Иқтисодиёт | 17:05
1895
5 дақиқада ўқилади

АҚШда Федерал захира тизими раиси Жером Пауэллга нисбатан тергов бошланди

АҚШ Адлия вазирлиги ФЗТ раиси Жером Пауэллга нисбатан жиноий тергов бошлади. Регулятор раҳбари бу ҳаракатни Оқ уй талабига биноан асосий фоиз ставкасини пасайтиришдан бош тортгани билан боғлаяпти. «Жиноий жавобгарликка тортиш таҳдиди Федерал захира тизими фоиз ставкаларини президентнинг хоҳиш-истакларига қараб эмас, балки халқ манфаатларига нима хизмат қилиши ҳақидаги энг яхши баҳоларимиз асосида белгилаётгани оқибатидир», — деди у баёнотида.

Фото: REUTERS

АҚШ Адлия вазирлиги Федерал захира тизими раиси Жером Пауэллга жиноий айблов эълон қилиш билан таҳдид қилди. ФЗТ раиси бу ишни президент Доналд Трамп билан асосий фоиз ставкасини пасайтириш масаласидаги баҳси билан боғлаяпти.

Якшанба куни Пауэлл видеомурожаат билан чиқиб, АҚШ Адлия вазирлиги ФЗТга чақирув қоғози юборгани ва Вашингтондаги марказий банк штаб-квартирасини реконструкция қилиш масаласи юзасидан Сенат қўмитасига берган кўрсатмалари сабаб унга жиноий айблов қўйиш билан таҳдид қилинганини билдирди.

«Жиноий жавобгарликка тортиш таҳдиди Федерал захира тизими фоиз ставкаларини президентнинг хоҳиш-истакларига қараб эмас, балки халқ манфаатларига нима хизмат қилиши ҳақидаги энг яхши баҳоларимиз асосида белгилаётгани оқибатидир», — деди ФЗТ раиси баёнотида.

«Мен қонун устуворлиги ва демократиямиздаги ҳисобдорликни чуқур ҳурмат қиламан. Албатта, ҳеч ким, жумладан, ФЗТ раиси ҳам қонундан устун эмас. Бироқ бу мисли кўрилмаган ҳаракатни маъмурият томонидан бўлаётган таҳдидлар ва давом этаётган босимларнинг кенгроқ контекстида кўриб чиқиш лозим», — дея қўшимча қилди у.

Жером Пауэлл ФЗТда тўртта маъмурият даврида, ҳам республикачилар, ҳам демократлар билан бирдек ишлаганини айтаркан, ўз фаолиятида сиёсий қўрқув ё тарафкашликка берилмагани, фақат нархлар барқарорлиги ва бандликни таъминлаш борасидаги масъулиятини асосий ўринга қўйганини айтди.

«Давлат хизмати баъзан таҳдидлар қаршисида собит туришни тақозо қилади. Мен Сенат тасдиқлаган фаолиятимни ҳалоллик билан, Америка халқига хизмат қилиш масъулияти билан бажаришда давом этаман», – деди Пауэлл баёноти якунида.

Президент Трамп якшанба куни NBC Newsʼга берган интервюсида ФЗТ раҳбарига нисбатан Адлия вазирлиги олиб бораётган тергов ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди.

«Бу ҳақда ҳеч нарса билмайман, аммо у ФЗТда ўз ишини жуда яхши бажараётгани йўқ ва бинолар қуришда ҳам эпчил эмас», — деди Трамп Пауэлл ҳақида.

Трамп нимадан норози?

Тергов прокурорлар томонидан ҳали расман тасдиқламаган бўлса-да, бу иш АҚШ президенти ва ФЗТ раиси ўртасида давом этаётган можарода навбатдаги кескинлашув босқичи бўлиши мумкин. Трамп Пауэллни ўзининг биринчи президентлик муддатида — 2017 йилда Федерал захира тизими раҳбарлигига тайинлаганди. У Жо Байден даврида ҳам ўз ишини давом эттирди. ФЗТ раҳбари лавозимида унинг ваколатлари 2026 йилда тугайди.

Сайловолди кампанияси давомида америкаликларга кредитлар бўйича паст ставкалар ваъда қилган Трамп Пауэллни асосий фоиз ставкасини кескин пасайтириш талабларига қарши чиққанликда айблаб, ижтимоий тармоқлар орқали кескин танқид қилиб келади. Шу билан бирга, ФЗТ қарорларни президент ва умуман ижро этувчи ҳокимиятдан мустақил равишда қабул қилади. Бу марказий банк фаолиятининг асосий тамойили ҳисобланади.

Бундан ташқари, Трамп Пауэллни ФЗТ штаб-квартираси 2,5 миллиард долларга реконструкция қилинаётгани учун ҳам танқид қилади. Ўтган ҳафта New York Times’га берган интервюсида Трамп янги ФЗТ раислигига номзод бўйича қарор қабул қилганини айтди. Бу лавозимга асосий даъвогарлардан бири сифатида Трампнинг маслаҳатчиси Кевин Ҳассетт тилга олиняпти.

ФЗТ биноларини реконструкция қилиш ишлари 2022 йилда бошланган ва 2027 йилгача якунланиши керак. NYTʼнинг ёзишича, лойиҳа қиймати дастлабки белгиланган миқдордан тахминан 700 млн долларга ошиб кетиши мумкин.

ФЗТ томонининг маълум қилишича, штаб-квартира 1930 йилларда қурилганидан бери у ерда комплекс таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Хусусан, асбест ва қўрғошин билан ифлосланишни бартараф этиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароит яратиш талаб этилади. Дастлабки лойиҳада бир қатор жиҳатлар инобатга олинмаган.

Иқтисодчи ва экспертлар ушбу вазиятни АҚШда марказий банк мустақиллигига жиддий таҳдид сифатида баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, ФЗТнинг сиёсий босимдан мустақил бўлиши инфляцияни назорат қилиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

2025 йилнинг июл ойида ҳам Трамп АҚШ Марказий банки биносининг таъмирлаш харажатлари ошиб кетганини айтиб, унинг раҳбарини уялтирмоқчи бўлганди. Жонли эфирда юз берган баҳсда ФЗТ раҳбари Жером Пауэлл бунга қарши чиқиб, президент бу суммага беш йил аввал таъмирланган бошқа бинони ҳам қўшиб юборганини таъкидлаганди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид