Ўзбекистон | 09:37 / 14.01.2026
1616
3 дақиқада ўқилади

Қошғар–Тошкент йўналишида янги тўғридан тўғри авиарейс очилади

14 январ куни Хитойнинг Қошғар шаҳридан Ўзбекистон пойтахти Тошкентга янги йўловчи авиайўналиши бўйича биринчи рейс амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Қошғар Фото: Wikipedia

Хитойнинг “Синхуа” агентлиги маълумотларига кўра, ушбу йўналишнинг очилиши икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алмашинув, туризм ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Янги рейс Хитой ва Ўзбекистон ўртасида қўшимча “ҳаво кўпригини” шакллантириб, ўзаро қатновлар учун қулайликларни оширади.

Маълум қилинишича, Шинжон-Уйғур автоном районининг Қошғар округи маъмурий марказидан амалга ошириладиган илк парвоз учун 180 ўринли Airbus A320 самолёти жалб этилади. Қатновларни ҳафтасига бир маротаба (бориш ва қайтиш) амалга ошириш режалаштирилган. Тўғридан тўғри рейснинг йўлга қўйилиши аввал бошқа шаҳарлар орқали амалга оширилган сафарларнинг вақти ва ташкилий харажатларини сезиларли даражада қисқартириши айтилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Қошғар округининг муҳим савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорлик кўлами мунтазам равишда кенгайиб бормоқда. Айниқса, 2025 йил 1 июндан Хитой ҳукумати ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ўртасида виза талабларини ўзаро бекор қилиш тўғрисидаги келишув расман кучга киргани муносабатлар ривожига қўшимча туртки берган. Унга кўра, икки давлат фуқаролари амалдаги хорижга чиқиш паспортлари билан бир марта кирганда 30 кунгача визасиз бўлишлари мумкин.

Шу каби қулай шароитлар фонида Қошғар–Тошкент тўғридан тўғри авиамаршрутининг очилиши туристик ва ишбилармонлик сафарларига бўлган талабни янада ошириши, турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштириши кутилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, Хитойдан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими сўнгги йилларда сезиларли ўсган. Хусусан, 2024 йилда мамлакатга Хитойдан 74,3 минг нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан тахминан 75 фоизга кўп экани қайд этилган.

Ушбу ижобий динамика 2025 йилда ҳам давом этган: январ–октябр ойларида Ўзбекистон Хитойдан қарийб 217 минг нафар сайёҳни қабул қилган. Манбаларда йил якунига келиб бу кўрсаткич 250 минг нафардан ошиши кутилмоқда, бу эса бир йил олдингисига нисбатан қарийб 3 баробар кўп дегани.

Экспертлар фикрича, сафарлар кўпайишига визасиз режим билан бирга, Хитой туристик бозорида Ўзбекистон салоҳиятининг фаол тарғиб қилиниши, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан тўғри авиарейслар тармоғининг кенгайиб бораётгани ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид