Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон АҚШнинг эҳтимолий зарбаси ҳақидаги хабарлар фонида осмонини ёпди
Эрон ҳукумати мамлакат устидаги парвозларни 15 январ тонгигача чеклади. Аввалроқ АҚШ Эронга бир сутка ичида зарба бериши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Фото: Majid Asgaripour / West Asia News Agency / Reuters
Эрон вақтинча ўз ҳаво майдонини барча самолётлар учун ёпди, фақат олдиндан рухсатнома олган халқаро рейсларга истисно қилинди. Бу ҳақда Эрон Федерал авиация бошқармаси сайтида 14 январ, чоршанба куни кечқурун маълум қилинди.
Дастлабки огоҳлантиришда чекловлар икки соатга жорий этилгани айтилган, кейин эса улар маҳаллий вақт бўйича эртаси куни соат 07:30 гача узайтирилганини AP агентлиги хабар қилди.
14 январ куни европалик амалдор Reuters’га АҚШ Эронга 24 соат ичида ҳужум қилиши мумкинлигини айтган. Бир кун олдин АҚШ президенти Доналд Трамп, агар Эрон ҳокимияти норозилик намойишларида қатнашганларга нисбатан ўлим жазоси ҳақидаги ҳукмларни чиқара бошласа, “жуда қаттиқ ҳаракатлар” билан таҳдид қилган эди.
Доналд Трамп 14 январ куни “ишончли манбалардан” норозилик акциялари иштирокчиларини қатл этиш энди режалаштирилмаётгани ҳақида хабардор эканини билдирди. Шу куни эртароқ Эрон суд ҳокимияти раҳбари Голам Ҳусайн Моҳсени-Эжией намойишлар пайтида ушланган 18 000 кишига нисбатан суд ишларини тезкор тартибда кўриб чиқиш ва уларнинг бир қисмига ўлим жазоси ҳукмини чиқариш зарурлигини айтган.
Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири FOX News’га берган интервюсида Эронда “умуман одамларни осиш режаси йўқ”лигини таъкидлади.
Шу орада, Reuters ва AFP, шунингдек CNN манбаларга таяниб хабар беришича, АҚШ 14 январ куни Қатардаги Ал-Удейд авиабазасидан айрим ҳарбийлар ва ходимларга вақтинча чиқиб кетишни тавсия қилди. AP билан суҳбатда америкалик расмий бу қадамни эҳтиёт чораси деб атаган.
Қатардаги мазкур авиабазада доимий равишда тахминан 10 000 нафар ҳарбий хизматчи ва фуқаролик ходимлари жойлашган. У АҚШ қуролли кучларининг Яқин Шарқдаги асосий қўмондонлик марказларидан бири ҳам ҳисобланади.
Эронда ҳукуматга қарши норозиликлар 2025 йил 28 декабрдан бери давом этмоқда. Дастлаб аҳоли миллий валюта қадрсизланиши фонидаги молиявий инқирозга қарши чиққан, аммо тез орада намойишчиларнинг иқтисодий талаблари сиёсий талабларга айланган.
Норозиликлар мамлакатнинг 25 вилоятидаги 60 дан ортиқ шаҳарни қамраб олган. Энг йирик акциялар Теҳронда, шунингдек, ғарб ва жануби-ғарбий ҳудудлардаги Малекшоҳи, Керманшоҳ, Лордеган шаҳарларида ўтмоқда. Ҳукумат чиқишларни бостиришга киришган, бироқ воқеалар бўйича ишончли маълумотлар йўқ — бир неча кундан бери мамлакатда интернет ишламаяпти. Норвегияда жойлашган Iran Human Rights (IHR) ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти маълумотларига кўра, норозиликлар вақтида камида 3428 киши ҳалок бўлган, 10 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.
Мавзуга оид
10:33
АҚШ Ўзбекистон фуқароларига ҳам иммиграцион виза беришни тўхтатди
09:42
Эрон ҳаво ҳудуди ёпилиши: Uzbekistan Airways, Jazeera ва Fly One Asia рейслари йўналишини ўзгартирди
09:09
Эрон тақдири учун кураш: Ризо Паҳлавийнинг катта режалари
22:51 / 14.01.2026