Иқтисодиёт | 08:30
1164
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Гренландия сабаб АҚШга қарши жавоб божлари тайёрламоқда

Der Spiegel манбаларига кўра, Брюсселдаги режадан ташқари саммитда ЕИга аъзо давлатлар АҚШга нисбатан жавоб божларини муҳокама қилади. Яна бир эҳтимолий чора — айрим Америка фирмаларининг ЕИда ишлашига чекловлар жорий этиш.

Фото: Yves Herman/REUTERS/REUTERS

Европа Иттифоқи АҚШга нисбатан жавоб божларини жорий этишни ёки ўз ҳудудида Америка компаниялари фаолиятига чекловлар киритишни режалаштирмоқда. Бу агар Доналд Трамп Гренландия бўйича уларнинг позицияси сабаб Европа давлатларининг саккизтасига 10 фоизлик бож жорий этса юз бериши мумкин. Бу ҳақда якшанба, 18 январ куни Der Spiegel журнали Брюсселдаги манбаларига таяниб, шунингдек Reuters агентлиги номаълум дипломатга ишора қилиб хабар берди.

Европа Кенгаши раиси Антониу Коштанинг айтишича, яқин кунларда Брюсселда ЕИга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг режадан ташқари саммити ўтказилиб, АҚШ томонидан бўлаётган таҳдидларга Евроиттифоқнинг умумий жавоби ишлаб чиқилади. Reuters маълумотига кўра, бундай саммит 22 январ кунига мўлжалланган.

18 январ оқшомида ЕИ элчилари фавқулодда йиғилиш ўтказди. Унда, хусусан, АҚШга нисбатан эҳтимолий қарши чоралар муҳокама қилинди. Ҳозирча мамлакатлар аниқ тафсилотлар бўйича келишиб олмаган.

Reuters ёзишича, сценарийлардан бири — ичимликлар, самолётлар учун эҳтиёт қисмлар, соя, парранда гўшти ва бошқа Америка товарларига 93 миллиард евро миқдорида жавоб божлари жорий этиш. Улар автоматик тарзда кучга кириши мумкин, деб ёзади агентлик.

Аввалроқ маълум бўлишича, Доналд Трамп Буюк Британия, Германия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финландия, Франция ва Швецияга қарши 10 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилганидан кейин ЕИ қонун чиқарувчилари трансатлантик савдо келишувини маъқулламайди.

Politico нашри эслатишича, ушбу келишув АҚШнинг ЕИдан импортга тарифларини 15 фоиз даражасида белгилашни кўзда тутган, бунга жавобан Европа ҳамжамияти Америка экспортига қўйилган божлардан воз кечиши керак эди.

Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, Гренландияни АҚШга ўтказиш бўйича келишув тузилмагунча, ушбу саккизта Европа мамлакати бож тўлайди. АҚШ президенти орол устидан назорат ўрнатиш истагини бир неча бор билдирган, у бу фикрни илк бор 2019 йилда, биринчи президентлик муддати пайтида айтган.

15 январ куни Трамп божлар ҳақида маълум қилган мамлакатлар Гренландияга ўз ҳарбийларини разведка миссияси доирасида юборишини маълум қилди. Бу тадбир минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш ва Данияга 2026 йил охирида ўтказилиши режалаштирилган йирик ҳарбий машқларга тайёргарликда ёрдам бериш мақсадини кўзлайди.

Германия Бундесверининг 15 нафар аскаридан иборат гуруҳи Гренландияни 18 январ куни тарк этган — Трамп Данияни ҳудудий низода қўллаб-қувватлагани учун Германияга қарши бож жорий этиш билан таҳдид қилганидан бир кун ўтиб.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид