Иқтисодиёт | 16:30 / 22.01.2026
3009
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда онлайн фирибгарликка қарши қандай курашилади?

Банк ва тўлов ташкилотлари учун янги киберхавфсизлик қоидалари кучга киради. Тасдиқланган низомга мувофиқ, мобил иловадаги аккаунтга фақат фойдаланувчининг ўзи ёки яқин қариндошларига тегишли банк картани бириктиришга рухсат берилади. Шунингдек, телефон рақами — ЖШШИР мослиги текширилади, биометрик идентификацияда “ҳаётийлик” талаби қўйилади ва бир қатор автоматик ҳимоя механизмлари ишлайди.

Кўп ҳолларда ўзбекистонликлар онлайн тўловлардан фойдаланиш қоидаларидан бехабарлиги, ижтимоий тармоқлардаги ботлар ва каналлардан фойдаланишда виртуал билимларнинг етарли эмаслиги сабаб фирибгарларнинг тузоғига тушиб қоляпти. Ноқулай вазиятларга тушиб қолмаслик, ёлғон қурбонига айланмаслик, пуллардан айрилиб қолмаслик бироз диққат, озроқ қунт талаб этилади. Ўз навбатида, онлайн фирибгарлик турлари ҳам тобора замонавийлашиб, мураккаблашиб боряпти. Шу сабабдан Ўзбекистонда ҳам банк ва тўлов ташкилотлари учун янги киберхавфсизлик қоидалари ишлаб чиқилди.

Янги талаблар

Янги низомга мувофиқ, мобил иловада рўйхатдан ўтган фойдаланувчи аккаунтига фақат ушбу шахс ёки яқин қариндошларига тегишли бўлган банк ҳисобварағи, банк картаси ва электрон ҳамёнларни бириктириши ҳамда ушбу аккаунт орқали P2P ўтказмаларини амалга ошириши мумкин бўлади. Бунда фойдаланувчининг телефон рақами ва ЖШШИРи ўзаро мос келиши алоҳида текширилади. Агар мослик аниқланмаса, мобил иловада рўйхатдан ўтказиш ҳамда банк картасини бириктиришга йўл қўйилмайди.

Кредит ва тўлов ташкилотлари биометрик идентификация жараёнида “ҳаётийлик факторлари”ни аниқлаши шарт. Яъни, расм орқали идентификация қилиш имкони бўлмайди. Шунингдек, хавфсизликни кучайтириш мақсадида қуйидаги чекловлар назарда тутилган:

  • телефонга юборилган 1 марталик СМС-код 3 марта нотўғри киритилса, фойдаланувчининг мобил иловадаги ҳаракатлари 15 дақиқага вақтинча чекланади;
  • аккаунтга бошқа қурилмадан кириш ёки паролни қайта тиклаш жараёнида аккаунтга боғланган барча банк карталари мобил иловадан автоматик тарзда чиқариб юборилади;
  • шу қурилмада банк карталари бўйича молиявий операциялар тарихи ўчириб юборилади.

Қайд этилишича, банк карталарини қайта бириктириш фақат биометрик идентификациядан ўтган ҳолда амалга оширилади.

Кредит ва тўлов ташкилотлари мобил илова орқали амалга ошириладиган ҳар бир молиявий амалиёт фойдаланувчи томонидан тасдиқланишидан олдин, фойдаланувчига ушбу амалиёт айнан мижознинг ўзи томонидан, фирибгарлар аралашувисиз бажарилаётганлигини мустақил равишда тасдиқловчи огоҳлантириш хабарини кўрсатиши керак бўлади.

Онлайн кредитларни расмийлаштиришга ҳам чеклов киритилди: энди фуқаролар бир кунда фақат битта банкдан кредит олиши мумкин. Бу фуқароларнинг рухсатисиз кредитлар расмийлаштириш ҳолатларини камайтириш мақсадида қабул қилинган.

“Кредитни мен олмадим!”

Агар банкдан онлайн кредитни сиз эмас, сизнинг номингиздан фирибгарлар олган бўлса, сиздаги бошоғриқ бироз камаядиган бўлди. Янги тартибга кўра, агар фуқаро онлайн фирибгарлик натижасида қарздор бўлиб қолгани тасдиқланса, банк қарздордан пул талаб қилишга ҳақли эмас. Бунинг учун фуқаро суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан фирибгарлик ишида жабрланувчи деб эътироф этилиши керак бўлади.

Шу билан бирга, агар банк: “Ҳеч қанақа фирибгарлик бўлмаган, қарзни фуқаронинг ўзи олган” деб ҳисобласа, тегишли тартибда баҳслашиш ҳуқуқига эга. Текширув натижасида фирибгарлик бўлмаган деб топилса, банк қарздордан пулни қайтаришни талаб қилишда давом этади.

Юқоридаги нормаларни ўзида акс эттирган тегишли ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди ва 3 ойдан кейин кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, фирибгарлар сизнинг номингизга кредит олишининг олдини олиш учун қўшимча ҳимоя чораси сифатида “Кредитга тақиқ” хизматидан фойдаланиш мумкин. Ўтган йили 440 мингга яқин ўзбекистонлик бу хизматдан фойдаланиб, ўзига кредит ажратилишини тақиқлаб қўйган. Ва албатта, СМСʼдаги кодни ҳеч кимга бермаслик, мобил иловаларни фақат расмий манбалардан ўрнатиш каби элементар қоидалар ҳам сизни турли нохушликлардан асрайди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид