Жамият | 11:51
2100
2 дақиқада ўқилади

Бухорода рейд: ноқонуний ов ва илон билан “цирк” томошаси аниқланди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ҳамда ҳудудий бошқарма ҳамкорлигида ўтказилган рейдларда Пешку туманида рухсатномасиз 8 дона кулранг ғоз овлангани, Бухоро шаҳрида эса фуқаро йўлбарссимон бўғма илон билан томоша ўтказгани маълум бўлди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция), Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилди.

Рейд давомида Бухоро вилояти Пешку тумани чўл ҳудудида 2 нафар шахс томонидан 8 дона кулранг ғоз ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний овлангани аниқланди. Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга ҳайвонот дунёсига етказилган зарар — 3 млн 296 минг сўм, шунингдек БҲМнинг 50 баробари миқдорида жарима тайинланди. Ноқонуний овланган ғозлар олиб қўйилиб, ҳужжатлар суд органларига юборилди.

Бошқа бир ҳолатда эса Бухоро шаҳри Марказий бозори автотураргоҳида фуқаро Ф.М. йўлбарссимон бўғма илон ёрдамида “цирк томошаси” ўтказаётгани маълум бўлди. Рейд пайтида илонга тегишли ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ҳамда сақлаш талаблари бузилгани аниқланиб, ҳайвон тегишли тартибда олиб қўйилди. Илон ветеринария кўригидан ўтказилиб, вақтинчалик сақлаш учун Сомоний боғида ташкил қилинган ҳайвонот боғига жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги 736-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 январдан жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитда, сунъий яратилган жойларда ёки тутқунликда сақлаш тақиқланган. Шунингдек, ушбу ҳайвонлардан давлат ва кўчма циркларда томошалар учун фойдаланиш ҳам мумкин эмас.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92-1-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун суд органларига юборилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид