Жаҳон | 20:56 / 16.01.2026
1420
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда телеканалларга рус тилидаги контент намойиши қисман чекланди

Маҳаллий телеканаллардан рус тили ва бошқа тилдаги контент улушини 40 фоиздан оширмаслик талаб қилинмоқда.

Фото: AKIpress

Қирғизистон ҳукумати телеканаллардан миллий тилдаги эфир улушини қонунчилик талабларига мувофиқ 60 фоизга етказишни талаб қилди. Бу ҳақда Қирғизистон маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Марат Тагаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, баъзи хусусий каналлар талабларга расман риоя қилиш учун ўн йил аввалги қирғиз тилидаги дастурларни такроран намойиш этади ва маҳаллий контент яратмайди.

«Биз хусусий телеканаллар ва уларнинг ўз стратегиялари ривожланишига тўсқинлик қилмаймиз. Аммо қонун талаблари, айниқса, қирғиз тилига оид нормалар қатъий бажарилиши шарт. Мен медиа-бозордаги вазият билан танишман, аммо биз томошабинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга мажбурмиз», деди Тагаев.

Унинг таъкидлашича, телекомпанияларга «Қирғизфилм» ва «Қирғизсериал» фондларидан 400 дан ортиқ филм, 40 та мултфилм ва 10 та сериал бепул тақдим этилган.

Феврал ойининг охиригача улар ўзини қирғиз тилидаги контент билан таъминлаши учун ушбу муассасалар билан шартнома тузиши керак. Акс ҳолда, вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳукумат йил охиригача «бундай хусусий телеканалларга нисбатан чора кўради».

Телевидениеда давлат тилини қўллаш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар ўтган йилнинг август ойида қабул қилинган. Бунгача каналлар эфир сеткасининг 50 фоизини қирғиз тилидаги контент билан тўлдириши керак эди.

Айни пайтда Қирғизистонда 42 та телеканал фаолият юритмоқда, улардан иккитаси (МТРК ва ЭЛТР) расман давлат томонидан молиялаштирилади. Шунингдек, «Мир» давлатлараро телерадиокомпанияси ишига ҳам ғазна ҳисобидан ҳақ тўланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид