Жаҳон | 13:10 / 13.01.2026
1743
3 дақиқада ўқилади

НАТО Арктикада хавфсизликни ошириш бўйича қадамларни ишлаб чиқмоқда

НАТО ичида Арктика минтақасининг аҳамияти бўйича келишув бор. Ҳозир унинг хавфсизлигини ошириш учун амалий қадамлар муҳокама қилинмоқда, деди алянс бош котиби Марк Рютте Хорватияга ташрифи чоғида.

Фото: REUTERS/Guglielmo Mangiapane

Шимолий Атлантика алянси Арктика минтақасининг хавфсизлигини таъминлаш йўлларини қидирмоқда. Бу ҳақда НАТО бош котиби Марк Рютте душанба куни, 12 январда маълум қилди. Бу баёнот АҚШ президенти Доналд Трампнинг Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланган Гренландияни қўшиб олиш нияти ҳақида бир неча бор айтган гаплари фонида янгради.

“Ҳозир биз кейинги қадамлар устида ишлаяпмиз — мақсад, ҳақиқатан ҳам биргаликда хавф остида турган нарсани ҳимоя қила олишимизни кафолатлаш”, — деб таъкидлади Рютте Хорватияда журналистлар олдида чиқиш қилар экан. “Алянсдаги барча Арктика минтақаси ва унинг хавфсизлиги муҳим эканига қўшилади, чунки денгиз йўлларининг очилиши россияликлар ва хитойликлар янада фаоллашиши хавфини келтириб чиқаришини биламиз, — дея қўшимча қилди у. — Ҳозир биз кейинги қадамни муҳокама қиляпмиз, яъни бу муҳокамаларнинг амалий давоми бўлишини қандай кафолатлаш мумкинлигини”.

AFP агентлиги НАТО ҳузурида ишлайдиган дипломатларга таяниб хабар беришича, Шимолий Атлантика алянсининг айрим аъзолари, жумладан, Арктика минтақасига янги миссияларни юбориш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бироқ бу босқичда муҳокамалар ҳали бошланғич ҳолатда бўлиб, бу борада аниқ таклифлар йўқ, дейди агентлик манбалари.

Январ ойи бошида Оқ уй АҚШ қўшинларидан фойдаланиб Гренландияни қўшиб олиш Доналд Трампда — АҚШ қўшинларининг олий қўмондони сифатида мавжуд бўлган “вариантлардан бири” эканини маълум қилди. 11 январ куни Трамп АҚШ Гренландия устидан “у ёки бу тарзда” назоратни қўлга киритишини айтди ҳамда бу ҳудуд мудофаасини масхара қилиб, у “иккита ит қўшилган чанадан” иборат, деди.

АҚШ президентининг Гренландия ҳақидаги сўзларидан кейин кўплаб Европа етакчилари Данияни қўллаб-қувватлашини билдириб, Гренландия тақдири ҳақида қарорни унинг аҳолиси қабул қилиши кераклигини таъкидлади.

Гренландия ҳукумати 12 январ куни АҚШнинг бу ҳудудни қўшиб олиш нияти ҳақидаги баёнотларини қабул қилиб бўлмас деб таъкидлади. “АҚШ яна бир бор Гренландияни қўлга киритиш истагини билдирди. Гренландиядаги ҳукмрон коалиция буни ҳеч қандай шароитда қабул қила олмайди”, — дея ҳужжатдан иқтибос келтиради AFP агентлиги.

Шу билан бирга, Гренландия ҳокимияти орол мудофаасини НАТО доирасида ривожлантиришга тайёр эканини қайд этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид