Иқтисодиёт | 15:39
834
2 дақиқада ўқилади

Полша Ўзбекистонда савдо нуқталари очишни режалаштирмоқда

Полша компаниялари Ўзбекистонда, хусусан, “Термиз халқаро савдо маркази” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида савдо нуқталари ва дўконлар очишни режалаштирмоқда. Бу масала Подкарпат воеводлигида фаолият юритаётган компаниялар раҳбарлари билан ўтказилган давра суҳбатида муҳокама қилинди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА хабарига кўра, учрашувда Liderzy Nieruchomosci, Dreyzac, Pro Basecamp, Brigante, Szwalnia Janus, Yoshi Innovation, Fireflies, Customs Clearance Services Poland, Poplonski Trading Company каби қатор нуфузли компаниялар раҳбарлари иштирок этган.

Мулоқот чоғида Полша ва Ўзбекистон ўртасида фармацевтика, авиация, қурилиш, транспорт ва логистика, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, кимё, геология, туризм, меҳнат миграцияси, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ҳамда таълим соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Айниқса, Полша компанияларининг “Термиз халқаро савдо маркази” ЭИЗ ҳудудида дўконлар ва савдо нуқталарини очиши бўйича аниқ ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, бу йўналишда тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, учрашув давомида 2026 йил феврал–март ойларида Полша бизнес доираларининг Ўзбекистонга, хусусан Сурхондарё вилоятига навбатдаги бизнес-миссиясини ташкил этиш масаласи юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилишича, бундай ташаббуслар икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни кўпайтириш ва янги инвестицияларни жалб этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид