриб шовқин солмоқда ва “Хоманаийга ўлим” шиорини айтиб, мурожаатни Эроннинг олий раҳбарига қаратмоқда. Автомобил ҳайдовчилари эса уларни қўллаб-қувватлаб сигнал чалмоқда.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) 10 январ куни норозиликларни бостиpиш билан таҳдид қилди. Эрон ҳарбийлари учун давлат хавфсизлигини таъминлаш “қизил чизиқ” ҳисобланади, шунинг учун “армия куч ишлатган ҳолда миллий манфаатлар, мамлакатнинг стратегик инфратузилмаси ва жамоат мулкини қўриқлайди”, — деди ИИМК раҳбари давлат телевидениесидаги эфирда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид