Жаҳон | 13:56
1284
4 дақиқада ўқилади

Трамп таҳдидлари фонида Дания Гренландияга яна қўшимча аскар жўнатди

Қўшимча контингентдаги Дания ҳарбий хизматчилари самолёти Гренландияга қўнди. Улар Арктикадаги оролда ўтаётган халқаро ҳарбий машғулотларда иштирок этмоқда, бу машғулотлар бутун йил давом этиши мумкин.

Фото: Danish Defence Command/UPI

Гренландия пойтахти Нуук шаҳрига Atlantic Airways авиакомпаниясининг самолёти қўшимча даниялик ҳарбийлар контингенти билан қўнди. Уларнинг айримлари кейинроқ Нуукдан шимолда жойлашган Кангерлуссуак қишлоғига парвозни давом эттирган, деб хабар қилди сешанба, 20 январ куни dpa агентлиги.

Ritzau Дания ахборот агентлиги маълумотига кўра, ушбу аскарлар Дания мувофиқлаштираётган Arctic Endurance халқаро ҳарбий машғулотларида иштирок этмоқда. Дания қўшинларининг Арктика қўмондонлиги раҳбари Сорен Андерсен таъкидлашича, бу манёврлар 2026 йилнинг бутун давомида ҳам чўзилиши мумкин.

Гренландияда ҳозир қанча даниялик ҳарбий борлиги ҳақидаги саволга Андерсен жавоб бермади. Гренландиянинг KNR телеканали маълумотига кўра, айни пайтда Нуукда камида 100 нафар даниялик ҳарбий хизматчи, Кангерлуссуакда эса яна 100 нафар бор.

Шимолий Америка ҳаво мудофааси бўйича Бирлашган қўмондонлик (NORAD) душанба, 19 январ кечқурун ўз самолётлари Гренландиядаги Питуффик ҳарбий базасига тез орада етиб келиши ҳақида маълум қилди — улар “аввалдан режалаштирилган тадбирлар”да иштирок этиши керак.

АҚШ ҳарбийлари бу иш Дания ҳокимияти билан келишилган ҳолда амалга оширилганини билдирган. NORAD маълум қилишича, Гренландия ҳукумати ҳам режалаштирилган тадбирлар ҳақида хабардор қилинган.

Дания парламенти мудофаа қўмитаси раҳбари Расмус Ярлов CNN телеканалига айтишича, агар АҚШ арктик оролни куч билан эгаллаб олишга уринса, унинг мамлакати қўлда қурол билан қаршилик кўрсатишга тайёр. “Биз, албатта, Гренландияни ҳимоя қиламиз. Агар Америка қўшинлари босқин уюштирса, уруш бошланади ва биз бир-биримизга қарши жанг қиламиз”, — деди Ярлов.

Дания парламентарийси бундай қуролли тўқнашув АҚШ учун ҳам “фалокат” бўлишини айтди. Унинг фикрича, иқтисодий жиҳатдан Гренландияни эгаллаб олишнинг маъноси йўқ, чунки АҚШ аллақачон оролга кириш имкониятига эга, аннексия эса фақат қўшимча харажатлар келтиради.

Arctic Endurance машғулотлари доирасида Европа мамлакатларининг бошқалари ҳам стратегик аҳамиятга эга арктик оролга ўз ҳарбийларини юборган, жумладан Германия, Норвегия, Швеция ва Буюк Британия. Хусусан, ГФР Гренландияга бундесвернинг разведка гуруҳини жўнатгани айтилган — Данияга, айниқса, денгиз кузатуви соҳасида ҳарбий ёрдам кўрсатиш имкониятларини ўрганиш учун.

16 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп арктик орол бўйича унинг даъволарига қарши чиққан мамлакатларга нисбатан 10 фоизлик божлар жорий этиш билан таҳдид қилди. Бу чоралар 1 февралдан кучга кириши керак. Хабарларга кўра, Евроиттифоқ ичида жавоб чоралари муҳокама қилинмоқда.

17 январ куни бундесвернинг 15 нафар ҳарбийсидан иборат гуруҳ Гренландияни тарк этди. Германия Мудофаа вазирлиги миссия муддатидан олдин тўхтатилгани ҳақидаги маълумотни рад этган. Айрим маълумотларга кўра, бунга об-ҳаво сабаб бўлиши мумкин.

Доналд Трамп Гренландияни АҚШга қўшиб олиш истагини билдирмоқда. Ҳозирда орол Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. Оқ уй раҳбари бу гўё АҚШ хавфсизлиги учун зарурлигини, акс ҳолда оролни Хитой ёки Россия “эгаллаб олиши” мумкинлигини таъкидлайди. Дания ва бошқа европалик амалдорлар Гренландия аллақачон НАТОнинг жамоавий мудофаа қоидалари билан ҳимояланганини билдирмоқда. Шунингдек, оролда АҚШнинг ҳарбий иштироки 1951 йилги келишув билан кафолатланган.

19 январ куни Дания ва Гренландия мудофаа вазирлари Брюсселда НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашиб, унга алянснинг арктик миссиясини тузишни таклиф қилди. 22 январ кунига ЕИ етакчиларининг Гренландия масаласи бўйича фавқулодда саммити белгиланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид