Спорт | 12:15
10548
12 дақиқада ўқилади

«Сити» дербида таслим этилди, мухлислар Винини йиғлатишди

Бу турда «Арсенал» ва «Ливерпул» ҳам очко йўқотди, Абдуқодир Ҳусанов навбатдаги кучли ўйинини ўтказди, аммо жамоаси ютқазди. Мадридда эса «Реал» футболчилари ва Перес ҳуштакбозликка учради.

«Манчестер Юнайтед» – «Манчестер Сити» 2:0
Голлар:
Мбеумо, 65 (1:0). Доргу, 76 (2:0)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Мартинес, Шоу (Ҳевен, 90+1), Далот, Каземиро (Угарте, 81), Майну, Бруну Фернандеш (Маунт, 90+1), Доргу, Диалло, Мбемо (Куня, 71)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Ҳусанов, Аллейн (О`Райли, 46), Аке, Люис, Родри, Бернарду Силва (Айт Нури, 80), Фоден (Шерки, 46), Доку (Рейндерс, 80), Семенио, Ҳоланд (Мукаса, 80)
Огоҳлантиришлар: Далот, 11. Шоу, 17 – Родри, 45. О`Райли, 48. Люис, 75

«Олд Траффорд»даги ўйинда мезбонлар илк дақиқаларданоқ рақиб жарима майдонини штурм қилишга киришди. Учинчи дақиқадаёқ Магуайрнинг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди. Бўлимнинг қолган қисмида ҳам фаворитлар эмас, майдон эгалари катта устунликка эга бўлишди.

Биринчи бўлимнинг ўзида икки вазиятда «Сити» футболчиларининг ўта қўпол хатолари голга олиб келиши мумкин эди. Аввалига ҳимояда мажбуран ўйнатилаётган ёш Аллейннинг дарвозабон томон узатмаси ўта кучсиз чиқди ва тўпни рақиб эгаллаб олишига бир бахя қолди, аммо Доннарумма тўпга етиб келишга ва узоқлаштиришга улгурди. Кейин эса тажрибали Родри ўз жарима майдонида туриб ортга пас беришда хато қилди, бу сафар Ҳусанов қутқарди. «МЮ» футболчилари икки бор дарвозани ишғол қилишди ҳам, аммо бу голлар кичик офсайд ҳолатлари туфайли бекор қилинди. Доргунинг зарбасидан кейин эса Доннарумма яхши ҳаракат қилди.

Бошқа томондан, Далотнинг қўполлиги мезбонларга қимматга тушиши ҳам мумкин эди. «МЮ» ҳимоячиси бутсасининг остки қисми билан Докунинг оёғига зарба берди, аммо ҳакам контакт кучсиз бўлганини инобатга олиб, қизил карточка кўрсатмади.

Гвардиола танаффусдаёқ алмаштиришлар амалга оширди. Фоден ва Аллейн ўрнига Шерки ва О'Райли майдонга тушди. Аммо ўйин картинаси ўзгармади. «Сити» биринчи бўлимдаги каби тўпга эгалик қилишда давом этди, аммо голли вазиятлар фақат «МЮ»да бўлди.

Ўйиннинг 56-дақиқасида айнан О'Райли Доргуни ўтказиб юборди ва жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади. Доннарумма унинг зарбасини қайтарди, аммо кейин Аке тўпни узоқлаштира олмади ва Каземирода ҳисобни очиш учун ўта қулай имконият юзага келди. Аммо у икки метрдан туриб йўллаган зарбани ҳали ерда ётган дарвозабон оёқлари билан қайтариб қолди.

Кейин эса шу кунларда Африка кубогидан қайтиб келган Мбеумонинг ўзида иккита голли вазият бўлди. Доннарумма унинг биринчи зарбасини қайтарди, аммо иккинчи вазиятда қарши ҳужумда «учга икки» ҳолатига чиқиб кетган «МЮ» ҳисобни очди.

«Сити» шундан кейин уйғониши кутилганди, аммо бу рўй бермади. Меҳмонлар шундан кейин ҳам хавфли қарши ҳужумларни ўтказиб юбораверишди. Куня ўнг қанотдан диагонал узатма берди ва тўпга «Сити» ҳимоячиларидан бири етиб келишига шубҳа йўқ эди, аммо улар яна пассив ҳаракатланишди ва Доргу иккинчи голни урди.

Ҳисоб 2:0 кўринишини олганидан кейин ҳам «МЮ» ҳужумкорликни давом эттирди. Диаллонинг зарбаси устунга тегди, Маунтнинг голи микроскопик офсайд ҳолати туфайли бекор қилинди. Ҳисоб йирик кўриниш олмаган бўлса-да, мезбонлар ўйин борасида мутлақ устунликка эришишди. «Сити» қаторасига тўртинчи турда очко йўқотди, «МЮ» эса вақтинча бўлса ҳам кучли тўртликка кириб олди.

«Челси» – «Брентфорд» 2:0
Голлар:
Жоао Педро, 26 (1:0). Палмер, 76 – пеналти (2:0)
«Челси»: Санчес, Адарабиойо (Фофана, 58), Чалоба, Кукуреля, Жеймс (Хато, 85), Фернандес (Ачимпонг, 85), Кайседо, Палмер, Гарначо (Сантос, 57), Педру Нету, Жоао Педро (Делап, 74)
«Брентфорд»: Келлеҳер, Айер, Коллинз, Ҳенри (Ҳики, 82), Кайоде, Ярмолюк (Донован, 90+4), Янелт, Йенсен, Шаде (Люис-Поттер, 82), Дамсгор (Уаттара, 77), Тиаго
Огоҳлантиришлар: Кукуреля, 67. Фофана, 83. Палмер, 90 – Шаде, 36. Янелт, 45

«Челси» ва «Брентфорд» ўзаро учрашувда кучли тўртликни ким таъқиб қилиши масаласига ойдинлик киритиб олишди. Ўйин бошида майдон эгаларининг Жоао Педрога ишлатилган фол учун пеналти сўраши беҳуда кетди, кейин эса Тосин Адарабиойо автогол муаллифи бўлишига бир бахя қолди: Роберт Санчес Кевин Шаденинг зарбасидан кейин ўз жамоадоши орқали рикошет бўлиб келган зарбани қайтариб қолди.

26-дақиқада эса Педро Энцо Фернандеснинг узатмаси орқали ҳисобни очди, аввалига ҳакам голни инобатга олмади, аммо VAR текширувидан кейин офсайд ҳолати тасдиқланмади.

Кейинги эпизодда Йенсен қулай позицияда туриб узоқ бурчакни аниқ нишонга ололмади (тўп устунга тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди), бўлим охирида Гарначо ўйин масаласини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо у дарвозабон ҳудудида туриб тўпни тўғри теполмади.

Иккинчи бўлимда эса Санчес Шаде билан яккама-якка вазиятда яна бир бор қаҳрамонлик кўрсатди. Ўйин тақдири 75-дақиқада, «Брентфорд» ҳимоячиси Коллинз ўз дарвозабонини ноқулай ҳолатга тушириб қўйганида ҳал бўлди, Келлеҳер унинг пасини қабул қила олмади ва Делапни йиқитди, 11 метрлик нуқтага яқинлашган Палмер эса бенуқсон зарба берди.

Чемпионатда 13 декабрдан буён илк ғалабасини нишонлаган «Челси» олтинчи ўринга кўтарилди. Лиам Росениор АПЛдаги илк ғалабасига эришди, Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи квартет билан орадаги фарқ атиги икки очкони ташкил этмоқда.

«Ливерпул» – «Бёрнли» 1:1
Голлар:
Вирц, 42 (1:0). Эдвардс, 65 (1:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Собослаи, 32’
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез (Робертсон, 78), Фримпонг, Жонс (Киеза, 87), Гравенберҳ (Макаллистер, 78), Вирц, Гакпо (Нгумоха, 78), Собослаи, Экитике
«Бёрнли»: Дубравка, Эстев (Экдал, 74), Ҳамфрис, Туанзебе, Угочукву (Лоран, 85), Флорентину (Межбри, 90), Лукас Пирес, Уокер, Эдвардс (Чауна, 90), Энтони, Бройя (Фостер, 74)
Огоҳлантиришлар: Керкез, 40 – Барнс, 90. Ҳамфрис, 90

«Ливерпул» биринчи бўлимни тўлиқ рақиб жарима майдони атрофида ўтказди, аммо Дубравка қўриқлаётган дарвозани ишғол этиб бўлмади. Ҳатто Гакпо «Бёрнли» жарима майдонига ёриб кириб, пеналти ишлаганида ҳам. Собослаининг нуқтадан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинини титратди.

Аммо бўлим охирида Экитикенинг юриши Вирцнинг ҳисобни очиши билан якунланди. АПЛга мослашиш жараёнини якунлаб, сўнгги вақтларда яхши ўйнай бошлаган германиялик яримҳимоячи қаторасига иккинчи турда гол урди, аммо бу ғалаба учун етарли бўлмади. «Бёрнли» иккинчи бўлимда қисқа муддатга фаоллашди ва Эдвардс ҳисобни тенглаштирди. Қизиллар жавоб ҳужумида дарвозани ишғол этишди, аммо Экитикенинг голи бекор қилинди. «Ливерпул» ўйин давомида жами 32 бор зарба йўллади, аммо аутсайдерга очко улашди. Якунда Арне Слот жамоаси тўртинчи ўринни ўзида сақлаб қолган бўлса-да, бешинчи ўриндаги «МЮ» билан фарқ бир очкони ташкил этмоқда.

«Ноттингҳэм Форест» – «Арсенал» 0:0
«Ноттингҳэм Форест»: Селс, Мурилио, Миленкович, Уилямс, Айна, Сангаре, Домингес (Ҳатчинсон, 89), Андерсон, Ҳадсон-Одои, Гиббс-Уайт, Игор Жезус (Ндой, 76)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Тимбер, Уайт, Субименди (Эзе, 79), Райс, Эдегор (Мерино, 57), Мартинелли (Троссар, 46), Мадуэке (Сака, 57), Йокереш (Габриэл Жезус, 57)
Огоҳлантиришлар: Айна, 90 – Тимбер, 37

Шон Дайч – қайси жамоада ишламасин, исталган рақибга муаммо туғдира олади ва «Арсенал» ҳам истисно эмас. «Канонирлар» биринчи бўлимни тўлиқ ўз назоратида ўтказди, аммо яхши вазиятларга эга бўлганига қарамай, дарвозани ишғол этолмади. Бунга қисман таркибдаги муаммолар (ўнг қанот ҳимоячиси Тимбер чап қанотда ўйнашига тўғри келди), қисман икки кун олдин Англия кубогида «Челси»га қарши қийин ўтказилгани ва бир неча кундан кейин ЕЧЛда «Интер» майдонига сафар кутаётгани туфайли қатор футблчиларга дам берилгани ҳам сабаб бўлди. Артета иккинчи бўлимда Сака, Троссар, Жезус, Мерино ва Эзе каби ҳужумкор футболчиларини майдонга ташлади.

Ўзгаришлардан кейин вазиятлар янада кўпроқ ва хавфлироқ чиқди, аммо гоҳ аниқлик етишмади, гоҳ ҳимоячилар ва дарвозабон жонбозлик кўрсатишди. «Ноттингҳэм» ўйин якунига қадар зич ҳимояланди ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Лондонликлар «Манчестер Сити» билан орадаги фарқни 9 тага етказиб олиш имкониятидан фойдалана олмади, аммо етти очко ҳам чемпионлик пойгасида катта фарқ ҳисобланади. Шу билан бирга, «Астон Вилла» якшанба куни «Эвертон»га қарши ўйинда ғалаба қозонса, тўрт очколик масофада яқинлашиб олиши ҳам мумкин.

Испания: ҳуштакбозликлар остидаги ғалаба

«Реал» – «Леванте» 2:0
Голлар:
Мбаппе, 58 – пеналти (1:0). Раул Асенсио, 65 (2:0)
«Реал»: Куртуа, Раул Асенсио (Алаба, 90), Ҳаусен (Себалиос, 61), Каррерас, Валверде, Тшуамени, Камавинга (Арда Гулер, 46), Беллингҳэм, Винисиус Жуниор, Гарсия (Мастантуоно, 46), Мбаппе
«Леванте»: Райан, Маттурро, де ла Фуэнте, Санчес, Толян, Пабло Мартинес, Венседор (Рагубе, 66), Алварес (Оласагасти, 83), Ромеро (Эспи, 83), Тунде (Кортес, 83), Этта Эйонг (Лосада, 66)
Огоҳлантиришлар: Тшуамени, 31. Гарсия, 43 – Венседор, 17

«Реал» Ла Лиганинг 19-ўриндаги жамоасига қарши ҳам қийналди. Мухлислар эса Испания кубогида қуйи лига жамоаси «Албасете»дан учралган мағлубиятни ҳали ҳам хазм қила олишмаганди.

«Леванте»га қарши ўйин куни Мадридда Флорентино Перес турли гуноҳларда айбланган баннерлар пайдо бўлди. Стадионга келган мухлислар эса чигалёзди машғулотлари вақтида оқ сочиқлар кўтаришди, Пересдан истеъфо талаб қилинган баннерлар намой этишди ва Мбаппе ҳамда Гонсало Гарсиядан бошқа барча футболчиларга ҳуштакбозлик қилишди. Энг кўп ҳуштакбозлик Винисиусга нисбатан қилинди.

Таркиблар эълон қилинганаётганда ҳуштакбозлик янада кучайди ва бразилиялик футболчи зинага ўтириб, йиғлаб юборди. Уни жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Антонио Пинтус овутишига тўғри келди.

Ўйин бошланганидан кейин ҳам тўп Винисиусга келганида «Сантяго Бернабеу»да йиғилган мухлислар увуллашди. Мбаппе уларни бундай қилмасликка чақирди, аммо фойдаси бўлмади.

«Реал» ўйиннинг 70-80 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди, аммо олдинда деярли вазиятлар ярата олмади. «Леванте» 5-4-1 схемасида жойлашди ва хотиржамлик билан ҳимояланди. Шу билан бирга, бир неча хавфли стандарт вазиятларга ҳам эга бўлишди. Қолаверса, Тчуамени кераксиз вазиятда сариқ карточка олди ва кейинги турда «Вилярреал» билан ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди.

Қайсидир паллаларда «Бернабеу»дагилар очиқчасига «Леванте»га мухлислик қилишди! Арбелоа танаффусда иккиталик ўзгариш қилди (Гонсало Гарсия ва Камавинга ўрнига Гулер ва Мастантуоно тушди). Мадридликлар шундан кейин ўзига келишди, Мбаппе эса ўзи ишлаган пеналтини аниқ ижро этиб, Ла Лигадаги голлари сонини 50 тага етказди. Раул Асенсио Арда Гулернинг узатмасидан кейин иккинчи голни ургандагина мухлислар жамоани кечирди. Аммо Винисиусни эмас – Алонсонинг кетишида айбдор сифатида кўрилаётган футболчи майдонни ҳам ҳуштаклар остида тарк этди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид