Жаҳон | 15:42
2134
3 дақиқада ўқилади

Эрон Россияга қарийб 3 млрд долларлик ракеталар сотган

Bloomberg’нинг ёзишича, Теҳрон Украинага қарши урушда қўллаш учун Москвага 2,7 млрд долларлик баллистик ва зенит ракеталар етказиб берган. 2021 йил охиридан буён Россиянинг Эрон қурол-аслаҳаларини харид қилишга сарфлаган умумий маблағи 4 млрд доллардан ошади.

Фото: AP

Эрон Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаш учун Россияга қарийб 3 млрд долларлик ракеталар сотган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги 12 январ, душанба куни хавфсизлик соҳасидаги ғарблик экспертга таяниб хабар қилди. Унинг баҳосига кўра, 2021 йил октябридан — Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланишидан олдин Москва билан тузилган шартномалар ҳажми тахминан 2,7 млрд долларни ташкил этган.

Харидлар таркибига Fath-360 туридаги қисқа масофали юзлаб баллистик ракеталар, шунингдек, қисқа масофали яна қарийб 500 та бошқа баллистик ракета ва ҳаво мудофаа тизимлари билан боғлиқ тахминан 200 та зенит ракета кирган.

Москва ва Теҳрон яқинлашуви 2022 йил февралда Россиянинг Украинага қуролли ҳужуми фонида кучайган. Уруш Москвага қарши кенг кўламли санкцияларга сабаб бўлиб, Совуқ уруш давридан бери Россия—Ғарб муносабатларидаги энг жиддий инқирозга айланган. Bloomberg таъкидлашича, Эрон қуролларининг етказиб берилиши икки давлат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаган.

Агентлик суҳбатдошига кўра, Эрон Россияга миллионлаб патронлар ва артиллерия снарядлари ҳам етказиб берган. Шу билан бирга, бу баҳолаш харидларнинг бутун ҳажмини қамраб олмайди, чунки қўшимча етказиб беришлар кутилмоқда.

Бошқа жиҳатдан, Теҳрон Москвага Shahed-136 зарбали учувчисиз аппаратларини ва Россияга уларни “Герань-2” номи билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини берган технологияларни ҳам топширган. Бу 2023 йил бошида имзоланган 1,75 млрд долларлик шартнома доирасида содир бўлган.

Ғарблик манбанинг баҳосига кўра, умумий ҳисобда Россия 2021 йил охиридан буён Эроннинг ҳарбий ускуналарини харид қилиш учун 4 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Манба маълумотларига кўра, Эроннинг Россия билан яқинлашуви 2010-йилларданоқ — Ғарб босими ва Эрон ядровий дастури туфайли жорий қилинган санкциялар фонида бошланган. 2025 йил январда Теҳрон ва Москва стратегик шериклик тўғрисидаги келишувни имзолаган, бироқ унда ўзаро мудофаа бўйича қоидалар йўқ.

Шу билан бирга, манбага кўра, Россия ўтган йили Эрон ҳудудига берилган Исроил ва АҚШ зарбалари пайтида Теҳронга сезиларли ёрдам кўрсатмаган. Бироқ Москва ва Теҳрон Эрон орқали Ҳиндистонгача бўлган савдо йўлагини ривожлантириш устида ишламоқда ва санкциялар таъсирини камайтириш учун молия ва банк соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қиляпти.

Bloomberg сўровларига Россия Мудофаа вазирлиги ва Эрон Ташқи ишлар вазирлиги жавоб бермаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид