Жаҳон | 10:53 / 20.01.2026
3823
6 дақиқада ўқилади

Тинчлик кенгашига вақтинчалик аъзолик бепул бўлади

Ташкилот низомига кўра, давлатлар Тинчлик кенгашида уч йиллик вақтинчалик аъзоликни тўловсиз олиши мумкин. Биринчи йил давомида бадал тўлаганлар учун эса доимий аъзолик кафолатланади.

Фото: White House / Daniel Torok

Трамп Тинчлик кенгаши тузилганини эълон қилди ва дунё етакчиларига аъзолик бўйича таклифлар юборди. Ушбу орган Ғазо секторида тинчликка риоя этилишини назорат қилиш учун яратилаётган эди, бироқ БМТга рақобатчи тузилмага айланиб қолиши ҳам мумкин.

16 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп Тинчлик кенгашини шакллантириши ҳақида маълум қилди. 2025 йил ноябр ойида БМТ ушбу кенгашни тузиш режасини қўллаб-қувватлаган пайтда, у халқаро ҳуқуқий субъектликка эга бўлган ўтиш даври маъмурияти сифатида кўзда тутилган эди: у «Комплекс режа»га мувофиқ ҳамда халқаро ҳуқуқнинг тегишли тамойилларига таянилган ҳолда «Ғазони тиклашни молиялаштиришни мувофиқлаштириши» керак эди. Аммо дастлабки режаларга зид равишда, Трамп лойиҳаси БМТга рақобат қила оладиган халқаро ташкилот кўринишига келди.

АҚШ президенти ўзининг TruthSocial ижтимоий тармоғида шундай ёзди: «Ишонч билан айта оламанки, бу – ҳар қандай вақт ва ҳар қандай жойда йиғилган энг буюк ва нуфузли кенгашдир». Шу куни Оқ уй дунё етакчиларига юборган таклифлар ҳақида ҳам маълум бўлди. Bloomberg манбаларга таяниб хабар беришича, таклифлар билан бирга сиёсатчиларга ташкилот низоми ҳам тақдим этиляпти. Унда ташкилотнинг мақсади қуйидагича белгиланган: «барқарорликка кўмаклашиш, ишончли ва қонуний бошқарувни тиклаш ҳамда низодан жабр кўрган ёки низо хавфи мавжуд ҳудудларда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш».

Financial Times нашри ёзишича, ҳужжат матнида Ғазо тилга олинмаган, аммо «тинчликни мустаҳкамлаш учун янада мослашувчан ва самарали халқаро орган» тузиш зарурлиги алоҳида таъкидланган. Журналистлар ва экспертлар буни Трамп ҳаракатсизлиги учун бир неча бор танқид қилган БМТ Хавфсизлик кенгашига янги ташкилот рақобатчи бўлиши мумкинлигига ишора деб баҳолаган.

Низомда кенгашнинг доимий аъзоси бўлишни истаган давлатлар биринчи йил давомида 1 млрд доллар миқдорида бадал тўлаши кераклиги кўрсатилган, шу йўл билан йиғилган барча маблағлар Ғазо секторини тиклашга йўналтирилади. Вақтинчалик аъзолик эса бепул бўлиб, мамлакатга уч йил муддатга берилади.

Кенгашда ҳар бир давлат битта овозга эга бўлади. Қарорлар кўпчилик овози билан қабул қилинади, бироқ ҳар бир қарор кенгаш раиси – яъни Трамп томонидан тасдиқланиши шарт. У ташкилот аъзоларининг якуний рўйхатини ҳам тасдиқлаб беради. Ҳужжатда овоз бериш йилига камида бир марта ўтказилиши, қўшимча йиғилишлар эса «раис маъқул деб ҳисоблаган вақт ва жойда» чақирилиши қайд этилган. Овоз беришсиз учрашувлар эса ҳар чоракда камида бир марта ташкил этилади.

AP манбаларига кўра, Давосда бошланаётган Жаҳон иқтисодий форуми давомида кенгаш ташкил этилгани ҳақида расмий эълон берилиши кутиляпти.

16 январ куни Оқ уй Тинчлик кенгаши ижроия кенгаши аъзолари рўйхатини эълон қилди. Унга қуйидагилар кирган: Трамп – кенгаш раиси сифатида, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф, Трампнинг куёви Жаред Кушнер, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр, америкалик тадбиркор Марк Роуэн (Forbes унинг бойлигини 8,2 млрд доллар деб баҳолайди), Жаҳон банки раҳбари Ажай Банга, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўринбосари Роберт Гэбриэл.

Шунингдек, АҚШ Федерал харидлар хизмати комиссари Жош Грюнбаум ҳамда АҚШнинг Исроилдаги элчиси ҳузуридаги собиқ катта маслаҳатчи Аре Лайтстоун катта маслаҳатчилар сифатида кўрсатилган.

Болгариялик дипломат Николай Младенов Ғазо бўйича олий вакил этиб тайинланган. Оқ уй кенгашнинг янги аъзолари «яқин ҳафталар ичида» эълон қилинишини маълум қилган.

Россия президенти Владимир Путинга ҳам Тинчлик кенгашига аъзо бўлиш учун таклиф юборилган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков президент маъмурияти «ушбу таклифнинг барча тафсилотларини ўрганаётгани» ва «барча нюансларни аниқлаштириш учун Америка томони билан алоқа қилишни умид қилаётгани»ни айтди. FT маълумотларига кўра, Трамп Путинни кенгашга таклиф этиш орқали Россия етакчиси билан мулоқотни сақлаб қолишни истаган.

Таклиф юборилганлар рўйхати ва уларнинг аниқ сони номаълум. ОАВ хабарларига кўра, таклиф олганлар орасида қуйидагилар бор:

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев;
Венгрия бош вазири Виктор Орбан;
Ветнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби То Лам;
Иордания қироли Абдуллоҳ II;
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен;
Австралия бош вазири Энтони Албаниз;
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди;
Греция бош вазири Кириакос Мицотакис;
Кипр президенти Никос Христодулидис;
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф;
Канада бош вазири Марк Карни;
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев;
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған;
Миср президенти Абдул-Фаттоҳ ас-Сисий;
Парагвай президенти Сантяго Пеня;
Аргентина президенти Хавер Милей;
Албания вазирлар кенгаши раиси Эди Рама;
Бразилия президенти Лула да Силва;
Италия бош вазири Жоржа Мелони;
Янги Зеландия бош вазири Кристофер Лаксон;
Беларус президенти Александр Лукашенко.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид