Ўзбекистон | 08:57 / 15.01.2026
2490
2 дақиқада ўқилади

1 трлн 145 млрд сўмлик товарлар ноқонуний муомаладан чиқарилди

Божхона органлари томонидан яширин иқтисодиёт ва наркожиноятларга қарши курашиш самарадорлиги оширилиб, қиймати триллион сўмдан ортиқ товарлар ҳамда қатор тақиқланган ашёлар ноқонуний муомаладан чиқарилди. Байрам муносабати билан бир қатор ходимлар ва танлов ғолиблари тақдирланди.

Фото: Божхона қўмитаси

Яширин иқтисодиётга қарши курашишдаги натижадорлик 44 фоизга оширилиб, 1 трлн 145 млрд сўмлик товарлар, 92 млрд сўмга яқин эквивалентдаги валюта қимматликлари ва 140 млрд сўмга яқин заргарлик буюмлари ҳамда 5960 та маданий бойликларнинг ноқонуний айланувига чек қўйилди.

Шунингдек, миллат келажаги ва ёшларнинг соғлом турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатувчи наркожиноятларга қарши курашиш самарадорлиги 2 баробарга оширилиб, 3 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар ушлаб қолинган.

Бундан ташқари, 16 мингдан ортиқ тақиқланган материаллар, 50 млрд сўмга яқин тамаки маҳсулотлари, 188 та ўқотар, пневматик ва совуқ қуроллар ҳамда 5 мингдан ортиқ ўқ-дорилар аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур натижалар божхона органлари фаолияти ҳарбий ва иқтисодий йўналишларни қамраб олган, юртимиз мудофаасида муҳим аҳамият касб этувчи, катта масъулият ва жавобгарлик юклатилган тизим эканидан далолат беради.

Байрам муносабати билан президент фармонларига мувофиқ, 2 нафар ходим юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган. Тадбир давомида Божхона қўмитаси раиси ушбу мукофотларни тантанали равишда топширган.

Шунингдек, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган «Посбониман муқаддас юртнинг» республика танлови ҳамда «Заковат» интеллектуал ўйини ғолиблари ҳам эсдалик совғалар билан тақдирланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид