Ўзбекистон | 16:35
1662
2 дақиқада ўқилади

Топ-10 йўналиш: 2025 йилда ўзбекистонликлар энг кўп қайси давлатларга борди?

2025 йилда туристик мақсадларда хорижга чиққан ўзбекистонликлар сони 7,6 миллион нафарга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 22,2 фоизга ошган. Миллий статистика қўмитаси маълумотлари фуқаролар қайси давлатларга энг кўп сафар қилганини ҳам очиқлади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил давомида 7,6 млн нафар Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда чет элга чиққан. Қайд этилишича, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб 1,4 млн нафарга кўпайган бўлиб, ўсиш суръати 22,2 фоизни ташкил этган.

Бу ўсиш бир қатор омиллар билан изоҳланади: қўшни давлатлар билан чегараларнинг очиқлиги, транспорт қатновларининг кенгайиши, авиақатновлар сонининг ортиши, шунингдек, аҳолининг саёҳатга қизиқиши ошиб бораётгани.

Статистикага кўра, 2025 йилда ўзбекистонликлар энг кўп қуйидаги давлатларга сафар қилган:

Қирғизистон — 3,3 млн нафар;
Қозоғистон — 1,3 млн нафар;
Тожикистон — 1,3 млн нафар;
Россия — 433,3 минг нафар;
Саудия Арабистони — 366,2 минг нафар;
Туркия — 268,9 минг нафар;
БАА — 139,4 минг нафар;
Миср — 65,4 минг нафар;
Хитой — 52,6 минг нафар;
Ветнам — 39,1 минг нафар.

Рўйхатдан кўриниб турибдики, сафарларнинг асосий қисми қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу, аввало, яқин масофа, соддалаштирилган чегара тартиблари ва иқтисодий ҳамда оилавий алоқаларнинг фаоллиги билан боғлиқ.

Шу билан бирга, Туркия, Саудия Арабистони, БАА ва Миср каби давлатлар ҳам ўзбекистонлик сайёҳлар орасида оммабоп йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу мамлакатларга асосан дам олиш, зиёрат туризми ҳамда хизмат сафари мақсадида борилаётгани қайд этилмоқда.

Кейинги йилларда ҳам хорижий саёҳатларга бўлган қизиқиш сақланиб қолиши ва сафарлар географияси янада кенгайиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид